Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода Қуръони Карим нусхалари намойиш этилди (фото)

Бухорода Қуръони Карим нусхалари намойиш этилди (фото)

Бухорода бўлиб ўтаётган Халқаро зиёрат туризми ҳафталигида 20 дан ортиқ давлатдан 130 нафар ислом дини пешволари, халқаро сайёҳлик ташкилотлари, туризм соҳаси экспертлари, илмий  жамоатчилик вакилларининг иштироки таъминланди.

Ҳафталик доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида  бўлиб ўтган кўргазмада Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган 40 дан ортиқ қадимий нусхалари намойиш этилди, дея хабар бермоқда Xabar.uz мухбири.  

«Мамлакатингизда муқаддас Қуръони карим китоби нусхаларининг жуда узоқ тарихдан буён кўз қорачиғидек асраб, сақланиб келинаётгани таҳсинга лойиқ. Миллий ва диний қадриятларга чексиз эҳтиромингиз бизни ҳар доим ҳайратга солиб келган»,— деди БАА Шайх Муҳаммад бин Заид кутубхонаси раҳбари Бассуни Габаллаҳ.

Қуръони Карим китобининг қадимий нусхалари намойишидан сўнг Бухоро хаттотлик мактабида араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган «Ал-манар» марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўплаб хаттотларнинг санъат ва маҳорат кўргазмалари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Маълумки, хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этиб келган ва фан даражасига кўтарилган. Ўрта Осиё халқлари ислом динини қабул қилиши билан бу ўлкага араб ёзуви ҳам кириб келган ва одамлар орасида муомалада бўлган қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари аста-секин истеъмолдан чиққан. Уларнинг ўрнида 7-аср охирларига бориб, араб ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланган. Шу билан араб хатини ўзлаштириш ва уни санъат даражасида кўтаришга жиддий аҳамият берила бошланган.

«Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган. Ҳар бир хатга санъат мўъжизаси сифатида қаралган. Шу сабабли бу санъат ривожланиб, турли хаттотлик мактаблари юзага келди. «Ал-манар» маркази ҳам Бухоро хаттотлик мактаби тарихи ва унинг истиқболида жуда катта аҳамият касб этади. Кечадан иш бошлаган араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган ушбу марказ ёшлар ўртасида гўзал ҳуснихатни қайта тиклаш учун поғона ҳамдир», — дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси биринчи ўринбосари Суҳроб Бобокалонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг