Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Геосиёсий таранглик шароитида Остона–Тошкент иттифоқининг аҳамияти ошмоқда – Қозоғистон дипломати

Геосиёсий таранглик шароитида Остона–Тошкент иттифоқининг аҳамияти ошмоқда – Қозоғистон дипломати

Дунёда кузатилаётган беқарор вазият Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик муносабатларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Жасулан Искаков «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда гапирди.

«Геосиёсий таранглик кучайиб, глобал ишлаб чиқариш занжири ва савдо йўналишлари ўзгараётган ҳозирги даврда Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва сиёсий барқарорлик борасида муҳим ўрин тутмоқда. Бу жараёнда эса Остона–Тошкент ўқи ҳал қилувчи роль ўйнайди. Зеро, нафақат минтақамиз, балки бутун Евроосиё ва трансконтинентал форматдаги ҳамкорлик улар теграсида шаклланади», – дейди дипломат. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Қозоғистон ташқи сиёсатида ҳамиша муҳим ўрин тутиб келган. Буни президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг «Ўзбекистон нафақат яхши қўшни, муҳим ҳамкор, балки Қозоғистон умумий илдизлар ва муштарак тақдирлар орқали боғланган биродар давлатдир» деган эътирофи ҳам тасдиқлайди.

«Қосим-Жўмарт Тўқаев 2019 йил 14 апрелда президент сифатидаги илк давлат ташрифини Ўзбекистонга амалга оширгани бежиз эмас. Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Қ.Тўқаев президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиёти бўйича стратегик ёндашувларига хайрихоҳ экани, унинг минтақа ва жаҳондаги вазиятни теран тушунишини қайд этган. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон етакчиси билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари бўйича муштарак нуқтаи назарда», – дейди Ж.Искаков.

2021 йилнинг 5-6 декабрь кунлари президент Ш.Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрган эди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакилига кўра, Ш.Мирзиёев давлат раҳбари сифатида қайта сайланганидан кейин биринчи бўлиб давлат ташрифи билан Остонага боргани ҳам теран рамзий маънога эга.

Ушбу ташриф давомида президентлар Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга имзо чекди. Ҳужжатда икки қардош халқнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган. Ташриф якунида божхона, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар, шунингдек, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ҳужжатлар маъқулланди.

Дипломат Ж.Искаковга кўра, Марказий Осиё умумий савдосининг 70 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси 33 фоизга ўсиб,  4,3 млрд долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 2,6 млрд долларга етди. Шу тариқа ўтган йилга нисбатан 27 фоиз ўсиш қайд этилди.

«Қозоғистон (Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерациясидан кейин) 8,9 фоиз улуш билан Ўзбекистоннинг учинчи ташқи савдо ҳамкори саналади. Давлат раҳбарлари ҳукуматларга ўзаро савдо айланмасини яқин йилларда 5 млрд долларга, ўрта истиқболда эса 10 млрд долларга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўришни топширган», – дейди дипломат.

Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, 13 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида томонлар жиддий ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, президент Ш.Мирзиёев  минтақавий иқтисодиётни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Президент Қ.Тўқаев эса молиявий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалаларни кўтарди.

Қайд этилишича, Остона ва Тошкент экология муаммолари, сув манбалари хавфсизлиги, Афғонистондаги вазият бўйича ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Ўзаро робиталарда маданий-гуманитар йўналиш ҳам муҳим ўрин тутади.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон икки мамлакат халқининг маънавий яқинлигини сақлаш мақсадида маданият, илм-фан, таълим, туризм, ахборот соҳаларида алоқаларни ривожлантирмоқда. Биродар халқларни янада жипслаштиришда қозоқ ва ўзбек жамоасининг ўрни муҳим. Шунга кўра мамлакатларимиз икки халқ вакилларининг она тили, миллий анъана, қадрият ва урф-одатларини сақлаш учун қулай шарт-шароит яратмоқда», – дея мулоҳазаларини давом эттирди дипломат.

1992 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Қозоғистоннинг юртимиздаги муваққат ишлар вакили Жасулан Искаковнинг маълум қилишича, айни пайтда икки мамлакат ўртасида иттифоқчилик муносабатларига доир шартнома лойиҳаси тайёрланмоқда. Ушбу ҳужжат ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаши ва робиталарни янги босқичга кўтариши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг