Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода тадбиркорлар ҳисобидан 15,3 миллиард сўмга сайлгоҳ барпо этилди

Бухорода тадбиркорлар ҳисобидан 15,3 миллиард сўмга сайлгоҳ барпо этилди

Бухоро вилояти, Ромитан тумани марказида тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 15,3 миллиард сўм бўлган кўнгилочар сайлгоҳ фойдаланишга топширилди, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

«Жорий йил бошида 3100 квадрат метр ер майдонида «Ромитан сайлгоҳи»– «Broadway» савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш кўчасини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Мазкур проектнинг умумий қиймати 15 миллиард 300 миллион сўм бўлиб, объектнинг қарийб, тўлиқ қурилиш қисми лойиҳа ташаббускорлари, яъни туман тадбиркорлари маблағлари ҳисобидан  амалга оширилди. Жумладан, тадбиркорлар улуши 14 миллиард 100 миллион сўм, банк кредити эса 1 миллиард 200 миллион сўмдан иборат. Давлат улуши эса ушбу йирик миқдорли сумманинг бор-йўғи, 2 фоизини ташкил этади, холос.  Ромитанлик тадбиркорларнинг бир тану бир жон бўлиб, бевосита лойиҳага ўзлари ташаббускор бўлиб чиқишгани чекка туманда мана шундай эртакнамо манзилнинг қад ростлашига сабаб бўлди»,— деди туман ҳокими Умиджон Барноев.

Туман раҳбарининг сўзига кўра, ярим йил давомида олиб борилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида мазкур сайлгоҳда 65 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси барпо қилиниб, 132 та янги иш ўринлари яратилган. Бундан ташқари, яна етмишга яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан йиллик қуввати 5,8 миллиард сўмлик савдо ва кўнгилочар хизматлар ташкил қилинмоқда.

Йирик маблағ эвазига бунёд бўлган сайлгоҳни тиклашда тадбиркорлар улуши ихтиёрий-мажбурий жалб этилган-этилмаганига ҳам изоҳ берилди. 

«Туманимизда етти пир зиёратгоҳларидан иккитаси, «Хожа Али Ромитаний» ҳамда «Муҳаммад Бобои Самосий» зиёратгоҳи бор. Булардан ташқари, илк ўрта асрлар тарихининг нодир дурдонаси ҳисобланган «Бўронтепа» қўрғони ҳудудида «Bukhara Desert Oasis & Spa» инновацион туризм кластери бунёд этилган.

Бу замонавий сайлгоҳ ҳам  нафақат, ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишга, балки ўз болаларимизнинг мириқиб дам олишига хизмат қилади. Сидқидилдан ва ўз ихтиёримиз билан ташаббус кўрсатдик. Беминнат»,— деди ўзини таништиришни истамаган тадбиркорлардан бири.

Сайлгоҳдан Франциянинг Париж, Австралиянинг Мельбурн, Буюк Британиянинг Лондон, АҚШнинг Лос Анжелос каби шаҳарларидаги меъморий ечимга эга минора ва қурилмаларининг модели — «ансамбли» ўрин олган.

Сайлгоҳ атрофидан ўндан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, ўсмир болалар учун ўқув марказлари, фаст-фуд емакхонаси, мавсумий ишлайдиган музқаймоқ ва салқин ичимликлар кафелари қуриб фойдаланишга топширилган. Спортсеварлар учун «Street worcaut» майдончаси барпо қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг