Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Биринчи миллионерлар: катта бизнес дунёсидаги «пўлат қироли»

Биринчи миллионерлар: катта бизнес дунёсидаги «пўлат қироли»

Касод бўлган ота ва уддабурон ўғил

Эндрю Карнеги 1835 йил 25 ноябрда Шотландиянинг Данфермлин қишлоғида туғилган. Уларнинг уйи отаси – Уильям Карнеги очган тикувчилик устахонаси учун ишхона ҳам эди. Оила XIX асрнинг 40-йилларигача тўкин яшади. Бироқ, тўқувчилик саноати ривож топиб, ҳунарманд отанинг ишлари яхши кетмади ва 1848 йилда Уильям Карнеги мутлақо буюртмасиз қолди. Ташаббусни ўз қўлига олган оила бекаси пойафзалларга буюртма ола бошлади. Ўша йилнинг 17 майида Карнегилар АҚШга кўчиб ўтиб, Слэбтаун (Пенсильвания)даги кичик уйдан қўним топишди.

Эндрю 13 ёшида газмол фабрикасига ишга жойлашди. Шу ерда малака ошириб, ёрдамчи ишчидан ҳафтасига икки доллар оладиган идора хизматчисига қадар ўсди. У ўшандаёқ кичикроқ гуруҳга кирим-чиқим, ордер ҳисоби бўйича сабоқ берадиган ҳисобчига қатнай бошлади. Айнан мазкур машғулотларда Эндрюнинг математикага нисбатан қобилияти очила борди. Бир тасодифий учрашув эса «О'Рейли телеграф компанияси»га ўтишига сабаб бўлди. Уч ой ичида учта ишни алмаштирган Эндрю Карнеги ўз иқтидори туфайли даромадини 2 дан 13 долларгача оширишга эришди. Кўп ўтмай уларнинг оиласи яхшигина уй сотиб олди.

Телеграф компаниясидаги фаолият Эндрюнинг шаҳардаги савдо-сотиқ ишларига алоқадор муассасалар ҳақида ахборот олишига ёрдам берди. У телеграфни мустақил равишда ўрганиб, бошқа ҳамкасбларидан яққол ажралиб турадиган бўлди. 1851 йилда Эндрюнинг иш ҳақи ойига 25 долларни ташкил этган эди.

«Пенсильвания» темир йўл компаниясининг ғарбий филиали бошлиғи ўринбосари Томас Скотт билан учрашув эса унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборди. Скотт худди Эндрюга ўхшаган ишчан ходимни излаётганди. 1853 йилда Эндрю Карнеги «Пенсильвания»да фаолият кўрсата бошлади.

Ўз ходимларини қадрлай биладиган Томас Скотт уни катта бизнес дунёсига олиб кирди. 1856 йилда Скотт Эндрюга ҳамкорликдаги сармоя асосида ишлашни таклиф қилди. Ўша замонда 610 долларлик маблағ каттагина бўлса-да, ҳамкорликни бошлаш учун Карнеги бу пулларни топди ва тез орада дастлабки дивидендларини қўлга киритди.

1856 йилнинг кузида Скоттни юқори лавозимга кўтаришди. У ўз ёрдамчисини эски жойида қолдирмай, ўзи билан эргаштириб олди ва маошини ойига 50 доллар қилиб қуйди. Карнеги шу тариқа Pennsylvania Railroad қароргоҳи жойлашган Алтунга кўчиб ўтди. У ерда ухлаб кетиладиган вагонлар ихтирочиси Вудроф билан танишди ва Томас Скотни Pennsylvania учун ана шундай вагончалар кераклигига ишонтирди. Шу тарзда Эндрю келгусида анчайин сезиларли даромад келтирган Вудроф идорасининг 1/8 фоиз акциясини олди.

1 миллионга айланган 40 минг доллар

1859 йили Скотт «Пенсильвания» вице-президентига айланди, декабрь ойида эса Карнегига иш ҳақи 1500 доллар бўлган ғарбий бўлим бошқарувчилигини олиб берди. Карнегини мазкур пуллар ҳаяжонга солгани йўқ, чунки бу вақтга келиб у ухлаб кетиладиган вагонларга тиккан сармоясидан мумай даромад ола бошлаганди. 1863 йилда Карнегининг умумий даромади 42 минг долларни ташкил қиларди.

Даромаднинг ўсиши Карнегига дўстлари билан АҚШнинг нефть ҳудудида ферма ташкил қилишига ёрдам берди. Бунинг учун 40 минг доллар тўлаган Эндрю Карнегининг ўн йилдан кейинги даромади йилига 1 миллион долларга айланди. Ферманинг умумий қиймати эса 5 миллион доллар эди. Кўп ўтмай Карнеги энг бадавлат инсонлардан бири сифатида тилга олинадиган бўлди.

1873 йилдаги иқтисодий бўҳрон молия бозорида саросима уйғотди ва ўша пайтда Техас-Тинч океанида темир йўл қураётган Карнегининг устози Скотт ундан бу ишнинг 75 фоизлик таъминотини қамраб оладиган миқдорда қарз сўради. Карнеги аввалдан мазкур ғояга ишончсизлик билан қараётган эди. Иқтисодий манфаатпарастлик дўстлик муносабатларидан устун келди ва Карнеги Скоттга ёрдам беришдан бош тортди.

Эндрю Карнеги Америка темир йўл компаниялари акцияларини Европага тиккан биринчи тадбиркорлардан бўлди. У конвертер (эритилган чўян орқали ҳаво ўтказиб пўлат ҳосил қиладиган печь) ихтирочиси Генри Бессемер билан танишди. Карнеги энди бор диққат-эътиборини пўлат ишлаб чиқаришга қаратди. У темир ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводларни сотиб олиб, уларни пўлат қуйиш заводларига айлантирди. Орадан 6 йил ўтиб, Карнеги 1 миллион доллар эвазига Homestead Steel Works ни сотиб олиш даражасига етди ва мамлакатдаги темир ва пўлат ишлаб чиқаришнинг 25 фоизлик улушини қўлга киритди.

1875 йилда янги технологиялар асосида мамлакатдаги барча рельсларнинг 2,25 фоизини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Эдгар Томсон пўлат заводи» очилди. 1900 йилда заводнинг рельслар чиқаришдаги улуши 26,3 фоизга ошди. Талаб эса янада ошиб борарди. Ўша йили завод келтираётган даромад 18.600 доллар бўлса, 1900 йилга келиб бу рақам 40 миллионга кўтарилди.

1901 йилда Карнеги ҳаётидаги энг йирик битимга қўл урди: у пайларини 480 миллион долларга сотди (Карнегига шахсан тегишлиси 300 миллион доллар). Дастлаб Рокфеллер 100 миллион доллар ва 1,5 миллион долларлик аванс таклиф қилди. Карнеги рад этди ва шимолда ўзининг темир йўлини қуришни бошлашини эълон қилди (бу эса ғирт ёлғон эди). Мазкур қурилиш бошқа магнат Жон Морганга маъқул келмади ва у ҳам Карнегига заводларини сотишни таклиф қилди. Бу сафар нарх 300 миллион долларга кўтарилди ва икковлон келишдилар.

Камайиб кетган бойлик

«Ўйлай олмайдиган одам – телба, ўйлашни истамаган киши – кўр, интилмаган одам эса – қулдир». Катта бойлик соҳиби, «пўлат қироли», миллионер Эндрю Карнеги ана шундай хулосага келган эди. «Менинг ҳаётим тарихи» китобида Карнеги қандай қилиб 400 миллион (ҳозирги ҳисобда 130 миллиард) доллар пул ишлаб топгани ҳақида очиқчасига сўз юритган.

Шотляндиялик бу собиқ муҳожир бозор қоидаларига мослашиб, янги технологияларга пул тиккан эди. Эндрю Карнеги, ҳатто ўзига-ўзи маслаҳатлар берган. Шундай ўгитлардан бири – 35 ёшда ишдан узоқлашишдир, бунга ўзи амал қилмаган, албатта. Ҳа, жаноб Карнегининг сўзлари кўпинча ўз хатти-ҳаракатларига зид ҳам бўлган.

1901 йил Карнеги ўзига даромад келтирган бизнесда фаол иштирок этган охирги йил бўлди. Кейин умрининг сўнгги лаҳзасигача ўзини хайрияга бахшида этди. «Инсон ўз умрининг биринчи қисмини бойлик яратиш, иккинчи қисмини уни улашишга бағишлаши лозим», деб ҳисобларди Карнеги. ХХ аср бошларида у тинчлик учун курашчига айланди. 1907 йили Карнеги Тинчлик жамиятини ташкил этди. 1,5 миллион доллар маблағ эвазига Гаагада «Тинчлик саройи»ни барпо қилди (бугун у ерда халқаро суд фаолият кўрсатмоқда). Шунингдек, урушнинг олдини олиш мақсадида улкан пуллар сарфлади (шунга қарамай, афсуски, 1914 йилда барибир уруш бошланди). Карнеги тинчлик даврида вафот этганлар учун қаҳрамонлар фондини ҳам ташкил этди.

Карнегининг хайрия борасидаги бошқа йирик фаолияти кутубхоналар билан боғлиқ. У ўсмирлигида кўп вақтини Жеймс Андерсоннинг Питтсбургдаги «Ишчи ёшлар учун бепул кутубхонаси»да ўтказарди. Сабаби, маълумотидаги етишмовчиликлар ҳаётда олға силжишига монелик қиларди. Карнеги 26 миллион доллар сарфлаб, ўз номи билан аталувчи 2811 та кутубхонага асос солди. Бугун мамлакатнинг 40 фоиз аҳолиси ушбу кутубхоналардан фойдаланмоқда.

Эндрю Карнеги концерт заллари барпо этилишига ҳам пул сарфлади (1891 йили Карнеги-холлнинг очилиш маросимида П.Чайковскийнинг ўзи дирижёрлик қилган). Талаба ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш учун илмий ва ўқув марказлари ташкил этилди: Питтсбургдаги Карнеги институти ва Карнеги технология институти 26 миллион, Вашингтондаги Карнеги институти эса 22 миллион доллар олди. Карнеги хайрияси шу қадар кенг қамровли эдики, унинг соҳибининг ўлими арафасида улкан бойлик деярли ўн бараварга қисқарди.

Эндрю Карнеги 1919 йилнинг 11 августида ўз юртида – Шотландияда ҳаётдан кўз юмди.

Ҳеч бир халқнинг аҳволи хайр-эҳсон билан яхшиланиб қолмайди

Қуйида Эндрю Карнегининг ўзига хос фалсафасидан айрим намуналарни ўқийсиз...

 Буюрилган ишни бажармайдиган ва буюрилганидан ортиқ иш қилмайдиган инсон ҳеч қачон юқори натижаларга эриша олмайди.

* * *

Мен ўзимнинг бурчим деб ҳисоблаган ақидага виждонан ёндашганман: тўлашга қурбим етишига олдиндан ишонч ҳосил қилмаган вақтимда ҳеч қачон векселга имзо чекмаганман.

* * *

Иш сифати – ҳар қандай корхонанинг энг ишончли пойдеворидир. Кейинроқ, анча кейин нарх ҳақида ўйлаб кўриш мумкин.

* * *

 Ўзига ёрдам қиладиган одамларга бериладиган кўмак асосий мақсад бўлиши керак... Ҳеч бир алоҳида шахс, ҳеч бир халқнинг аҳволи хайр-эҳсон билан яхшиланиб қолмайди.

* * *

Кекса ёшда озроқ бойлик кифоя, улкан бойлик бахтни кўпайтирмайди, балки камайтиради. Кулишни биладиган миллионерлар камдан-кам учрайди...

* * *

Эҳтиёждан ортиқ бойлик – ўз эгасини умри мобайнида ушбу жамғармасини жамият манфаатига хизмат қилиши учун сарфлашни бурч деб ҳисобловчи муқаддас юкдир.

* * *

Ҳаётда бойликдан кўра руҳ тетиклиги катта аҳамиятга эга. Агар виждон амри ва ўзингизни ноҳақ ҳисоблаш орқали чақирмаган бўлсангиз, ўзингиздаги қайғули фикрларингизни қувиб юборинг. Бернс бизга васият қилиб қолдирган ҳаётий қоида ҳамиша ёдингизда бўлсин: «Ўзингни виждонинг сўроққа тутишидан қўрқ».

А.Фатҳуллаев тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг