Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чироқчи ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Чироқчи ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Фото: «Xabar.uz»

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида «Чироқчи воқеаси» айбдорларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К.Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 21 сентябрдаги ҳукмига кўра:

Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. Ш. Рахмоновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми «а», «в», «г» бандларига қайта квалификация қилинди. Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмининг «д» банди билан айбсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан оқланди. А. Тожиноровнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисмидан шу модданинг 2-қисми «а», «в», «г» бандларига қайта квалификация қилинди. А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми «а», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Қайд этиш лозимки, мазкур суд музокарасида сўз олган марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни суд залидан озод қилишни сўраганди.

Суд ишида давлат қораловчиси сифатида иштирок этган Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдиев эса судланувчиларга 10 йилгача жазо тайинлашни сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилган, бир неча ИИБ ходими ҳибсга олинишидан ташқари туман ва вилоят ИИБдаги қатор масъул ходимлар ишдан олинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг