Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши қандай ўзгаришларга олиб келади? Элчи саволга ойдинлик киритди

Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиши қандай ўзгаришларга олиб келади? Элчи саволга ойдинлик киритди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Эрон Ислом Республикаси ташкилотнинг янги аъзоси сифатида таништирилиши кутилмоқда. Хўш, бу ҳодиса дунёда ва ташкилот фаолиятида қандай ўзгаришларга олиб келади? «Xabar.uz» мухбири Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободийга ушбу савол билан мурожаат қилди.

«Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – кўп томонлама минтақавий ҳамкорлик ҳамда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш мақсадидаги ўзаро дўст ва ҳамкор бўлган Шарқ давлатлари клубидир. ШҲТ 2001 йили олти давлат – Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокида минтақавий ҳамкорлик мақсадида тузилган бўлиб, кейинчалик Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзо бўлиб кириши натижасида саккизлик гуруҳига айланди. Эрон Ислом Республикасининг тўлақонли аъзо бўлиши билан ШҲТ Шарқ тўққизлигига айланади», – дейди Эрон элчиси.

Дипломат аввало ташкилотнинг салоҳият ва имкониятларига эътибор қаратди.

«ШҲТга аъзо давлатлар аҳолиси дунё аҳолисининг қарийб ярмини (42%), ҳудуди эса дунёнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бу давлатлар маданият ва цивилизация нуқтаи назаридан ҳам ўта қадимий бўлиб, жаҳон тарихий ва туристик марказларининг катта қисми уларда жойлашган. Шунингдек, дунё ҳунармандчилик маҳсулотларининг сезиларли қисми ушбу давлатларда ишлаб чиқарилади. Улар маданий хилма-хиллик, таомларнинг турли хиллиги ва мазалилиги, мусиқий бойлик, анъанавий либослар ва бошқа санъат турлари нуқтаи назаридан алоҳида ажралиб турувчи, ўхшаши йўқ ва ўта жозибали мамлакатлардир», – дейди дипломат.

Қайд этилишича, дунёнинг кўплаб муҳим қуруқлик, денгиз ва ҳаво коридорлари ШҲТ давлатлари ҳудудидан ўтади. Шунингдек, бу мамлакатлар саноат тараққиёти учун лозим бўлган нефть, газ, олтин, темир, мис ва бошқа ерости ресурсларига бой; буғдой, шоли, пахта, писта, заъфарон, мевалар ва зираворлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам дунёда юқори ўринларни эгаллайди. Шунга кўра, ШҲТ давлатлари сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, транзит, туризм ва маданият соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик салоҳиятига эгадир.

«Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо бўлиб кириши билан ташкилотнинг жуғрофий ҳудуди ҳамда стратегик ва иқтисодий қудрати анчагина мустаҳкамланади. Мамлакатимизнинг мавқеи ва потенциаллари, энергетика, туризм, маданият, санъат, транспорт коридорлари ва геосиёсат соҳаларидаги устунликлари ҳамда турли соҳалардаги етук мутахассислар ва олимларга эга экани барча сиёсатчилар, тадқиқотчилар ва қарор қабул қилувчиларга маълум ва равшандир. Шубҳасиз, мамлакатимизнинг ШҲТга аъзо бўлиб кириши билан ташкилотнинг стратегик қудрати ошиб, аъзо давлатларнинг сиёсий, иқтисодий, маданий, туристик ва хавфсизлик билан боғлиқ соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлиги ривожланади», – деб ҳисоблайди Ҳамид Наййирободий.

Таъкидланишича, ШҲТ жуғрофий ҳудуди ва фаолият соҳалари тобора кенгайиб бораётган, иқтисодий тараққиёт, куч-қудрат ва хавфсизликни таъминлашнинг барча имкониятлари ва омилларига эга бўлган давлатлар аъзо бўлган Шарқий ташаббус ва механизм сифатида минтақа ва жаҳонда  барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади.

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд саммитида Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Дипломат Эрон ва Ўзбекистон етакчиларининг йигирма йиллик танаффусдан кейинги расмий ташриф доирасида учрашуви ўзаро ҳамкорликда бурилиш ясашига ишонч билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг