Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода 33 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди

Бухорода 33 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан бўшатилди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жорий йилнинг шу даврига қадар 33 нафар ходим ички ишлар сафидан бўшатилгани билдирилди, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Умиджон Ўтаев томонидан ўтказилган анжуманда тизимда кадрлар билан ишлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлигини ошириш, ички ишлар органлари ва таълим муассасаларига ишга ҳамда ўқишга номзодларни қабул қилиш тартиби, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Бунда фаолияти давомида ўз хизмат вазифасига эътиборсиз ёндошган, одамлар билан муносабатда қўпол камчиликларга йўл қўйган ходимлар ички ишлар сафидан четлатилгани билдирилди.

«Ички ишлар органлари ходимлари халқ хизматчиси ҳисобланади. Одамлар билан мулоқотда қўполликлар содир этган, хизмат вазифасига лоқайд қараган ходимларга ички ишлар сафидан ўрин йўқ. Фуқароларнинг турли мазмундаги бу мурожаатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ошган. Шундан тизимда фаолият юритиб келган ходимларнинг ноўрин хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган шикоятлар сони камайган бўлишига қарамай, улар сони битта бўлса ҳам тизим учун кўп ҳисобланади. Хизмат интизоми ва қонунчиликни бузган 66 нафар ходимга нисбатан турли кўринишдаги интизомий таъсир чоралари қўлланилди. Салбий ҳолатларга кўра, 33 нафар ходим ички ишлар органлари сафидан четлатилди»,—дейди Умиджон Ўтаев.

Анжуманда ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиблари тўғрисида тушунчалар берилди. Шунингдек, ишга қабул қилинаётган номзодларнинг маънавий-ахлоқий сифатлари, психологик ва интеллектуал ривожланганлик, жисмоний тайёргарлик ҳамда билим даражасини баҳолаш тизими мутлақо қайта кўриб чиқилиб, замон талабига мос равишда ўзгартирилгани ҳақида ҳам билдириб ўтилди.

Маълумот берилишича, номзодларни хизматга танлаб олиш босқичлари ўзгартирилиб, фуқароларнинг тегишли ҳужжатларини расмийлаштириш танловлардан сўнг амалга оширилади.

«Илгари ички ишлар органларига номзодлар сони ўртача 800 нафардан ошса ҳам уларнинг барчаси маълум миқдордаги тўловни амалга оширгач, тиббий кўрикдан ўтказиларди ва сўнгра кейинги босқичларга «старт» оларди. Шунда ҳам тиббий кўрикдан ўтолмай, чўнтагидаги пули бекорга сарфлагани қолган номзодлар кўпчиликни ташкил этарди. Энди эса номзодлар томонидан тиббий текширув учун ортиқча маблағ сарфланиши олди олинди.

Хизматга қабул қилиш жараёни тезлашди. Кадр ва тиббиёт ходимларининг ортиқча вақти ва меҳнат сарфи камайишига эришилди. Бу амал юқорида таъкидлаб ўтганимдек, хизмат вазифасига эътиборсиз, қўпол феъл-атворли ходимларнинг тизимга кириб қолишининг олдини олишда ҳам аҳамият касб этади. Мақсад ички ишлар органларини ўз хизмат бурчини «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» деб билган ходимлар билан тўлдириб, профессионал тузилмага айлантириш»,— деди Умиджон Ўтаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг