Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ қирғиз-тожик чегарасидаги можаро қурбонларига ёрдам кўрсатади

Евроиттифоқ қирғиз-тожик чегарасидаги можаро қурбонларига ёрдам кўрсатади

Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида жорий йил сентябрь ойи ўрталарида содир бўлган қуролли можародан азият чеккан аҳоли учун 270 минг евродан ортиқ гуманитар ёрдам ажратади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тожикистондаги делегацияси маълум қилди.

«Мазкур инсонпарварлик ёрдами Қирғизистоннинг Боткен вилояти, шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд ва Лахш вилоятлари ҳамда Рашт водийсининг энг кўп жабрланган ҳудудларидаги 12 мингга яқин аҳолини қамраб олади», – дейилади хабарда.

Европа Иттифоқининг молиявий ёрдами Қирғизистон ва Тожикистон Қизил Ярим Ой жамиятлари орқали ҳар икки мамлакатдаги жабрланган оилаларга, айниқса, уй-жойидан айрилганларга ёрдам сифатида пул грантларини тарқатишда йўналтирилади.

Ёрдам, шунингдек, саломатлик ва гигиенани тарғиб қилиш, гигиена воситалари билан таъминлаш, психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли чегарада сув, йўл ва яйловларга йўл йўқлиги билан боғлиқ можаро 14 сентябрь куни қуролли тўқнашувга айланиб кетганидан сўнг, 100 га яқин одам ҳалок бўлгани, 150 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлгани хабар қилинган эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг