Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухоронинг олис овул аҳолиси: «Йўллар таъмирталаб, суви тахир, шўр. Шунга кўниб яшаяпмиз»

Бухоронинг олис овул аҳолиси: «Йўллар таъмирталаб, суви тахир, шўр. Шунга кўниб яшаяпмиз»

Фото: «Xabar.uz»

Бухоро вилояти, Пешкў тумани таркибидаги Жонгелди маҳалласи Бухоро шаҳар марказидан салкам 250 километр олис масофада жойлашган. Қизилқум кенгликлари бўйлаб Қулжуқтов тоғининг шимолий-ғарбий этаги пастликларида яшаб келаётган овулликлар асосан, қозоқ миллатига мансуб аҳолидан таркиб топган.

«Бизда сув ҳавзалари йўқ, аттракцион ўйингоҳлару боғ-роғларнинг йўқлиги ҳақида-ку, гапирмай қўя қолайлик. Аммо, нолимаймиз. Фақат овулдан шаҳарга олиб борар узоқ масофали йўллар таъмирланса, тоза ичимлик суви масаласи ҳал этилса, яхши бўларди», — дея билдирилган ушбу мурожаат юзасидан олис манзилга йўл олдик.

Билдирилишича, ушбу аҳоли маскани бири-биридан қарийб 100 километр узоқда жойлашган «Сафрон», «Қалъа Ота» ва «Жонгелди» қишлоқ овулларидан иборат экан.

«Уч овулда 753 нафар аҳоли яшайди. Биз бораётган «Жонгелди» овулида эса нари борса, 200 нафарга яқин аҳоли яшаб, умргузаронлик қилади», — дейди суҳбатдошимиз.

Аввалига, автоуловимиз текис ва равон йўллардан елдек учиб борди. Халқаро аҳамиятдаги А-380-«Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу» автомобиль йўли жаҳон стандартларига мос сифатда хориж компанияси томонидан қурилган. Ушбу йўл Ўзбек миллий автомагистралининг таркибий қисми саналар экан.

Таъмирталаб олис йўллар

Мустаҳкам сифатга эга йўллар давомийлиги узоққа чўзилмади. 40 километрча масофадан сўнг дам ўнқир-чўнқир, дам қумли ва тошли, шағалли йўлларни қийинчиликлар билан босиб ўтишга тўғри келди.

«Йўлнинг бир томони цементобетон қопламали қилиб қурилган. Иккинчи томони қарийб 4 йилдан буён гўё таъмирланаётгандек, аммо таъмирсиз аҳволда. Бу йўллардан хориж давлатларидан қатнайдиган йирик юк автомобиллари ўтади. Йўллар тор, асфальтлари кўчиб кетган», — дейди бизга йўлда ҳамроҳлик қилган суҳбатдош.

Дарҳақиқат, хориж юк автомобилларининг таъмирталаб магистрал йўллардан юрак ҳовучлаб ўтишаётганини кузатиш мумкин. Оғир юк автомашиналарининг тинимсиз қатнови овулга олиб борадиган 4-Р 48-йўлга ҳам анча талофатлар етказган. Йўл катта чуқурликлардан иборат, ачинарли аҳволга келиб қолган. Бу эса ўз-ўзидан Бухорода йўлсозлик соҳасида истиқболда бажариладиган ишлар талайгина эканини англатади.

Манзилга етиб боргунча уч соатдан ортиқ вақт ўтди. Xabar.uz мухбири манзилга етиб боргунга қадар Бухоро автомобиль ҳудудий бош бошқармаси масъули билан телефон орқали боғланди.

«Халқаро аҳамиятдаги А-380 — «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу» автомобиль йўлининг 87 километр қисми қурилиши тўлиқ якунланмаган. Мазкур йўлда 2008 йилдан йўлсозлаш ишлари бошланган эди. 2008-2009 йилларда эса тендер масаласининг ортга сурилгани ишнинг оқсоқланиб колишига сабаб бўлди. Орадан ўн йилча вақт ўтиб, 2019 йилда ушбу йўналишнинг 87 километр масофаси тендер орқали Хитой йўлқурилиш компанияси томонидан ютиб олинган. Ишлар давом этмоқда. Катта халқаро аҳамиятдаги йўлни бирданига созлаб бўлмайди. Ваҳоланки, хорижий давлатлараро қатновчи автомашиналар ҳаракатини тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Шу боис, йўлнинг бир томони цементобетон қопламали қилинган ва унинг остки қисмигача намлиги қуриши меъёрлари, вақти-соати бор. Бир томонида йўлқоплов ишлари тўлиқ тугатилгач, кейин йўлнинг иккинчи томонини созлаш бошланади», — дейди вилоят автомобил ҳудудий йўл бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Эгамов.

Шерзод Эгамовнинг билдиришича, овулликларни шаҳарга олиб борадиган 87 километрли автомобиль йўлининг қолган қисми 2023 йилда тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилади.

«Мансабдорларнинг келиб тургани яхши...»

Ҳад-ҳудудсиз чўл саксовулзорлари, қумли барханлари оша чўлқуварлар овули – Жонгелдига яқинлашдик. Айни ҳудудга олиб кирадиган йўлнинг 4 километрдан ортиқ ички йўл асоси сўнгги ойда қурилиб, шағал бостирилган ва эни 5 метр ўлчамда асфальтлаштирилган экан.

«Чўлқуварлар овулида шу пайтгача асфальт йўл бўлмаган. Бир ойча илгари юқоридан мансабдор шахс айнан шу манзилга қизиқиб келганди. У келгунча мавжуд таъмирталаб ва ачинарли аҳволдаги ички йўллар икки ҳафтадаёқ ойнадек текисланди. Мансабдорларнинг келиб тургани ҳам яхши-да», — дейди ҳамроҳимиз гап ўртасида.

Кафтдеккина овулда яшаб келаётган аҳоли билан суҳбатлашар эканмиз, узоқ йиллардан буён шаҳарга олиб борар йўл масаласида қийналиб келаётган жонгелдиликлар ушбу муаммонинг 2023 йилга қадар бартараф этилишидан мамнун эканини билдиришди.

Овулда тоза ичимлик суви муаммоси

«Йўлимиз масаласи ҳал этиладиган бўлса, бу яхши. Бизнинг ерлар сур тусли қўнғир қумли, тақир ва шўр тупроқлардан иборат. Доимий оқар сувлар йўқ, — дея сўз бошлади маҳалла раиси Муҳаммед Кемалов. — Бизни ташвишлантирадиган кейинги масала – сув. Биласиз, чўлда ариқ, анҳорлар бўлмайди. Ариқ қазиб, сув ўтказишнинг эса умуман иложи йўқ. Одамлар биттагина қудуқ орқали етказиб бериладиган ичимлик сувидан фойдаланишади, холос. Сув тахир таъмли, шўрроқ. Одамлар шу сувдан истеъмол қилишга мажбур. Кўниб яшаяпмиз».

Овул аҳолиси узоқ йиллар давомида мавжуд булоқлардан ташиш йўли билангина сув истеъмол қилиб келишган. Уч йил илгари эса ҳудуддаги ичимлик сувига мос бўлган булоқ сувидан марказлашган тизим тарзида кичик сув иншооти қурилиб, 1,5 километр масофага сув тармоқлари тортилган. Сув иншооти қуввати оширилиб, сувни тежаш мақсадида ерости сув омборлари ҳам қурилган. Бироқ, мазкур омборда сув фильтрловчи махсус насос курилманинг ўрнатилмагани овул аҳолисининг оғриқли муаммосига айланган.

Овулдаги сув иншооти.

«Аҳолини сув билан таъминлаш масаласига назар ташланадиган бўлса, сув йўқ эмас, бор. Овулдаги сув иншоотига фильтрловчи ускуна ўрнатиш ишлари ҳам бошланган. Замон талабига жавоб берадиган иншоотнинг муҳандислик-коммуникация тармоғи, яъни муқобил иситиш қозонхонаси, электр энергияси ва фильтрланган тоза ичимлик сув таъминоти ҳам шай ҳолга келтирилмоқда. Бундан ташқари, Жонгелдида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган. Айни пайтда овулда юқори қувватли шамол электр станцияси қурилиши ишлари ҳам жадал кечмоқда», — дейди Пешкў тумани ҳокими Ваҳобжон Қаҳҳоров телефон орқали мулоқотда.

Xabar.uz мухбири овулликларни ташвишлантираётган муаммоларни ўрганиш давомида уларнинг яшаш ва турмуш тарзи билан ҳам қизиққан.

«Ишсизман, деганининг қўрасида 10-15 бош моли бор...»

«Овулликларнинг яшаш ва турмуш тарзи ҳақида ҳам сўзлаб берайин», — деди маҳалла раиси Муҳаммед Кемалов.

Муҳаммед Кемалов.

«Сўнгги 4 йил давомида биз, овулликларнинг узоқ йиллик орзуларимиз амалга ошяпти-да. Янги мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, фуқаролар йиғини биноси шаҳар шароитидан кам эмас. Овулда ижтимоий-иқтисодий масалалар, жумладан, саноатни яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича ҳам эҳ-ҳе-е, анча-мунча ишлар қилиняпти. Овулдагиларнинг турмуш сифати ошяпти. Илгариги барак типидаги уйлар ҳозир мутлақо йўқ. Овулимизда бутунлай кам таъминланган, шароити оғир, деган тушунча йўқ. Ишсизман, деганининг ҳам қўрасида камида 10-15 бош қўй-эчкиси, қорамоли бор, от ва туялари бор оилалар ҳам талай. Гўшт сероб, одамлар тўқ. Ҳудудда ишлаб чиқариш фабрикаларини қуриш мўлжалланаяпти», — дейди суҳбатдош.

Маҳалла раисининг айтишича, овул шаҳарчага айланиб улгурган. Электр энергияси, газ таъминоти, иссиқлик тизими узлуксиз. Завод-фабрикалар қурилиши мўлжалланаяпти. Ва шу пайтгача бирорта овуллик хорижга ишга жўнаб кетмаган. Улар ўқиш ёки давлат ишлари билангина шаҳар марказлари ёхуд хорижларга чиқишган.

Қудуқдан сув тортаётган қиз.

«Бизнинг қавмлар бу манзилларга 1930 йилларда кўчиб келишган. Болалигимдан билганим, кечаги кунгача ёшлар ҳунармандчилик билан шуғулланиб, жундан ип, арқон йигириб сотишарди. Қизлар кўрпа-тўшак қавиб, сўзаналар тикишарди. Шароитлар янгиланаяптию, ёшларимиз ҳунармандчиликка қизиқмай қўйишяпти-да...» — дейди ўйчан.

Суҳбатдош овулликларнинг урф-одат, тўй-ҳашамлари ҳақида ҳам тўхталар экан, тўй маросимлари олди ҳалигача кўпкари, кураш ўйинлари ўтказилишини айтган.

Овулда тўй.

«Кўпкари чўлнинг ўйини-да, асли. Роса қизийди кўпкари. Юз километр олисдаги бошқа овулликлар ҳам тўпланишади. Тўйолди қиз олиб қочиш русуми ҳалиям эскирмаган. Ўзаро келишилган ҳолда олиб қочилади. Кейин қиз уйига хабар берилиб, совчилар жўнатилади. Сўнг тўй. Тўйларимиз ҳам урф-одатларимизга хос ўтказилади. Хуллас, чўл қумлари оша бир нави қилиб яшаб юрибмиз-да... Ҳа айтмоқчи, бизнинг овул болалари бўш вақтларида тўп тепишмайди, кўнгилочар жойларга боришмайди. Чунки улар учун бундай имкониятлар умуман йўқ. Бизнинг болалар фақат китоб ўқишади», — дейди Муҳаммед Кемалов.

Мактабда спортзал йўқ. Қозоқ тилидаги китоблар кам.

Маҳалла раиси бизни овулдаги мактабга етаклаб борди. 2 қаватли замонавий кўринишдаги 24-умумий ўрта таълим мактабида бор-йўғи, 83 нафар ўқувчи таҳсил олар экан.

«Келажакда ушбу манзилда ҳам аҳоли сони ошиб, мактаб таълимига эҳтиёж ошиши назарида мактабимиз 324 ўринли қилиб қурилган. 11 йиллик мажбурий таълимга асосланган мактабимизга жорий ўқув йилида 12 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди, холос. Ўтган ўқув йилида мактабни 8 нафар ўқувчи битирган ва 3 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган эди. 18 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади, шулардан фақат 2 нафари ўрта махсус ва 3 нафари тугалланмаган олий таълимга эга», — дейди 24-умумий ўрта таълим мактаби директори Кубей Мирманқулов.

Кубей Мирманқулов.

Овулнинг қоқ ўртасида жойлашган ушбу мактабда чалинган қўнғироқнинг шу яқин атрофда яшайдиган ўқувчиларга эшитилиши ва унинг оҳангидан болаларнинг ҳам ҳушёр тортиб, мактаб атрофида бир зумда тўпланиши қизиқишларимизга сабаб бўлди.

«Мактабимизда ошхона йўқлиги сабабли тушлик вақтида уйимизга борамиз. Бир қадам. Шундоқ қўнғироқ чалинса бўлди, бир пасда етиб келамиз», — дейди мактаб ўқувчиси Талгат Суйибаев.

Талгат Суйибаев, мактаб ўқувчиси.

Мактаб замонавий кўринишга эга бўлса ҳам ошхона, спорт зал ва стадионга эга эмас. Оддий «буфет» хизмати ҳам йўлга қўйилмаган. Ўқувчилар катта танаффусларда уйларига бориб, овқатланиб қайтишар экан.

Маълум бўлишича, 26 йиллик тарихга эга ушбу мактабга илк бор туман ҳокимлиги томонидан жорий ўқув йили бошланишида компьютерлар жамланмаси киритилган. Ўқувчилар шу пайтгача компьютер саводхонлигини фақат информатика дарсликлари орқали амалда фойдаланмаган ҳолда ўрганиб келишган. Улар суҳбат давомида илк бор компьютердан фойдаланишаётганини билдиришди.

«Информатика дарсликларидан ўрганганларим юзасидан фақат назарий билимга эгамиз. Тўғри, компьютерларни телевизорларда тез-тез кўриб турамиз, аммо шахсан ўзим уни биринчи бор кўриб турибман. Балки шу боис, компьютердан амалда фойдаланиш бизга анча қийин туюлаяпти», — дейди 9-синф ўқувчиси Донагул Қозоқова.

Мактаб директорининг сўзига кўра, қозоқ тилидаги фан китоблари етишмас экан.

«Жорий ўқув йилида мактабимизга 15 дона компьютер жамланмасининг берилиши ўқувчиларимизни жудаям хурсанд қилди. Энди улар ҳам компьютер технологияларини ўзлаштира олишади. Шу ўринда айтишим керакки, мактабда спортзалу стадионнинг йўқлиги ҳам бевосита болаларнинг спорт мусобақаларида қатнашишига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бундан ташқари, қозоқ тилидаги китоблар ҳам жуда кам. Буям мактабимизнинг оғриқли муаммоларидан»,  — дейди мактаб директори.

Кубей Мирманқулов спорт мажмуалари ҳам жуда ҳам узоқ масофада жойлашганини сўзлади. «Ўқувчилар бунинг учун камида 100-150 километр масофа босиб ўтиши керак», — деди у.

Йўл олис, манзиллар жуда узоқлиги боис ҳам ота-оналар болаларини спорт беллашувларига жўнатишмас экан.

«Мактабимизда спорт зал бўлганида ўзимиз истаган спорт тури билан шуғулланиб, мусобақаларда қатнашардик. Биз фақат спорт хабарларини эшитиб турамиз, холос», — дейди Талгат Суйибаев.

Ғабиден Бектурганов.

Овул ёшлар етакчиси Ғабиден Бектурганов мухбир билан суҳбатда ушбу масалаларни ечишда ёшлар ташкилотлари билан ҳамжиҳат иш олиб борилаётгани ва туман ҳокимлиги томонидан чора-тадбирлар белгиланаётганини билдирган.

***

Бешбармоқ – тансиқ таом

Мактабдан чиққунимизча, қуёш анча тикка тушган, кун тиғдек қизиган палла эди. Бу пайтда эса овулда саноқлигина одамлар кўзга ташланарди. Чўпончилик, йилқичилик билан шуғулланадиган аҳоли аллақачон узоқ чўл ҳудудига чиқиб кетишган экан.

Кун пешиндан оғганда, овулликлар бизни ўтовга бошлашди. Дастурхонга қардош элнинг тансиқ таоми —бешбармоқ тортилди. Қозоқ аёли Гулнахия Искакова бешбармоқнинг тайёрланиш жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Гулнахия Искакова.

«Бешбармоқ – ўзбекларнинг паловидек шоҳ таом. Икки соат олдин овқатнинг хамири қориб қўйилади. Сўнг қайнатилган сувга қайишдек кесилиб солинади. Гўшти камида 2-3 соат сувда обдон қайнатилиб, ҳил-ҳил ҳолга келгунча пиширилади. Бешбармоқ асосан, эчки, айниқса, туя гўштидан жуда мазали чиқади», — дейди Гулнахия Искакова.

Ичимлик суви махсус фильтрланишга муҳтож

«Чўлликлар қўй-қўзи ортидан тирикчилик қилишади. Гўшт сероб, одамлар тўқ. Бироқ, чўлда ариқ, анҳорлар бўлмайди. Боғ-роғу гулзорлар яратиш, атрофни салқин сўлимгоҳларга айлантириб, ҳордиқ олиш – чўлликларнинг орзуси. Кимдир ҳовлисида бир қулочгина кўчат ёки гул ўтқазган бўлса, уни ичимлик сувидан суғориши мумкин. Лекин биз истеъмол қилаётган тоза ичимлик суви ҳам махсус фильтрланса, одамларнинг саломатлиги учун ҳам фойда бўларди», — дейди маҳалла фаоли Камтар Шарипов.

Камтар Шарипов, овул фуқароси

Кафтдеккина Жонгелди овули аҳолисининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш, унга олиб борар олис йўл манзилларини таъмирлаш, мавжуд мактабида қозоқ тилидаги китоблар фоизини ошириш, стадион, спортзал ва ошхона қурилишини олиб бориш, болаларнинг турли спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш вилоят мутасаддиларининг эътиборидан четда қолмаслиги керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг