Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эронда коронавирусга учраган соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳимоя воситасисиз матбуот анжуманида қатнашган (видео)

Эронда коронавирусга учраган соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ҳимоя воситасисиз матбуот анжуманида қатнашган (видео)

Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ираж Харирчида коронавирус касаллиги аниқланган. Эътиборли томони, мутасадди касаллик аниқланишидан аввал касал ҳолатида, иситма билан очиқ матбуот анжуманида иштирок этган.

Анжуман давомида на у ва на бошқа иштирокчиларда ҳимоя воситаси бўлган. Тадбирдан сўнг орадан маълум вақт ўтгач, Ираж Харирчида коронавирус борлиги аниқланган. Ҳозирча матбуот анжуманида иштирок этганлар карантинга олингани ҳақида хабар берилмаган.

Маълумотларга кўра, Ираж Харирчи ўзини у қадар ёмон ҳис қилмаяпти, уни фақат иситма безовта қилмоқда. Матбуот анжумани давомида ҳам у тез-тез пешонасидаги терни артаётганини кўриш мумкин.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Киануш Жаҳонпурнинг маълум қилишича, мамлакатда 95 киши коронавирус билан касалланган бўлиб, 16 киши вафот этган. Бу эса Хитойдан кейинги энг йирик йўқотишдир.

Эронда бир қатор концерт ва футбол учрашувлари қолдирилган. Мамлакатнинг катта қисмида мактаб ва университетлар ёпилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча Словакия бош вазири Петер Пеллегринида ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Аммо бу хабарлар расман инкор этилди.

Кеча Европанинг яна икки давлати — Австрия ва Хорватияда коронавирусга учраган илк фуқаролар аниқланган. Дунё бўйича 80.3 минг кишида коронавирус аниқланган бўлса, 2,7 минг бемор касалликдан вафот этган. 27.7 минг киши эса тузалиб кетгани айтилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг