Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугун Халқаро эшаклар куни. Эшак ҳақида билмаганларимиз – улар ҳатто урушда қатнашган

Бугун Халқаро эшаклар куни. Эшак ҳақида билмаганларимиз – улар ҳатто урушда қатнашган

Бугун Бутун жаҳон эшаклар куни – энг меҳнаткаш ҳайвонлар куни. Гарчи ҳар доим ҳам муносиб мукофотга лозим кўрилмаса-да.

Оддийгина эшак отлар ва зебралар билан бир оилага мансуб хонаки туёқли ҳайвон. Эшак Aфриканинг Нил дарёси бўйидаги ҳудудда тахминан 5000-7000 йил олдин хонакилаштирилган. Aфрикадан эшак Осиёга, кейин эса Европага тарқалди. Янги дунёга уни Христофор Колумб иккинчи саёҳати пайтида олиб келган.

Хонакилаштирилган пайтдан бошлаб эшаклар ишчи ҳайвонлар сифатида: қишлоқ хўжалигида транспорт вазифасини бажарган. Уни хирмонда, сув ташишда ва бошқа ишларда ишлатишган. Бугунги кунда дунёда 40 миллиондан ортиқ эшак мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ривожланмаган мамлакатларда, иш ҳайвонлари сифатида қишлоқ хўжалигида инсон меҳнатидан кейин энг арзон ишчи кучи ҳисобланади.

Эшакнинг ахмоқлиги, ўжарлиги ва дангасалиги ҳақида фикрлар нафақат ҳақоратли, балки ўта адолатсизликдир. Эшак ҳар қандай ишни қилишдан аввал «ўйлаши» мутахассислар томонидан ўрганилган. Бундан ташқари, эшаклар норози хизматкор ва қул бўлишни хоҳламайдилар, улар фақат ёрдамчи ва дўстликка рози бўлишади. Шунинг учун эшак ҳаммага итоат этмайди. Aгар бирор киши унинг «тили»ни топа олмаса, уни фақат таёқ билан силжитишга мажбур қилиш мумкин. Яъни сиз ҳайвоннинг ишончини қозонганингиздан сўнг, у содиқ ҳамроҳ ва меҳнаткаш, ишончли ишчига айланади – уни уриб эмас, яхши гап билан ишлатиш даркор. Эшаклар одатда дўстона, ўйноқи ва ўрганишга интиладиган ақлли ҳайвонлар эканлигини афсуски аллақачон кўпчилик унутиб қўйган, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайди.

Этноэколог, чорвачилик бўйича мутахассис доктор Aбдул Раззоқ биринчи марта 2010 йилда Покистондаги докторлик тадқиқоти доирасида эшаклар туяларга қараганда анча меҳнаткаш ва қуруқ иқлим, оғир меҳнат шароитларига чидамли бўлгани учун бу ажойиб ҳайвон эътирофга лойиқ, деган қарорга келган.

Иродалиликда эшак ҳатто отлардан устун – сувсиз, озиқ-овқатсиз узоқ вақт жуда қаттиқ ишлай олади. От билан солиштирганда, эшак шўр сув ҳам ичади, камроқ касал бўлишга ва узоқ умр кўришга қодир. Юкнинг оғирлиги ҳайвоннинг тирик вазнининг учдан икки қисмини ташкил қилади ва истисно ҳолларда ундан ошиши мумкин. Тўғри кундалик тартиб билан эшак овқатланиш учун бир марта танаффус қилиб 8-10 соат ишлаши мумкин. Шу билан бирга, у тоғларда, тошлоқ ва нотекис йўлларда ҳам тақага муҳтож эмас.

Европада уй эшаклари, аввало Италияга, кейин Грецияга олиб келинган. Гиппократ ва унинг мактаби шифокорлари кўплаб касалликларни эшак сути билан даволашган. Бу юз ва тананинг оқлигини сақлайдиган ажойиб косметик маҳсулот деб ҳисобланган.

Янги давр бошида эшак боқишга Испанияда жиддий қаралган. Бир пайтлар бу мамлакатдан жониворни олиб чиқиш мутлақо тақиқланган эди: улар миллий бойлик билан тенглаштирилган!

Бу ҳайвон фақатгина совуқ ва узоқ муддатли ёмғирларга чидамсиз. Шунинг учун улардан анъанавий равишда қуруқ, иссиқ ёз ва қисқа қиш бўлган мамлакатларда фойдаланилади. Кичик юк ташиш ва ёрдамчи ишлар учун ҳайвон сифатида эшак ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Эшаклар тарихда урушда, юк ташишда жуда асқотган. Биринчи жаҳон уруши пайтида британиялик Жон Симпсон Даффи исмли эшакда жароҳатланган аскарларни жанг пайтида хавфсиз жойга олиб чиқиб, қутқариш учун фойдаланган. Ҳатто Жон Симпсон ва унинг эшагига ёдгорлик ўрнатилган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Британия армияси эшаклардан юк кўтарувчи ҳайвонлар сифатида кенг фойдаланган. Қрим ва Шимолий Кавказдаги жангларда эшаклар энг оғир юкларни кўтарган. Бундан ташқари, бужонивор жуда ақлли ва урушга мослашувчан бўлиб чиқди. Чаққон ва отга нисбатан ихчам бўлгани учун хандақлар орқали югуриб душман ўқларига деярли учрамаганлар – узун қулоқлари бундан мустасно. Бироқ, ажабланарлиси шундаки, улар жуда тез қўрқувни енгиб сокин бўлиб қолиши.

Бу жониворлар яқин вақтгача Италия армиясида тоғ қотишмаларини ташиш учун ишлатилган. Аскарларнинг ҳар бирининг ўз юкини кўтариши учун ёрдамчи ва фавқулодда вазиятда ейиш мумкин бўлган озуқа бор эди.

Эшаклар 1800 йилларнинг ўрталаридан бошлаб кончилар учун, айниқса, олтин қазиб олишда юк ҳайвонлари сифатида фойдали бўлди. Кончилар бу ҳайвонни асбоблар, юк ва рудаларни ташиш қобилияти туфайли ардоқлар эди. Уларнинг табиати ва эгасига мослашиши кўплаб кончиларга эшакларини арқонсиз бошқаришга имкон берди. Чунки улар шунчаки эгасининг орқасидан эргашишади. Ҳозирда ёввойи бўлган бу эшакларнинг авлодларини бугунги кунда ҳам AҚШнинг жануби-ғарбий қисмида топиш мумкин.

Яна бир қизиқ маълумот: 1 май куни Мексиканинг Отумба шаҳрида Меҳнат куни ноанъанавий парад билан нишонланади. Бу ерда куннинг бош қаҳрамонлари эшаклардир. Маҳаллий аҳоли уларни чинакам меҳнаткашлар ва уларга бағишланган бутун фестивал ўтказишга лойиқ, деб ҳисоблашади.

Aсосий тадбирлардан бири эшакларнинг «кийиниш» паради бўлиб, улар турли хил либосларда кўнгилочар ёки сайёҳлик жойларида олиб юрилади. Хуллас, Бутунжаҳон эшаклар кунини нишонлашдан асосий мақсад бу жониворнинг аҳамиятини таъкидлаш ва уларга нисбатан шафқатсизликка эътибор қаратишдир. Ушбу байрамни нишонлашнинг кўплаб усуллари мавжуд. Сиз эшаклар ҳақида қизиқарли маълумотларни ўрганишингиз ва уларни тинглашингиз, эшаклар бор фермага ёки ҳайвонот боғига ташриф буюришингиз, уларни минишингиз ва турли егуликлар билан меҳмон қилишингиз мумкин. Юртимиздаги баъзи одамлар шу кун баҳона маълумотлар орқали лоақал бу жониворларни урмасликни, оч қолдирмасликни, ишлатиб-ишлатиб қишнинг аёзида кўчага ҳайдаб юбормасликни, қулоқларини кесиб азобламасликни англаб етсалар не ажаб.

           Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг