Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик таклиф қилди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик таклиф қилди

В.Норов ва Д.Рейндерс.

Фото: Twitter/Didier Reynders

6 сентябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Брюсселда Европа Иттифоқининг адлия масалалари бўйича комиссари Дидье Рейндерс билан учрашди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда ўзаро  ҳамкорлик, жумладан, қонун устуворлиги соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Дидье Рейндерс ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида В.Норов билан учрашувда мустаҳкам демократик институтларни барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганини маълум қилган.

Адлия масалалари бўйича еврокомиссарга Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар, конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Конституцияга «Инсон – жамият – давлат» тамойилини назарда тутувчи, ўлим жазосини тақиқловчи, «Миранда қоидаси» ва «Habeas corpus» институтига доир ўзгартиришлар киритилаётгани қайд этилди.

Ўз навбатида, Европа томони Ўзбекистондаги кенг ислоҳотлар дастурини амалга оширишда кўмак кўрсатиш, хусусан, қонун устуворлиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Таъкидланишича, ЕИ Ўзбекистоннинг демократик институтлар фаолиятини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сўз ва дин эркинлигини таъминлашга хайрихоҳлигини қўллаб-қувватлайди.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Брюсселга сафари давомида ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан ҳам учрашди.

Жорий йил 6 июлда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланган эди.

ЕИ ва Ўзбекистон бош дипломатлари учрашувида мазкур ҳужжат ўзаро робиталарни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Ж.Боррель жорий йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ЕИ–Марказий Осиё вазирлар учрашуви, шунингдек, «ЕИ–Марказий Осиё ўзаро боғлиқлик: Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза» анжуманида иштирокини тасдиқлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг