Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу йил баҳорда қандай об-ҳаво кутилмоқда? «Ўзгидромет» маълумот берди

Бу йил баҳорда қандай об-ҳаво кутилмоқда? «Ўзгидромет» маълумот берди

Фото:«Xabar.uz»

Февралнинг сўнгги кунлари ўтиб бормоқда. «Ўзгидромет» календарь бўйича кириб келадиган баҳор фаслида кутиладиган об-ҳаво хусусида маълумот берди. 

Бу йилги қиш мавсуми охирги йиллардаги қишлар каби илиқ бўлди. Ёғинлар асосан ёмғир кўринишида ёғди, фақат вақти-вақти билан қорга айланди. Барқарор қор қоплами фақат республикамизнинг тоғли ҳудудларида кузатилди.

Бу йилги қиш мавсумининг энг совуқ даврларида ҳарорат 2-7 даража совуққача тушди, лекин бундай совуқлар қисқа муддатли бўлди. Энг илиқ кунларда эса ҳарорат 15-20 даражагача кўтарилди, айрим жойларда (мамлакатнинг жануби ва чўл зоналарида) эса ҳароратнинг бундан ҳам юқори бўлгани қайд этилди. Бу кўпроқ қишга қараганда баҳорга хос ҳаводир.

Бу йилги баҳор қуёшли ва жуда илиқ ҳаво билан бошланади. 1-2 мартда кундузги ҳарорат 20-23 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 8-10 даражага юқори.

3 мартда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида илиқ ва қуруқ ҳаво сақланиб туради. 4-5 мартда салқин ва нам ҳаво оқимининг кириши билан ҳарорат фони пасаяди. Республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғади. Бироқ баҳор ойининг биринчи ўн кунлигида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмаяпти.

Шуни ҳам назарда тутиш керакки, март ойи жуда инжиқ ой. Бу ойга ҳаво оқими йўналишларининг тез-тез ўзгариб туриши хосдир. Хорижий жанубдан жадал кирадиган жуда илиқ ҳаво оқими Волгабўйи, баъзида Урал ва камдан кам ҳолда Ғарбий Сибирдан кирадиган совуқ ҳаво билан алмашиб туради. Шунинг учун иссиқ ҳаволи давр совуқ ҳароратли давр билан алмашиб туради. Ҳаво оқимлари алмашинуви нам билан биргаликда келса, об-ҳаво нобарқарор бўлиб, ёғингарчилик кузатилади. Ўзбекистонда март ойи йилнинг ҳам ёғинлар миқдори, ҳам ёғингарчиликли кунлар сони бўйича энг кўп ёғингарчилик кузатиладиган давридир. Ўртача ҳисоблаганда, агар шимолий ҳудудлар ва чўл зонасини ҳисобга олинмаса, мартда 10 кундан 15 кунгача ёғингарчиликли кунлар бўлади.

Фото:«Xabar.uz»

Мартда ёғаётган ёмғирнинг қорга айланиши ва ҳароратнинг манфий кўрсаткичларгача тушиб кетиш ҳолатлари ҳам такрорланиб туради. Ана шундай нохуш об-ҳаво сюрпризларидан бири 2015 йил март ойида қайд этилган. Узоқ муддатли илиқ об-ҳаводан кейин, мевали дарахтлар гуллагандан сўнг, март ойининг охирида республиканинг айрим минтақаларида қор ёғиб, совуқ урган. Бу ҳодисани фермерлар яхши эсласалар керак.

Умуман баҳор фаслининг қандай бўлиши тўғрисида айтиш мушкул. Апрелда одатда атмосферанинг нобарқарор ҳолати сақланиб туради. Ёмғирлар кўп ёғади, бироқ улар қисқа муддатли бўлиб, момақалдироқ бўлади, баъзан дўл ёғиб, шамол кучаяди ва шиддат билан эсади.

Майда март ва апрелга қараганда ёғингарчилик кам бўлади, улар одатда ҳудуд бўйича, ҳатто бир шаҳар чегарасида ҳам нотекис тақсимланади, лекин жуда кучли ҳам бўлиши мумкин.

Тоғолди ҳудудларда кучли жала вайрон қилувчи сел оқимларини юзага келтириши мумкин.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг