Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕИ Марказий Осиёда барқарор энергияга доир 6,8 миллион евролик янги лойиҳани ишга туширди

ЕИ Марказий Осиёда барқарор энергияга доир 6,8 миллион евролик янги лойиҳани ишга туширди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 17 ноябрь куни Самарқандда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда энергия мувозанатини рағбатлантиришга қаратилган янги лойиҳаси – СECCА тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири. Умумий бюджети 6,8 миллион евро бўлган лойиҳа ЕИнинг илғор амалиётига мувофиқ ҳолда минтақада энергия барқарорлигига кўмак бериши кўзда тутилган.

Лойиҳа Европа Иттифоқи–Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик бўйича «Глобал дарвоза» конференциясига бағишланган давра суҳбатида тақдим этилди. Тадбирда Марказий Осиё давлатларидан энергетика бўйича миллий идоралар ва экспертлар ҳамда ЕИ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилишича, «Марказий Осиёда барқарор энергия боғлиқлиги» (СECCА) лойиҳаси барқарор энергетика тизимига ўтиш бўйича миллий сиёсатни кучайтириш, минтақада қайта тикланадиган энергия ва энергия самарадорлиги бўйича инвестициялар, салоҳият ва хабардорликни оширишга қаратилган.

Сир эмас, минтақада иқтисодий ўсиш ва аҳоли сонининг ортиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ошиб бормоқда. Ушбу талабни қондириш учун эса катта инвестициялар, бозор ислоҳотлари ва салоҳиятни ривожлантириш талаб этилади.

«Европа Яшил битими ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига асосланган янги лойиҳа минтақанинг энергия барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш, унинг иқлим бўйича мақсадларига эришиш, иш ўринлари ва бизнес имкониятларини яратиш учун қуёш, шамол ва гидро электр энергияси бўйича минтақанинг салоҳиятини ошириш каби мақсадларга кўзлайди. Ҳозирги вақтда минтақанинг муҳим барқарор энергия салоҳиятидан институционал, молиявий, техник ва ижтимоий тўсиқлар туфайли тўлиқ фойдаланилмаяпти. СECCА лойиҳаси ушбу тўсиқларни бартараф этиш ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва минтақада энергия самарадорлигини оширишда катализатор бўлиб хизмат қилади», дейди ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича дирекцияси раҳбари ўринбосари Marjeta Jager хоним.

Давра суҳбатида лойиҳа экспертлари СECCА мақсадлари, режалаштирилган тадбирлар ва кутилаётган натижаларни тақдим этдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган ушбу лойиҳа ЕИнинг атроф-муҳит, биологик хилма-хиллик, иқлим ўзгариши, табиий офатлар хавфини камайтириш, сув ва барқарор энергия бўйича 15 та минтақавий ташаббуслари ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан 20 та икки томонлама ҳамкорлик лойиҳаларини ўз ичига олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг