Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чўпонлар нега кўзойнак тақмайди? Интернет, коронавирус... ва қўй-қўзиларга дўст Бўри ҳақида

Чўпонлар нега кўзойнак тақмайди? Интернет, коронавирус... ва қўй-қўзиларга дўст Бўри ҳақида

Фото: «Xabar.uz»

Чўл шароитини фақатгина ўша ерда яшаган инсонлар билади. Сизу биз баъзида баҳор вақтлари бориб, «экзотика» деб билувчи гўзал табиатининг шу қадар инжиқликлари борки, бу манзилда яшовчиларга қор-қировли қишда ҳам, жазирама саратонда ҳам ҳамроҳ — сабот, қанот — умид бўлади.

Тасаввур қилинг, атроф қум, ёлғиз ўтов, қўни-қўшни йўқ, дардкашингиз фақат қўй-қўзилар. Қишда чўпоннинг қўрасига баъзан бўри «меҳмон» бўлса, ёзда эса чаён ва соя излаган ўқ илонлар ўзини ўтовга уради. Лекин шу шароит чўпонлар учун кўникма ҳаёт, тақдир.

Ана шундай тақдир эгаси бўлган қаҳрамонимиз, Нурота туманининг олис чўли — бир томони Айдаркўл соҳиллари билан туташган ҳудудида яшайдиган Жумабек Давлатов. Туман ҳокимлиги вакиллари «мухбир» деб таништиргандан сўнг, ийманиб ўзини таништирган чўпон, шошилганича бошпанасига кириб кетди. Нима бўлди, деб саволомуз ҳамроҳларимга қарадим, «шошилманг, ҳозир» дейишди. Шу ондаёқ сокин отарда ўчоққа ўт қалаш, яна нималардир бошланиб кетди.

— Бир пиёла чой ичиб кетмасак, чўпон хафа бўлади, бу — удум, дейди ҳамроҳларим.

Шу аснода бир пиёла чой устида чўпон билан суҳбатимиз бошланди.

— Кайфиятимиз зўр дейди, чўпон. Бу йил айнан биз кутган об-ҳаво бўлди. Билсангиз, биз чўпонлар  осмонга қараган халқмиз. Қор ва ёмғирдан доим умидвормиз. Чорвамизни ва ўзимизни тақдиримиз шу ўзгарувчан табиатга боғлиқ.

Шу аснода суҳбатдошимиз очила бошлади.

Чўпон таёғи

Бир қарашда оддийгина кўринган чўпон таёғида кўп рамзий маъно бор экан. Ўша таёқ жуда қадрланар экан.

— Отамдан 26 ёшимда шу таёқни қабул қилганимдан сўнг чўпон деган ҳақиқий мавқега эришганман, — дейди қаҳрамонимиз. — Бу таёқни отамнинг отаси унга берган, у менга, мен эса фарзандларимга бераман. Бу таёқ аждодларимиздан қолган мерос. Биз учун жуда қадрли. У доим отамни эслатиб тўради. У ҳатто бир бор ҳаётимни асраб қолган, — дейди бизни ҳайрон қолдириб. — Бир куни очиқ чўлда иккита бўрига дуч келиб қолдим, атрофда ҳеч ким йўқ, ёрдам чақириш бефойда. Бўрилар эса ҳужумга шайланяпти, шунда шу таёқни олиб ҳавода силкидимда, худди милтиқ ушлагандай уларга ўқталдим, бўрилар дарров қочиб қолди...   

Чўпонлар нега кўзойнак тақмайди?

Шу аснода суҳбат қизиб борди. Бир-биридан қизиқ ҳикоялар эса диктафонимга муҳрланарди...

Айтишларича, дунёдаги энг ўткир кўз соҳиблари — чўпонлар бўлар экан. Бунга сабаб эса, фақат олисларга қадалган нигоҳлар эмас, балки чўпонларнинг ҳар оқшом гулхан атрофидаги ўтиришидан экан. Маълум бўлишича, ўша гулхан асосан чўл янтоғидан ташкил топади ва у кўзнинг зарарли заҳрини оларкан.

Чўпонларнинг аксарияти соғлом бўлиб, улар кунига 30 километргача масофани пиёда босиб ўтар экан. Яна бир қизиқ маълумот — чўпонлар деярли дорихонага мурожаат этмайди. Эҳтимол бунда чўлдаги табиий гиёҳлар, кўлдан тутилган балиқлар, барра гўшти, туя, эчки сут қатиғининг ўрни бўлса не ажаб. Шу ўринда бир гап, Айдаркўл қирғоғидан тўтилиб, чўпон томонидан пиширилган балиқнинг мазаси — аъло, бунга ҳар қандай уста ошпаз ҳам тан бериши аниқ.

Интернет ва коронавирус

Чўпонлардан интернет ҳақида сўраганимизда, саволнинг моҳиятини бошқача тушунишди шекилли, «қишлоққа борсаккина кўрамиз телевизорни» деб жавоб беришди. Соддалаштириб сўраганимиздан сўнг, маълум бўлишича, ҳар овулда биттадан оддийгина Nokia телефони борлигини, улар ҳам наслчилик МЧЖ томонидан берилганини билдиришди. Дунёни эгаллаётган ваҳима — коронавирус ҳақида сўраганимизда эса, буни эшитмаганлигини айтиб, «бизгача келмас» деб қўйишди.

Шу аснода суҳбатимиз қизиб турганда ташқарида итлар безовта ҳура бошлади, уй бекаси қозоқчада «чиқинг, бўри келди» деб қолди. Ваҳимадан ўрнимдан сапчиб турдим, нигоҳимни дастурхондаги пичоққа шайланганимни биламан, ҳамроҳларим кулиб юборди ва «қўрқманг, бу сиз ўйлаган ёввойи бўри эмас, наслчилик МЧЖмиз раиси Бўри ака» дейишди. Буни эшитган Бўривой ака ҳам жилмайиб: «Бизда икки хил бўри бор, бири — душман бўлса, бири — қўй-қўзиларни дўсти бўлган Бўри» деб кириб келди.

Яна бир эътиборимни тортгани бу — чўпонларнинг қалин кийими бўлди. Бу қалин кийим уларни қишда қаҳратондан, ёзда эса иссиқдан сақлар экан. Қандай дейсизми, жазирамада уни кийиб бир терлаган одам салқингина юрар экан.

Чўпоннинг бахти недир

Чўпонларнинг қуналғасидан олислай туриб, катта шаҳарларда интернет ярим соатга ишламаса, ТВ-кабели ўчиб қолса, такси кечикса... юзага  келадиган бетоқатликлар ҳақида ўйладим. Инсон шуларсиз ҳам яшаса бўларкану, хаёлимдан ўтди.

Чўпонларнинг аёллари. Уларнинг юзида чексиз сабот, ҳаёт синовлари изларини ва шу билан бирга, мағрурлик, ўзига яраша бахтиёрлик, чексиз тоқат, камтаринлик, бардош намоён. Улар ҳечам гўзаллик салонларига бормайди, ясама киприк, тирноқлар уламайди. Дард чекканда шифокорга мурожат этолмайди, кўнгли тўсаб «бутик» расталарини айлана олмайди. У қўй боқади, нон ёпади, кир ювади, овқат пиширади, меҳмон кутади. Ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нимадан нолимайди...

Шу аснода чўпонларни қумда зар яратишини, чўпон бўлиш учун қўйнинг туёғидан қаттиқ бўлиши керак деган гап нечоғлик ҳақиқат эканига ишондим.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг