Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Буюк Британия бош вазири хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди

Буюк Британия бош вазири хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди

Фото: Getty Images

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак автомобилда ҳаракатланиш пайти хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди. Ланкашир графлиги полицияси «42 ёшли лондонлик фуқаро»га жарима ёзилганини тасдиқлар экан, у рулда эмас, балки йўловчи ўриндиғида ўтирганини маълум қилган.

Бош вазир идораси Р.Сунак ўз хатосига тўлиқ иқрор экани, узр сўрагани ва жаримани албатта тўлашини билдирган. Қайд этилишича, ҳукумат раҳбари Ланкашир графлигида ҳудудларни ривожлантиришга доир дастурларга бағишланган видеосъёмкада хавфсизлик камарини ечган ҳолда ҳаракатланган.

Буюк Британия қонунчилигига мувофиқ автоуловда ҳаракат пайти хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима миқдори 100 фунт стерлингни ташкил этади. Агар қоидабузар полиция қарори устидан судга шикоят қилса-ю, пировардида айбдор деб топилса, жарима миқдори 500 фунтга қадар ошиши мумкин.

Бу Р.Сунакнинг ҳукумат мулозими сифатидаги иккинчи жаримасидир. 2022 йил апрель ойида у собиқ бош вазир Борис Жонсон билан биргаликда карантин тақиқларини бузгани учун жаримага тортилган. Молия вазири лавозимида фаолият юритган Р.Сунак карантин чоралари кучайтирилган вақтда  Борис Жонсоннинг туғилган кунида қатнашган.

Мухолифатдаги либерал-демократлар партияси фурсатдан фойдаланиб, амалдаги бош вазирни танқид қилган. Уларга кўра, консерваторлар етакчиси Р.Сунак Б.Жонсон каби қонун-қоидаларга ҳурматсизликда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Риши Сунак Борис Жонсон истеъфоси ортидан, 2022 йил 25 октябрдан буён қироллик бош вазири лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 1980 йилда Саутҳемптонда туғилган арбобнинг ота-онаси Буюк Британияга Шарқий Африкадан 1970-йилларда кўчиб келган ҳиндлар экани айтилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг