Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Авиачипталар нархи ҳаддан зиёд қиммат» – Сенаторлар сўров юборди

«Авиачипталар нархи ҳаддан зиёд қиммат» – Сенаторлар сўров юборди

Аҳоли билан мулоқотларда фуқаролар томонидан билдирилаётган асосли эътирозлар, жойлардаги ўрганишлар ҳамда мавжуд аҳвол айрим йўналишлар учун авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилигини кўрсатмоқда, дейилади Сенат хабарида.

Жумладан, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент–Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн. 200 минг сўм, Тошкент–Рига йўналиши бўйича 2 млн. 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), Тошкент–Нью Йорк йўналиши бўйича эса 6 млн. 500 минг сўм (парвоз вақти –  12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу «тушунарсиз ҳолат» фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатдики, масъуллар нарх белгилашда фуқароларимиз тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда. Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган ва бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда.

Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётган фуқароларимиз яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент–Олмаота йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси борасида маълумотларни тақдим этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметовга сенатор сўрови юборилди», дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг