Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бирон марта онасининг юзига тик қарамаган ҳофиз

Бирон марта онасининг юзига тик қарамаган ҳофиз

Марҳум ва машҳур санъаткор Охунжон Мадалиев хонадонида

Олтиариқ туманининг сўлим гўшаларига мафтун бўлиб борар эканмиз, машина елдек учиб кетаётган йўлларга қараб ҳамроҳимиз – тадбиркор Абдухалил ака Маматов изоҳ бера бошлади:

– Мана шу кўчани Охунжон Мадалиев асфальт қилдирган!.. Кўприкни кўряпсизми? Буни ҳам раҳматли Охунжон қурдирган!.. Анови «Оталар чойхонаси»да дам олаётган кексалар ҳамиша унинг руҳи покига тиловат қилишади. Чунки бу чойхонани ҳам Охунжон қурдирган!.. Бу томонга қаранг, синглим, қишлоққа кўрк бағишлаб, мевалари қишлоқ аҳлига ризқу насиба улашаётган бу боғни кўринг! Боққа кирган ҳар бир киши унинг турфа хил меваларидан, жаннатмонанд гўзаллигидан завқланиб, баҳри-дили очилади. Кекса бир отахон билан суҳбатлашганимда: «Охунжон 37 йил умр кўрди, аммо 100 йил яшаган инсон қила олмаган савобли ишларни қилиб кетди», деган эди. 

…«Бунёдкор МФЙ, Охунжон Мадалиев кўчаси, 55» деб ёзилган оппоқ рангли хонадоннинг очиқ дарвозасидан овоз берар эканмиз, ўзбек халқининг буюклигидан, унинг фақат инсонларга яхшилик улашиб яшагувчи фарзандлари икки дунё саодатига мушаррафлигидан қалбимиз ишончга, фахр-ифтихорга лиммо-лим эди. Ичкаридан истараси иссиққина аёл – Ҳабибахон опа Мадалиева чиқиб, қўлини кўксига қўйиб сўрашди, уйга таклиф қилди. Кенг ва катта ҳовлининг гир айлана солинган тўрт томонидаги уйлар оқ рангда. Гўёки хонадон эгаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Шуҳрат» медали соҳиби, бу қишлоқдаги, таъбир жоиз бўлса, Олтиариқдаги ҳар бир кишининг саховатли қаҳрамонига айланган Охунжон Мадалиевнинг қалби янглиғ тоза, кенг ва оппоқ.

– Ҳабибахон опа, турмуш ўртоғингиз, эл суйган хонанда Охунжон Мадалиев ҳаётни қандай ранг­ларда кўрар эди?

– У киши учун дунёнинг ўзи – ундаги барча нарса фақат оппоқ ранглардан иборат эди. Мен у кишининг қабиҳлик ёки ёмон ниятли кишилар ҳақида гапирганини эшитмаганман. Жуда оқкўнгил инсон эди.

– Эшитишимча, илк танишувларингиз касалхонада бўлган экан. Талабалигида пахта йиғим-терими мавсуми палласида соғлигида муаммо бўлиб, касалхонага ётган ва сизни ўша ерда учратган, дейишади. 

– Сал бошқачароқ... Мен Бекободдаги тиббиёт техникумини тугатиб, Олтиариқ туман касалхонаси кардиология бўлимида ҳамшира бўлиб ишлар эдим. Ҳамкасбимнинг тўйида Жумагул исмли қиз билан танишиб, дугона бўлиб қолгандик. У ҳам тиббиёт ҳамшираси эди. Кейин эшитишимча, Жумагул буларнинг қариндоши экан. Онам Жумагулга «Биронта дўхтир қиз топ, Охунжонга обераман», деган эканлар. Жумагул мен ҳақимда айтиб, расмимни кўрсатибди. Охун аканинг доирачиси Шуҳрат Аҳмедовнинг аёли ҳам бизнинг «Полосан» қишлоғимиздан. Шулар орқали мен ҳақимда маълумот тўплаганлар. Бир куни ишдан чиқишимда транспортда ортимдан келиб, қайси хонадонга кириб кетганимни билиб, сўраб-суриштирганлар.

Одатдагидай эрталаб навбатчиликни топшираётсам, кимдир мени чақираётганини айтишди. Чиқсам, таниш чеҳрали одам йўқ. «Мени ким сўради?» десам, «Мен», деди кулиб турган йигит. «Мен сизни танимайман», десам, «Мен сизни танийман, танишайлик, гаплашайлик», дедилар. «Йўқ, танимаган одам билан нимани гаплашаман?» деб дарров кириб кетганман.

Шундан бир оз вақт ўтгач, бўлимимизга даволаниш учун ётган экан. Навбатчиликда ўтирсам, салом бериб ўтяпти. Қарасам, ўша, бир ой илгари мени чақиртирган йигит. Бошқа беморлар қатори уларга ҳам яхши муомала қилиб, ҳамширалик вазифамни бажариб юравердим.

 

– У кишини биринчи кўрганингизда нималарни ҳис қилгансиз? 

– Тарбияли, одобли, гап-сўзлари ҳам ўрнида, ўзиям... муомалалариям чиройли йигит... Танимаганим учун гаплашмасдан ичкарига кириб кетганман ўшанда.

– Дарҳол кириб кетдингизми?

– Ия, ҳа! У пайтда шарм-ҳаё жуда кучли эди. Қизлар биров билан гаплашмас эди. Нозиккина, сочлари узун, жуда тортинчоқ қиз эдим. У киши ўша пайтда Фарғона давлат педагогика институтида ўз йўналиш­и бўйича 4-курсда таҳсил олар, аудиокасеталари чиққан, Фарғонада ёшлар орасида анча танилиб қолган экану, мен билмас эканман. Уни кўрган қизлар: «Вой, Охун, Охун, кимнинг олдига кепти Охун?» – деб қий-чув қилишган. Мен индамаганман. Кейин кузда Раънохон ўртоғимнинг тўйи бўлган. Келинни тушириб борганмиз. Тўйда ўтирсак, шу йигит артист бўлиб келибди, қўшиқ айтяпти.

– Сизни кўрдими?

– Кўрди. Тўйнинг бошдан охиригача менга қараб кулиб, қўшиқ айтса денг... Уялганимдан биттаям қўшиғи эсимда қолмаган... Шу куздан то қишгача уйга роса кўп совчи жўнатган.

– Уйдагиларингиз артистга қиз бермаймиз, дейишмаганми?

– Опоқим (дадамнинг оталари) диний билимларни чуқур эгаллаган, катта домла, маҳсидўз уста эди. Қишлоқларимиз орасида 16-17 километрлик масофа бор эди. Опоқим ўғлингизнинг касби-кори нима, деса, онам (қайнонам) фахр билан: «Артис, болам, артис!» деган экан. Педагогика инс­титутини тугатяпти деса-ку, олам гулис­тон. Буни эшитган опоқим артистнинг аёли кўп бўлади, йўқ, бермаймиз, бунинг устига чекка қишлоқдан экансизлар, деб рад жавобини берган. Аммо уйдагилари тинимсиз совчиликка қатнайверишган. Ота-онаси «беришмайди барибир, бормаймиз энди», де­йишса, Охун ака «Бошқасини олмайман», деган экан. Охири мендан сўрашган. Мен ишхонамга излаб борганию, уйимгача ортимдан келиб, маҳалладан суриштирганлиги, ўқимишли йигит эканлигини айтганман. Шундан кейин опоқим розилик бериб, тўйимиз бўлган. Улар оилада 5 нафар фарзанд бўлиб, энг кичиги Охун акам бўлган. Бизнинг оиламизда эса 7 нафар фарзанд эдик, шуларнинг каттаси мен эдим.

– Турмуш ўртоғингизнинг оиласида кимдир санъаткор бўлганми?

– Йўқ, оилада ҳеч кимнинг санъатга дахлдорлиги бўлмаган. Аммо онам Охун акамга ҳомиладорлигида Комилжон Отаниёзов, Олмахон Ҳайитова, Бобомурод Ҳамдамовларнинг қўшиқ айтганини телевизорда кўриб ёки радиода эшитиб қолсалар, «Шу хонандаларнинг қўшиғини эшитиш учун уларнинг эшигини супуриб, қозонини ювиб юришга рози эдим», дерканлар. Шу даражада қўшиқларини севиб тинглаган эканлар. Охун акам оналари 42 ёшда пайтида туғилган. Энди ўйлайман, аёлнинг ақли етук, ёши катталигида фарзанд кўрса, боласи ҳам ақлли бўлиши, бунинг устига ҳомиладорлигида нималарга қизиқса, ўшалар, албатта, фарзандига ўтиши бор гап экан-да.

– Ҳофиз кўпгина қўшиқларида онасига мурожаат қилади. У кишининг онасига муносабати қандай эди?

– Мен умрим давомида онасини у инсондек ҳурмат қиладиган ўғилни кўрмадим. Онасини шунчалар яхши кўрардики, агар самолётдан ёки поезддан қолиб кетаётган бўлса ҳам онамнинг дуосини олмасдан кетмас эди. Кетаётганида бир гапни айтарди: «Онамга яхши қаранг! Овқатнинг олдини у кишига беринг!» Хизмат сафаридан қайтаётганларида биринчи бўлиб онамни кўриб, кейин бизнинг, болаларнинг олдига келардилар. Нимадир опкелсалар, иккита бўларди: мана бу онамга, буниси сизларга. Бирон марта онамнинг юзига тик қараганларини кўрмаганман. Онам нима десалар, ҳамиша қўлини кўксига қўйиб, хўп бўлади, дерди. Нима егиси келса, шуни топиб бериб, кейин ишига кетарди. Чўнтагида пул билан келса, онамнинг қўлларига бермасди, ё ёстиғининг ёки кўрпачасининг тагига қўярди.

– Турмуш ўртоғингизнинг қандай хис­латларини яхши кўрар эдингиз?

– Ҳамма хислатлари ёқарди. Ростгўй эди, ҳечам ёлғон гапирмаган. Ҳаммамизга меҳрибон, болажон, онамизни бошида кўтарарди, десам муболаға бўлмайди. Дам олиш масканларига боришмасди у пайтларда. Аммо бу киши онамизни «Қаерга борасиз, дугоналарингиз билан борасизми, қўшниларингиз, маҳалладагилар биланми ёки қизларингиз биланми?» деб, ҳаммаларини автобусда салқин жойларга олиб бориб, шароитини қилиб бериб келардилар. Опа-сингиллари, маҳалладагилар, қариндошларга ҳам меҳрли, ким касал бўлса Андижон, Фарғона ёки Тошкентга олиб бориш керакми, ўша касалхонага олиб бориб даволатарди.

Эҳсон қилишни жуда яхши кўрарди. Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дерди. Туманимиздаги катта масжиднинг имомига бир вагон ёғоч олиб бориб, масжид қурилишига ишлатинг, бир сизу бир мен билдим, ҳеч кимга айтманг деганларини вафотидан кейин айтишди. Дадам (қайнотам демоқчи) оламдан ўтгач, уларнинг дўст-ёрларига эҳсон қилишни, дуоларини олишни яхши кўрардилар. Отасининг дўстларини қадрлаш савоб эканлигини тез-тез айтиб турардилар.

– Ҳофизга бундай саховатпешалик, сахийлик кимдан ўтган? Отасига тортганми ёки онасигами?

– Отам уй устаси бўлиб, тўйларда ош ҳам пиширганлар. Хизмат ҳақига ош, гўшт беришар экан. Уни опкелгач, онам маҳалладаги қўни-қўшниларни чақириб, едирар эканлар. Онам жуда меҳмондўст, хушчақчақ, дилбар, болажон аёл эдилар. Ҳар иккаласи ҳам қўллари очиқ инсонлар эди.

– Сизга ҳар кунги меҳмондорчилик­лар малол келмасмиди?

– Асло. Катта ўчоқларда, катта қозонларда овқат қилардик, бир уй болажонларга сузиб бериб, кейин ўзимиз ердик. Қўни-қўшни, Охун акамни тўйга айтгани келганлар, келди-кетди, ишқилиб ҳамиша уй тўла одам эди.

Мен тинч, сокин оиладан ҳеч қачон дарвозаси бекилмайдиган оилага келин бўлиб тушганман. Овқатим бемаза бўлиб қолса, ширин бўпти, деб ейишарди. Нон ёпсам, ҳаммаси бўлак-бўлак бўлиб чиқарди, лекин ота-онам барибир нонни бўлиб ердик, тайёр бўлинган экан ўзи, деб мақтаб-мақтаб ейишарди. Кейинчалик секин-секин уй ишларига ўрганганман.

– Турмуш қураётганингизда бир кун келиб Охунжон Мадалиевнинг машҳур хонанда бўлиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўйлаганмисиз?

– Йўқ, хаёлимга ҳам келтирмаганман. Оддийгина қўшиқ айтади, деб ўйлаганман. Институтни тугатгач, анча узоқда жойлашган 26-мактабга йўлланма беришган. Иккита автобусга чиқиб, ишга қатнарди. Кейинчалик ҳунар-техника билим юртида, бир оз муддат Фарғона давлат филармониясида ишлади. Мен 4 нафар бола билан овора бўлиб боролмас, у кишининг бориш-келишда менинг уйимга кириб, қайнона-қайноталаридан хабар олганларига хурсанд бўлардим. Ишқилиб, кейинчалик опоқим невара куёвларидан хурсанд бўлганлар.

– Ҳофизнинг ижодхонаси шу ердамиди?

– Камдан-кам ҳолларда уйда, кўпинча Фарғонада, доирачиси Анваржоннинг уйида ижод қилишарди. Фақат ҳар йили рўза пайтида кун бўйи рўза оғзи билан репитиция қилиб, ифторликка етиб келарди. Баъзи-баъзида уйда ижод қиларди.

– Шундай пайтларда болалар халақит қилса, жаҳли чиқмасмиди?

– Йўқ. Қиличбек ёнига кириб, тинг­лаб, томоша қилиб, бир чеккада ўтирарди. Болаларимиз ҳам шўх бўлишмаган. У кишининг ҳам болалардан жаҳли чиққанини кўрмаганман. Тонгга яқин келсалар ҳам ҳаммасининг ёнига кириб, олиб келган ширинлик­ларини ёнларига қўйиб чиқардилар. Бирам ширин ухлаб ётишибди, ўпиб-ўпиб чиқдим, улар уйғонганида мен ё ухлаб ётган, ё кетган бўламан, дерди. 

– Охунжон Мадалиев ҳақида устозларининг хотираларини ўқидим. Истеъдодли, беозор, беғубор, одобли, андишали ва гўзал ҳаёли инсон бўлгани, ҳеч қачон устозининг кўзига тик боқмагани, ҳамиша қўли кўксида бўлиб, ерга қараб турганини айтишди. Хонанда уйда ўзини қандай тутарди?

– Уйда нотўғри иш қилсак ҳам овозини кўтармаган. Бирон хатомизни кўрса, секингина, чиройли қилиб тушунтириб қўярди. Машинада кетаётсак, йўлда маҳалладошларини кўриб қолса, қўлини кўксига қўйиб салом бериб ўтарди. Кекса отахонларни кўрса, албатта, машинадан тушиб, сўрашиб кетарди. Хайр-саховат қилишни яхши кўрарди. Бир гал онам, яъни уларнинг қайноналари узум мўл бўлди-ю, исроф бўляпти, сотолмаяпмиз, деганларида эртасигаёқ кимлардир келиб териб, онамга пулини бериб опкетишган экан. Кейин билсам, Охун акам пулини ўзлари бериб, узумларни «Меҳрибонлик уйи»га жўнатган экан.

Тошкентга бориб, масжидларнинг ҳужжатларини расмийлаштириб келганлар, маҳалламизга сув, газ келтиришганини ҳалигача эслашади. Кимдир ёрдам сўраб келса, қуруқ қайтармасдилар ва бизга ҳам шуни тайинлардилар. Ногирон болаларга кўп ёрдам берар эканларки, мана, оламдан ўтганларига 22 йил бўлган бўлса ҳам Фарғона, Наманган, Андижондан таваллуд ва ўтган кунларида қийналиб, ногиронлик араваларида бўлса ҳам келишади, зиёрат қилиб кетишади, хотира концертларига боришади.

– Ҳофизнинг оиласи, фарзандлари билан бемалол ўтирган вақтлари бўлганми?

– Йўқ, деярли бўлмасди. Ҳазиллашиб, биз ҳам навбатга ёзилсак бўларкан, дердик. Мабодо вақтлари бўлса онамни, акамни опкелардилар ва катта давра бўлиб ўтирардик. 

– Соғлиғида муаммо бўлиб, иссиғи чиқиб турганида ҳам ваъда қилинган хизматига кетган экан. Шу ростми?

– Ҳа, халқ кутиб турибди, бормасам нотўғри тушунишади, дерди. Уколларини қилиб, томоғини артиб, дориларини бериб юборардим. Ёнида бир шифокорни олиб кетарди.

– Шеър танлаганда қайси ижодкорларнинг ижодига кўпроқ мурожаат қилар эди?

– У киши шоир танламасди, шеър танларди. Чуқур маъноли, мазмунли, одамнинг юрагига етиб борадиган шеърларни, китоб­ларни, газеталарни йиғиб юрарди ва шуларга куй басталарди.

– Ҳофиз «Унутмоқ осонмас бизларни», «Кетаман» каби маҳзун қўшиқларни кўп айтган. Сабабини сўрамаганмисиз?

– Йўқ, одамларнинг дилига етиб борувчи қўшиқларни айтарди, менимча. Ҳар бир одамнинг дардини ҳис қиларди. Аллоҳ севган бандасининг кўнглига солар экан-да.

Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг,

Шайтон товоғига қўлин солади.

Дастурхон бошида дадасин қўмсаб

Ё ўғли, ё қизи йиғлаб қолади – 

дея бошланувчи «Ёлғиз аёл» қўшиғини айт­ганида юрагим ғалати бўлиб кетди, норозилик билдиргандай бўлдим. Шунда у киши: «Ёлғиз аёллар ҳам кўп экан, қўшиқни эшитиб йиғлаганлар кўп бўлди, айтишимни талаб қилишяпти», деб ўзларини оқлагандай бўлган эди. Аммо бундай айрилиқ бизнинг ҳам бошимизга тушишини ким билибди дейсиз?

Фарзандлари, қўшиқлари ва қалбидаги меҳр-оқибат у кишининг ҳақиқий бойлиги эди. Фарзандларига шу қадар эътиборли эдики, сафардан келгач, ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашар, сафарининг ҳар бир куни ҳақида гапириб берар, болаларининг куни қандай ўтганини бир-бир сўраб оларди.

– Орангизда тушунмовчилик бўлиб, аразлашган вақтларингиз бўлганми?

– Йўқ, аразлашишга вақтимиз бўлмаган. Гоҳо ойлаб хизмат сафарларида бўларди. Онам «ўн кундан кўп юрмагин, болам, болаларинг, оиланг соғинади, мен соғинаман сени», дердилар. У кишининг уйга келиши биз учун байрам бўлиб кетарди.

– Ойлаб сафарларда юрганида, албатта, раққосалар билан бирга фаолият олиб боришади. Шундай вақтларда рашкингиз келмасмиди?

– Рашк қилардим, албатта. Аммо у киши, сени ўнта раққосага алмашмайман, деб яхши гапирсалар, ишонардим. Кейинчалик болалар билан овора бўлиб қолдим.

– Республиканинг турли вилоятларидан кексаю ёшлар хонадонидаги яхши кунларига таклиф қилиб келишарди, дедингиз. Шундай вақтларда турмуш ўртоғингиз сизни қизғаниб, муаммо чиқармасмиди? 

– Йўқ, уйда катталар, яқинларимиз кўпчилик эди-да. Шунинг учун кўнгиллари хотиржам бўларди. Аммо чиройли кийинсам, ўзимга оро берсам қизғанарди. Бусиз илож йўқ-ку. Аммо доимо бир-биримизни соғиниб яшагандан кейин бу нарсаларга ўрин қолмасди. Улар эл хизматида, мен болаларим, ота-онам хизматида бўлардим.

– Мени қайнона-қайнотангизни ота-онам деб аташингиз ажаблантиряпти. 

– Мен уларни бошқача атай олмайман, қайнона-қайнотам, қайинопам деган атамалар мен учун бегона. Бу инсонлар мен учун жуда азиз. Тўйимдан кейиноқ бу хонадондаги ҳаммани яхши кўриб қолганман. Янги келинлигимда ўз уйимга борсам ҳам дарров бу ёққа қайтгим келарди.

– Санъаткорнинг аёли бўлиш осонми?

– Кўчага чиқсанг, бозорларга борсанг, баъзи хонадонларда, саҳналарда қўшиқларини эшитиб фахрланасан, киши, тақдирланганида қувончинг ичингга сиғмайди. Хурсандчилигига шерик бўласан. Бу томонлари жудаям яхши. Аммо кўпинча жуфти ҳалолинг оила даврасида, фарзандларинг ёнида бирга бўлмайди. Бехавотир, бемалол яшай олмайсан. Ҳамиша соғиниб яшайсан. Бундай ҳаётга кўниб яшаш осон эмас.

Бир куни бир санъаткорнинг онаси: «Ҳабибахон, сиз жуда сабрлисиз. Келиним ўғлим хизматдан келиши билан кўйлагини ҳидлайди, бу кимнинг атирининг ҳиди, деб ҳар куни жанжал қилади, онасиникига кетиб қолаверади. Сизнинг бирон марта жанжаллашиб кетганингизни эшитмадик», деди. Тўғри, бир марта ҳам кетиб қолмаганман. Аммо... санъаткорнинг хотини бўлиш осон эмас. Айниқса, машҳурларнинг аёли бўлиш. Ҳамиша, ҳамма ерда кўпчилик эътиборида бўласан, фарзандларингга ҳам тўғри тарбия беришинг керак. Онам болаларимни қучоғига олиб ўтирардилар, «Биринчи навбатда Охунжон боламнинг ҳамма юмушларини бажариб, чиройли кийинтириб, кузатиб қўйинг. Кейин болаларга, бошқа ишларга қарайсиз», дердилар. Санъаткорнинг аёли сабрли, жудаям сабрли бўлиши керак!

– Оддий Охунжоннинг аёли бўлиш яхшими ёки машҳур Охунжоннинг рафиқаси бўлишми?

– Машҳурлик ҳаммага насиб қилмайди. Лекин бу киши машҳур бўлса ҳам аслида оддий инсон эдилар. Шунинг учун ҳанузгача ҳовлимиздан одам аримайди. Унутишмаган, унутишмайди ҳам.

– Янги яратган қўшиқларини биринчи кимга айтиб берарди?

– Онамга айтиб берардилар, биз ҳам бирга эшитардик. Онам дуо қилардилар. Ҳатто, тўйларга кетаётганларида ҳам онам, бизгаям қўшиқ айтиб бериб кетгин, десалар, ҳовлини айланиб юриб қўшиқ айтардилар ва «Онамнинг дуоси мени асрайди» номли қўшиқларида:

Бир куни гўзаллар қарғайди мени,

Қаровсиз муҳаббат учун қарғайди.

Мен пинак бузмайман, ҳадик тортмайман,

Онамнинг дуоси мени асрайди, – 

деганларидек, онамнинг дуосини олиб кетарди. 

– Маҳалладошларига муносабати қандай эди?

– Нафақат маҳалла, Олтиариқдан тўйга айтишса бас, бир сўмини олмасдан тўйларини ўтказиб берарди. Қўлларидан келганча ёрдамини аямасди.

– Фарзандларига ҳофизнинг қандай хислатлари ўтган?

– Болаларимизда жуфти ҳалолимнинг оғир-босиқлиги, сахийлигини кўраман. Қиличбек ва Санжарбек ўғилларим отасининг йўлидан боряпти. Катта неварам Бунёдбек санъат коллежининг анъанавий хонандалик йўналишида ўқийди. Катта опамнинг ўғли, жиянимиз Нодирбек Холбоев ҳам қўшиқчи бўлиб, элга таниляпти. 

– Ҳаётдан олган сабоқларингиз?

– Инсон шукр ва сабр билан яшаши керак. Оғир кунларга ҳам, қувончли кунларга ҳам шукрона билан яшаши керак. Биз озгина яшасак ҳам яхши, бахтли ва ҳатто гўзал яшадик. Хато қилдим, деган афсусларим йўқ. 

Минг асрда мени яратди ҳаёт,

Мени сўраб тоғлар қатор чўкди тиз.

Наҳот англамайсан, билмайсан наҳот,

Ахир мен биттаман ягона ёлғиз,

– деб куйлаган жуфти ҳалолим бугун ўзидан 4 нафар солиҳ ва солиҳа фарзандлар, неваралар, кўплаб шогирдлар, миллион­лаб мухлислар қолдирди.

Қизларимизнинг бири ҳамшира, бири ҳисобчи. Уларнинг 2-3 нафардан фарзанд­лари бор. Қиличбек бир ўғил ва бир қизнинг отаси бўлиши билан бирга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титутини битирди. Овози отасиникига жуда ўхшайди. Санжарбек ҳам шу институтда таҳсил оляпти. Ҳар иккаласининг ҳам мақсади – отасига ўхшаб эл дуосини олиш! Етти неварамиз униб-ўсишяпти. Улар ким бўлишса ҳам бобоси каби элнинг раҳматини эшитиб, дуосини олувчи одамлар бўлиб етишсин. Энг бахтли инсон тани сабрга тўлган, борига шукр қилган инсондир, дейишади. Демак, мен бахт­лиман...

Ҳабибахон опанинг кўзларида ёш айланади – балки бу фахр, ифтихор жоласи, балки армон ноласи...

Эл суйган, халқнинг кўнгил ардоғидаги санъаткор Охунжон Мадалиев хонадонидан чиқар эканман, унинг қўшиқлари қулоғим остида жаранглайди:

Сояман, ортингдан эргашган,

Ёстиқман, тунлари дардлашган.

Тушингман, ўнгингга алмашган,

Унутмоқ осонмас бизларни...

Ҳар бир мухлисининг қалбида гўзал қўшиқлардан ўзига барҳаёт ҳайкал ўрнатган ҳофизнинг умри боқийдир. 

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг