Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрдўғон: «Бу – Европа тарихидаги қора доғ...»

Эрдўғон: «Бу – Европа тарихидаги қора доғ...»

Фото: AA

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сребреница қатлиомига алоқадор томоннинг айбини сидқидилдан тан олиш ўрнига ўзини оқлашга уриниб келаётганини инсоният учун шармандали ҳолат деб атади. Бу ҳақда Босния ва Ҳерцеговинада қирғинда ҳалок бўлганларни хотирлаш маросими иштирокчиларига йўлланган мурожаатда сўз боради.

«Сребреница қатлиомининг 27 йиллигида босниялик биродарларимизга қалбимизда кечаётган изтироб ва ҳамдардликни изҳор этамиз. Бу – Европа тарихидаги қора доғ, инсон қадр-қимматининг поймол этилишидир», – дейилади мурожаатда.

Эрдўғон кўплаб боснияликлар ҳали-ҳамон дом-дараксиз йўқолган яқинларининг тақдиридан бехабар эканини қайд этган.  

«Бутун тарих давомида, қувончли ва ташвишли кунларда босниялик биродарларга елкадош бўлган Туркия келажакда ҳам Босния ва Ҳерцеговинани қўллаб-қувватлайди. Биз 27 йил аввал бутун дунё ва европалик аскарлар кўз ўнгида рўй берган қатлиом унутилишига йўл қўймаймиз», – дейди  Туркия раҳбари.

Халқаро маҳкама Сребреница қирғинини геноцид деб тан олган. Фото: Getty Images

Сребреница қатлиоми Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада рўй берган энг катта фожиалардан саналади.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 1993 йили Сребреницани хавфсиз ҳудуд деб эълон қилган, аммо бу ҳам оммавий қирғинни тўхтата олмаган. 1995 йилнинг 11 июлида Сребреница акнлави генерал Ратко Младич бошчилигидаги серб армияси томонидан босиб олинган. Ўша машъум кунларда серб аскарлари томонидан 8 мингдан зиёд босниялик мусулмон ўлдирилган. Тинч аҳоли вакиллари БМТ шафелигидаги нидерланд аскарларидан ҳимоя сўрагани, аммо улар ҳимоясиз аҳолини ҳарбийлар қўлига топшириб қўйгани айтилади. Ҳалок бўлган боснияликлар оммавий қабрларга кўмиб юборилган.

Собиқ Югославия бўйича Ҳаага халқаро маҳкамаси ва БМТ халқаро суди Сребреницадаги жиноятларни расман геноцид деб тан олган. Сербия парламенти қирғинни қоралаган, аммо уни қатлиом деб тан олишдан бош тортган. Европа парламенти 11 июль санасини Сребреница қатлиомини хотирлаш куни деб эълон қилган.

2001-2017 йилларда собиқ Югославия бўйича халқаро маҳкама серб командирларини турли муддатга озодликдан маҳрум этган. 2017 йилнинг ноябрида серб армияси қўмондони Ратко Младичга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Халқаро маҳкама қатлиом аввалдан режалаштирилган ҳолда амалга оширилган деб хулоса берган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг