Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

DW: cўз эркинлиги бўйича нуфузли мукофот соҳиблари номи очиқланди

DW: cўз эркинлиги бўйича нуфузли мукофот соҳиблари номи очиқланди

Фото: «Xabar.uz»

Украиналик икки журналист – Мстислав Чернов ҳамда Евгений Малолетка 2022 йилда «Сўз эркинлиги йўлидаги хизматлари учун» (Freedom of Speech Award) мукофоти билан тақдирланди. DW томонидан таъсис этилган нуфузли мукофот Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтаётган глобал медиафорум доирасида 20 июнь куни топширилди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

«Гоҳида ахборот инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун егуликдан ҳам муҳимроқ бўлиши мумкин. Ушбу фикр бизга энг мушкул паллаларда ҳам касбий фаолиятимизни давом эттиришга куч бағишлади», – деди Мстислав Чернов мукофотни олар экан.

«Мариуполь фожиаси бир умр қалбим ва вужудимда чандиқ бўлиб қолади. Айни чоқда, уруш ҳақиқатларини ҳужжатлаштириш орқали дунёга Украинада нималар содир бўлаётгани, минглаб одам маънисиз муҳораба туфайли ҳалок бўлаётганини кўрсатиб бера олганимиз бизга таскин беради», – дея мулоҳаза билдирди Евгений Малолетка.

М.Чернов (Associated Press журналисти) ва Е.Малолетка (фотожурналист) жорий йил 24 февраль куни бошланган Украина босқинини ёритишда жасорат ва юксак профессионаллик намойиш этгани сабаб халқаро миқёсда эътироф қозонди. Икки журналист ҳаётини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, Россия армияси томонидан қамал қилинган Мариуполь шаҳрида фаолиятини давом эттирди. Урушнинг даҳшатли қиёфаси ҳаққоний кўрсатилган ижодий ишлар дунё миқёсида кучли акс садо берди ва кўплаб етакчи нашрларда чоп этилди. 

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг Мариуполь шаҳри бир неча ойлик қаршиликдан кейин май ойида Россия қўшини томонидан ишғол этилган. Украина президенти Владимир Зеленский қамалда қолган шаҳардаги вазиятни оғир деб баҳолаган ва ҳарбий ҳаракатларни тинч аҳолига қарши қаратилган террорчилик операцияси деб атаган эди.

Аввал хабар берганимиздек, DW томонидан, Германия ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда (Global Media Forum) дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан келган экспертлар ОАВ фаолиятига доир долзарб масалаларни муҳокама қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг