Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«АрМИ-2022»: Ўзбекистон 5 та йўналишга мезбонлик қилади

«АрМИ-2022»: Ўзбекистон 5 та йўналишга мезбонлик қилади

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги.

«АрМИ-2022» халқаро армия ўйинлари жорий йилнинг 13 августидан 27 август кунига қадар дунёнинг 12 та давлат ҳудудида ўтказилади.

Бу ҳақда  АОКАда бўлиб ўтган брифингда мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби, Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи полковник Отабек Юлдашев ахборот берди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бу сафар нуфузли мазкур VIII Халқаро армия ўйинларининг 20 та йўналишида иштирок этади. 34 та йўналишни қамраб олган мусобақаларда 37 та давлатдан 275 та жамоалар ўзаро беллашадилар. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудида илк бор мусобақаларнинг 5 та йўналиши бўлиб ўтади. Жиззахдаги «Фориш» полигонида «Дала ошхонаси» ва «Қуролсоз уста» мусобақалари, Самарқанддаги «Сазаган» полигонида «Хавфсиз муҳит», Шарқий ҳарбий округда «Йўл патрули» ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида «Содиқ дўст» мусобақаси ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоалари Россия ҳудудида ўтказиладиган «Эльбрус ҳалқаси», «Автозирхли танк-техника устаси», «Қўшинлар разведкаси аълочиси», «Танк биатлони», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Ҳарбий ралли», «Муҳандис формуласи» мусобақаларида, Мўғулистонда «Отлиқ марафон», Беларусь Республикасида «Ишончли қабул» ва «Қутб юлдузи», Қозоғистонда «Армия тактик ўқчиси» ва «Меридиан», Венесуэлада «Мерганлик марраси», Жазоирда «Десант взводи» ҳамда Эронда «Профессионал мерган» йўналишларида иштирок этади.

Мамлакатимиз ҳудудида бўлиб ўтадиган барча мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўрилган. Яъни, барча ҳудудларда, полигон ва ўқув марказларида мусобақа иштирокчилари учун замонавий ва қулай шароитлар яратилган. Ўзбекистонга келадиган хориж давлатлари ҳарбий жамоалари учун диққатга сазовор ва тарихий обидаларга экскурсиялар, маданий ва дам олиш ҳамда спорт тадбирлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, барча ҳудудларда сўзлашувчи имкониятини берувчи видеоконференц алоқа тизими, жамоа иштирокчилари учун WI-FI ҳудудлар, 200 Мбит/с гача юқори тезликдаги интернет хизматлари, валюта айирбошлаш шаҳобчаси, маҳаллий мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, савдо нуқталари ҳамда матбуот марказлари ташкил этилган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси 2021 йилда ўтказилган халқаро армия ўйинларида 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган ҳамда жами 37та рекор натижадан 10 тасини мамлакатимиз ҳарбий хизматчилари янгилаган эди. Эътиборлиси, унда 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси ўзаро куч синашган, мамлакатимиз нуфузли мусобақаларнинг 24 йўналишида иштирок этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг