Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Бундай ёзиш қўлимдан келмайди»: марҳум ёзувчи ҳақида хотиралар

«Бундай ёзиш қўлимдан келмайди»: марҳум ёзувчи ҳақида хотиралар

Собир Ўнарнинг вафот этганини эшитиб, довдираб қолдим.

Ёзувчи билан бундан 10 кун бурун Уюшмада гаплашган эдим. Унгача эса деярли 10 йил кўришмаганмиз.

У «сиз қаториларнинг барчаси пенсияга чиқиб кетди, сиз ҳали формадасиз-ку», деди (Иш вақтида шошиб Уюшмага китоб олиб борган эдим). Мен ижоди билан қизиқдим. Роман-ку ёзмаётгани, кичикроқ нарсалар битиб турганини айтди. Қўлимдаги китобларни кўриб, севиниб «биттаси менга», деди (бировларга китоб совға қилишни ёқтирмайман. «Бу китобини бериб, мени ўқишга, кейин эса ярамас асари ҳақида фикр сўраб, ёлғон гапиришга ундаяпти», деб асабийлашиши мумкин. Одамларни ноқулай аҳволга қўймайин, дейман). Собир аканинг ўзи китобни сўраганидан хурсанд бўлдим.

Айтолмайман, Собир ака билан ош-қатиқ эдик, деб. Бироқ  ёзиш билан жиддийроқ шуғуллана бошлаганимдан буён бу инсонни танийман. Ўзи орамиздаги ёш унча катта бўлмаса-да – 3 йил, ҳали қишлоқда юрганимда «Ёшлик» журналига юборган ҳикоямга Собир Ўнардан жавоб хати келган. Нима деб ёзгани ёдимда йўқ, лекин ўша даврда мен учун шундай обрўли журналдан расмий хат келишининг ўзиёқ катта гап эди. Ўшандан буён бу инсоннинг ижоди билан қизиқаман (фамилиясиям қизиқ эди-да, ўнлаб марта қайта-қайта ўқиганман «хато ёзганмикин», деб).

«Орзуга тўла қишлоқ» кўп йиллар давомида энг севимли китобим бўлган.

Содда, самимий ёзар эди. Қаҳрамонлари ҳам ўзига ўхшайди – беозор. Тан олиш ҳам мардлик – бир умр мана шунақа самимий ёзадиган, қаҳрамонларини бирдай яхши кўрадиган, уларни яхши-ёмонга ажратмайдиган, асарида ўта разил қаҳрамонлар бўлмаган ижодкорларга ҳавас қиламан. Бундай ёзиш қўлимдан келмайди, рости. Собир ака эса буни бопларди. Аслида, ҳар қандай ёзувчининг барча қаҳрамонлари феъл-атвори, табиатини бир жойга йиғса, ёзувчининг ўзи пайдо бўлади.

Собир аканинг сўзлашуви ҳам ёзганига ўхшарди: бировга паст назар билан қарагани, ёмонлаганини эшитмаганман. Кам, оғир-босиқ ва дона-дона қилиб гапирарди.

Бир пайтлар, «Кинг-конг» номли кино машҳур бўлганда, Луқмон Бўрихон шу фильмни кўриб келганини айтиб қолди. «Қанақа экан?» деб сўрасак. «Зўр, лекин Собир Ўнарнинг бу кино ҳақидаги ҳикояси ўн чандон қизиқарлироқ эди», деган.

Билмадим, негадир Собир Ўнар ҳар доим мени қўллаб юрарди. Ҳар ҳолда менга шундай туюлган. Бош муҳаррирлик пайтларида тез-тез қўлёзмаларимни эълон қиларди, Уюшмага аъзо бўлишим учун тавсия ҳам берган. Мақола ва интервьюларида эслаб ўтарди... Бир романимни чоп этмоқчи бўлиб, эътирозларимга қарамай, «романни шов-шув қиламиз», деб Одил Ёқубовдан сўзбоши олмоқчи бўлган. Баҳонада Одил ака билан танишиб, суҳбатлашганман, бироқ роман Одил Ёқубовга ёқмаган. «Ҳайронман, нега ёқмадийкан?» деб кўп хижолат бўлганди Собир ака.

Охирги суҳбатимизда Собир ака роман ёзмагани ҳақида бир оз армон аралаштириб сўзлаган эди. Мен тасалли бергандай бўлдим, «жанр муҳим эмас, асосийси яхши ёзиш», деб.  Ҳақиқатан ҳам шундай, 40 йилдан буён қоғоз қоралаб, энди тушуняпман, асосийси қисқа, аниқ ва лўнда ёзиш экан. Собир акалар эса ёшлигидан билган бу ҳақиқатни... Бекорга ёшлигиданоқ машҳур бўлмаган... ёшлигиданоқ Давлат мукофоти олишининг бир сабаби бўлган-да.

Бугунгa келиб адибга эътибор сусайган, у аввалгидай маълум ва машҳур бўлмаса,  бу энди Собир Ўнарнинг эмас, балки адабиётнинг муаммоси, адабиётдаги муаммо!

Исмоил Шомуродов,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг