Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бу касаллик Ўзбекистонда авж олиб бормоқда» (видео)

«Бу касаллик Ўзбекистонда авж олиб бормоқда» (видео)

Бутун дунёда операциялар сони жиҳатидан ҳам, даволанаётган беморлар сони жиҳатидан ҳам ўт-тош касалликларининг сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда «Z-hospital» клиникасининг шифокор-жарроҳи, профессор Зарифбой Янгибоев «Шифобахш» каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Ўт-тош касалликлари ортган

Аваллари жарроҳлик амалиётида «кўричак» касаллиги энг кўп учраган бўлса, ҳозирги кунга келиб ўт-тош касалликлари сони ортган. Бу тенденция нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда авж олиб бормоқда. Операциялар сони жиҳатдан ҳам, даволанаётган беморлар сони жиҳатдан ҳам ўт-тош касалликларининг сони юқори.

Келиб чиқиш сабаблари

Ўт-тош касалликларига ўт қопининг кимёвий бузилиши, меёридан ортиқ ёғли овқатланиш сабаб қилиб кўрсатилади. Баъзан ўта оч юриш ёки ўта тўйиб овқат ейиш ҳам ўт-тош касаллигига олиб келиши мумкин. Шунингдек, камҳаракатлик, жисмоний тарбия билан шуғулланмаслик ўт-тош касаллигини чақирувчи сифатида қаралади.

Белгилари:

  • овқат ҳазм бўлмаслик;
  • ўнг қовурға остида санчиқ пайдо бўлиши:
  • қовурилган, оғир овқат егандан сўнг ўт қопида оғриқ пайдо бўлиши;
  • кўнгил айниш;
  • жиғилдон қайнаш, кекириш;
  • ич дам бўлиши.

Даволаш

Афсуски, бу касалликни даволашда нотўғри ёндошувлар бор. Масалан, ўтда тош пайдо бўлган пайти «тошни эритаман, тушираман» деган мутахассислар ҳам учраб туради. Бундай даво тадбирлари фақат вақтинча ёрдам бериши мумкин.

Афсуски, беморларнинг 70 фоизи оғриқлар такрор-такрор кузатилганда, тош ўт йўлидан ўтиб кетганидан кейин ва бунинг оқибатида оғир даражасига ўтгандан кейин шифокорга мурожаат қилади. Агар бемор ўз вақтида шифокорга учраса, операция 10-15 минутдан ошмайди. Аксинча, касаллик ўтиб кетганидан кейин, оғирлашган ҳолатда операция қилинса, амалиёт соатлаб чўзилиб кетиши мумкин. Ва унинг натижаси ҳамиша ижобий бўлавермайди.

Ўт-тош касалликларини тўғри даволаш учун ўтни ичакка қуйилиш механизмини йўлга қўйиш керак. Акс ҳолда ўтқопи ёки тош олингани билан 30-40 фоиз, баъзан 50 фоизгача бемор тузалмаслиги мумкин. Ўт қопида тош пайдо бўлди, дегани уни бориб олдириб ташласин, дегани эмас. Ўт қопида тош билан бир неча ўн йиллаб яшаб юрганлар бор. Айтиш керакки, ўтда тош билан яшагандан кўра, уни ўз вақтида олдириб, дарддан эртароқ фориғ бўлган афзалроқ.

Олдини олиш

Биринчи навбатда, тўғри ва тартибли овқатланиш ўт-тош касалликларини олдини олади. Жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилганларда ўт-тош касалликлари деярли учрамайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг