Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Геосиёсий вазиятнинг Марказий Осиёдаги мамлакатларга қандай таъсири бор? (видео)

Халқимизда «қўшнинг тинч, сен тинч», деган мақол бор. Бугунги кунга келиб қўшни Қозоғистон ва унга чегарадош бўлган Россия ўртасида геосиёсий кураш авж олди. Бу кураш баъзида яширинча, баъзида ошкора тарзда кечаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Хўш, Қозоғистон иккинчи Украинага айланиши мумкинми? Қозоғистон ва Россия ўртасидаги геосиёсий кураш Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатади? Шу саволларга жавоб олиш мақсадида Xabar.uz сиёсатшунос Фарҳод Толипов ва иқтисодчи Шуҳрат Расул билан суҳбатлашди.

  Қозоғистондаги январь воқеаларидан сўнг халқаро экспертлар «Қозоғистон энди геосиёсий жиҳатдан Россияга қарам бўлиб қолади» деб тахмин қилишган эди. Лекин бугун икки давлат ўртасига муносабатлар кескинлашди. Бу кескинлашувга нималар сабаб бўлди?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: – Ҳақиқатдан ҳам бир неча йиллардан бери Қозоғистон россиялик сиёсатчиларнинг нишонига айланиб қолган эди. Улар Қозоғистонни информацион хуружлар ва дўқ-пўписалар орқали қўрқитиб, нодўстона муҳит яратиб келган. Буни мен сўнгги йилларда Россияда неоимпериячилик кайфияти кучайгани билан боғлаган бўлардим. Россияда тобора эскичиликни қумсаётган сиёсатчилар кучайиб, неоимпериячилик ғоялари авж олди. Россия «собиқ Совет маконидаги республикалар Россиянинг таъсир доирасида қолиши керак», деган ғояни тарқатаверди. Бу шундай кўринишга айландики, кўплаб экспертлар буни таҳдид сифатида кўра бошлади. Албатта, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон Россия билан чегарадош эмас. Шу сабабдан Қозоғистон биринчи нишонга айланди. Қолаверса, Қозоғистон Россия билан қуруқликдаги энг узун чегарага эга. Шу сабабдан ҳам Қозоғистон Россиянинг тазйиқларига очиқ давлат ҳисобланади. Лекин мен буни юзаки қараш, деб ҳисоблайман. Чунки бу муаммони тўлиқ ёритмайди. Қозоғистоннинг ўзига яраша халқаро даражада обрўси бор. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Қозоғистон ўзига хос имижга эга бўлиб келди. Ҳаттоки, Марказий Осиёнинг энг ривожланган давлати деган номни қўлга кирита олди. Яъни, Қозоғистон иккинчи ёки учинчи даражадаги давлат эмас. Қанча таҳдид бўлса ҳам, Қозоғистон Россияга тўлиқ қарам бўлиб қолади дейиш, менимча, нотўғри.

Январь ойида содир бўлган нохуш воқеаларни эсласак, бир томондан гўё «Москва КХШТ қўшинларини юборган ҳолда Қозоғистонни қутқарди», деган фикрни уйғотади. Аслида бу киритилган кучлар ҳеч қандай хизмат қилмади. Улар бир неча кун Олмаота шаҳрида туриб, ортига қайтиб кетди. Асосан Қозоғистоннинг ўзи бу тартибсизликларни мувозанатга келтира олди. Биласизми, Қозоғистонни ҳам қўллаб-қувватловчи мамлакатлар бор, у ёлғизланиб қолмаган. Шунинг учун Қозоғистон Россияга тўғридан-тўғри боғланиб қолди, дейиш бироз нотўғри.

Шуҳрат Расул, иқтисодчи: – Фарҳод ака айтганидек, охирги ўн йилликда неоколониализм сиёсати касаллик формуласига кирди. 2008 йил Дмитрий Медведев ўзининг бир нутқида «барча собиқ иттифоқ давлатлари бизнинг ҳудудимиз» деб айтган эди. Шунда кўплаб постсовет давлатлари, хусусан, Қозоғистон расмийлари ҳам бунга қарши протест берган. Мен айнан январь воқеалари икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликнинг триггери бўлди, деб ҳисобламайман. Бу қарама-қаршилик олдин ҳам бўлган. 2000 йилларнинг бошидан бошлаб, ҳозирги Россия ҳукумати ё ошкора ёки пинҳона тарзда постсовет ҳудудини бир сиёсий бирлашмага айлантиришни кўзлаб келади. Аслида Россиянинг биринчи геосиёсий рақиби бу – Украина. Россия элитасида сўнгги ўн йилликда «Қозоғистон бизнинг ярим вассалимиз, улар бизни чизган чизиқларимиздан чиқмайди», деган дунёқараш шаклланган эди. Бунга биринчи зарбани Нурсултон Назарбоев берган. 2014 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқи тузилганидан кейин, Россия президенти Владимир Путин ташкилотга аъзо давлатларни ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан Россияга қарам қилишга ҳаракат қилди. Шунда Нурсултон Назарбоевнинг уч маротаба “нет, нет, нет”, деган гапни айтди. Бу – ягона сиёсий бирлашма бўлишга йўқ, ягона пул бирлиги бўлишга йўқ, ягона парламенти бўлишга йўқ. Шундан кейин Россиядаги неоимпериячиларнинг попуклари анча пасайиб қолган эди.

Январь воқеалари бир ўчиб, бир ёниб турган зиддиятларни кўрсатиб берди. Иккала томоннинг фикрлари бир-бирига тескари эканлигини кўрсатди. Қосим Жўмарт Тўқаев ҳам Москвага борганида  «мен шахсан ҳарбий ёрдамни Россиядан сўраганим йўқ. Мен ёрдамни КХШТдан сўрадим» деб айтди. Бугун иқтидордаги Россия элитасининг Қозоғистонга алоҳида бир рашки бор.

Сиёсий рашкми?

– Ҳа, сиёсий рашк деса ҳам бўлади. Рашки шундаки, Қозоғистон Марказий Осиёда иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган. Сабаби, уларда нефть ва газ захиралари ниҳоятда катта. Конфликтнинг асосий сабаблардан бири Тўқаев 2019 йилда Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича, жуда катта иқтисодий дастурни эълон қилди. Буни ҳозир кимдир эслайди, кимдир эсламайди. Унга кўра, Хитой 2030 йилгача Қозоғистон иқтисодиётига 22 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиши керак. Бу лойиҳа бўйича, Қозоғистонда Хитойнинг 55 та завод ва фабрикалари қурилиши режалаштирилган. Мана шу ҳам икки давлат муносабатларининг кескинлашувига бир сабаб бўлиши мумкин. Чунки Россия ҳар доим Ғарбга ҳам, Хитойга ҳам «Қозоғистон бизнинг ҳудудимиз, сиз бу ерга тиқилманг», деган муносабатини кўрсатмоқчи бўлган. Январь воқеалари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бузилишида оқибат бўлиб кўринди. Бундан ташқари бу ерда давлат раҳбарининг шахсий ўрни ҳам бор.

  Қозоғистонни иқтисодий жиҳатдан Россияга қарам деёламизми?

Шуҳрат Расул, иқтисодчи: – Сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам боғланиши икки томонлама бўлади. Қанчалик Қозоғистон Россияга боғланган бўлса, Россия ҳам шу даражада Қозоғистонга боғланиб қолган. Қозоғистоннинг ўзига яраша иқтисодий ва сиёсий аргументлари бор. Масалан, Қозоғистон Украинага ўхшаб Россия билан урушга кириб қолса, Қозоғистон ЕОИИ ҳамда КХШТ ташкилотини бир кунда йиқитиши мумкин. Бор-йўғи харитага қарашимиз керак. Қозоғистон шундай ҳудудни олганки, агар Қозоғистон ЕОИИ ва КХШТдан чиқиб кетадиган бўлса, бу ташкилотлар – дефакто йиқилади. Чунки Россия билан Қирғизистон, Тожикистон ўртасида катта масофа пайдо бўлади. Агар Россия Қозоғистонга Украинга ўхшаб муомала қилса, Қозоғистон бу ишни, албатта, амалга оширади. Бу Россия ҳукуматига ниҳоятда катта йўқотиш бўлади.

Охирги вақтларда Россия элитаси сифатининг пастлиги кўриниб қоляпти. Агар икки давлат бир-бири билан ҳарбий конфликтга борадиган бўлса, Қозоғистон бутун дунёга ёрдам сўраб мурожаат қилади ва унинг тарафдорлари Украинанинг тарафдорларидан кўп бўлади. Бундан ташқари, Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар Хитойнинг мутлақо Қозоғистон тарафида туришини таъминлаб беради. Қанчалик Россия Қозоғистон учун курашаётган бўлса, Хитой ҳам Қозоғистондаги иқтисодий ресурсларни ўзлаштиришни ният қилиб турибди. Қолаверса, Туркия ҳам Қозоғистонга ҳарбий ёрдам бериши мумкин. Мана шу нарсани Кремль ҳисобга олиши керак. Чунки бу Россияга Украинадан қимматга тушиши мумкин.

Тўқаев олиб бораётган сиёсат Назарбоев сиёсатидан қандай фарқ қилади?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: – Ўхшаш тарафи ҳам бор, фарқли тарафи ҳам бор. Агарда ўхшаш томони ҳақида гапирсак, Тўқаев ҳокимиятга келганида кўпчилик янги президент Қозоғистоннинг янги сиёсатини яратади, деб ўйлаган эди. Лекин бундай бўлмади. Яъни Назарбоев тузумидан мутлақо фарқ қилувчи сиёсий тизим яратилмади. Гарчи улар ҳам конституцион ўзгартириш киритган бўлса-да, фундаментал ўзгаришлар кўзга ташлангани йўқ. Лекин сиёсий тизим бироз либераллашди. Ташқи сиёсатда ҳам ўхшаш, ҳам фарқли томони бор. Мисол учун, яқинда Санкт-Петербургда форум бўлганида, Тўқаев ўзини нисбатан мустақил ва эркинроқ тутишга ҳаракат қилди. Россия президенти Владимир Путин билан ёнма-ён ўтирган ҳолатда, Путинга ёқмайдиган баёнотлар қилди. Яъни Тўқаев Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олишини айтди. Бундан ташқари, Қозоғистон Халқаро ҳамжамият ва БМТ томонидан Россия қарши қўлланилаётган санкцияларга қўшилишга мажбур эканлигини таъкидлади. Буни ортидан Кремль жазо чораси сифатида Россия ҳудудидан ўтаётган нефть қувурларини ёпиб қўйди. Лекин бу Россиянинг ўзига жабр бўлди. Негаки, ўз навбатида, Қозоғистон транспорт ва савдо йўлларини диверсификация қилиш чораларини кучайтирди. Аслида бу йўлларни диверсификация қилиш 90-йилларнинг бошида кун тартибида турган. Лекин бугун бу ғоя авж олиб, долзарблиги ошди ва буни амалга оширишга киришилди. Маълумотларга кўра, Каспий ва Қора денгиз портлари шарқдан келаётган маҳсулотларга тўлиб кетган. Чунки, ҳозир Россия ҳудудидан ўтадиган маҳсулотлар ҳажми камайган. Шу шароитда Россия алоқаларни сақлаб қолиш ўрнига бунинг аксини қилди. Бундан хулоса шуки, россияликлар ўрта муддатли келажакни идрок этолмаяпти.

Неоимпериячилик – эскилик сарқити. Тарих империяларни тарихда қолдирди. Буни қумсаш, империяга интилиш муваффақиятсиз тугаши маълум. Шунинг учун ҳам Россия боши берк кўчага кириб қолди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида жиддий геосиёсий турбулентлик кузатиляпти. Россия кўра била туриб, ҳаскашга оёқ қўймоқда ва бундан қайтиш нияти йўқ. Бундан ўзи жабр кўрмоқда. Барча халқаро ташкилотлар Россия иқтисодини инқирозга юз тутишини айтмоқда. Ҳатто, «чет эл автомобиллари йўқ, энди ўзимизни «Москвич»ларимизни қайта тиклаймиз», дейишмоқда. Ҳозир жиддий геосиёсий турбулентлик олдида турибмиз. Қозоғистон шу турбулентликнинг биринчи нишонига айланди. Менимча, Россия шу ишни бекор қиляпти. Чунки Қозоғистон ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган қудратга эга. Бундан ташқари, уни қўллаб-қувватловчи ва уни яхлит давлат сифатида сақланиб қолишидан манфаатдор бўлган бир қатор давлатлар бор. Шунинг учун Россия буни тўғри идрок этиши керак. Россия ўзини-ўзи тиклашни ўрнига неоимпериячилик ғояларига чалиниб фақат вақт йўқотади.

Шуҳрат Расул, иқтисодчи: – Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан Марказий Осиёда объектив ва субъектив сабабларга кўра энг катта давлат. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Совет иттифоқидан қолиб кетган иқтисодий тизимини биринчи бўлиб ўзгартирди. Буни иқтисодда структуравий ўзгартириш, дейилади. Унда давлатга тегишли бўлган давлат мулки хусусийлаштирилади. 2000 йилларнинг бошида Қозоғистон шу йўл орқали чет эл инвесторларини жалб қила олди. Бунинг натижасида давлат мулки хусусийлашди. Лекин орадан анча вақт ўтиб, бу ишларнинг анча камчиликлари борлиги аён бўлди. Назарбоев давлат капитализмини олигархик картель капитализмига айлантириб қўйди. Бошқача қилиб айтганда, чет эл компаниялари билан ўзининг қозоқ таъсисчиларини шерик қилиб, иқтисодни картель тизимига ўтказди. Картель ҳам монополия. Шу тариқа иқтисодда лотинизация юз берди. Ҳозир Тўқаев Назарбоев тузган олигархик капиталимизни халқ капитализмига айлантирмоқчи.

Қозоғистон иккинчи Украинага айланиши мумкинми?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: – Бунга «ҳа» ва «йўқ» деб жавоб берган бўлар эдим. Чунки бир томондан россияликларнинг хатти-ҳаракатини олдиндан башорат қилиш қийин бўлиб қолди. Уларнинг тажовузкорона ҳаракатлари авж олиб, кучайиб ўзини-ўзи бошқара олмайдиган ҳолатга келиб қолгандек кўринади. Яъни, Россия эртага қаерга ҳужум қилишини, қандай баёнотлар эълон қилишини башорат қилиб бўлмай қолди. Бугун таҳдидлар йўқ эмас, таҳдидлар бор. Умид қиламизки, Россиянинг сиёсий доираларида ҳам шу зиддиятни оқилона баҳолай оладиган инсонлар бор. Улар вазиятни тўғри тушуниб, кескинликни қисқартиришга ҳаракат қилаётгандир. Қолаверса, ҳозир кўп қозоғистонлик расмийлар Россиядан тарқаётган тажовузкорона баёнотларга жавоб қайтаряпти. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, «қани кириб кўринглар-чи, кўрадиганларингни кўрасизлар. Биз Украина эмасмиз», деган маънода жавоб қайтаряпти. Яъни, қозоғистонликлар орасида қўрқув, ҳадиксираш йўқ. Буни тагида тегишли мантиқ ҳам бор. Ҳали юқорида бир неча бор таъкидладик, Қозоғистон ёлғиз эмас. Шунингдек, Россиянинг Украинага қилган тажовузини бутун дунё бир марта қоралади. Энди дунё ҳамжамияти буёғига нафақат қоралайди, балки тегишли чораларни кўриши ҳам мумкин. Дунё мамлакатлари орасида Россия ҳақида «Россия фақат тажовузкор давлат, босқинчиликдан бошқа нарсани билмайди», деган тасаввур уйғонади. Шунинг учун бу маънода йўқ, дейишим мумкин.

Тўқаевда Назарбоевга ўхшаш бир хусусият бор. Бир вақтлар Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти бўлган. Шу ташкилот жуда бир яхши интеграцион жиҳатдан олға силжиётган эди. Яъни, бу ташкилот 1992 йилдан 2005 йилгача бешта Марказий Осиё давлатларини бирлаштириб турувчи ролни ўйнаган. 2005 йилда бу ташкилотга Россия аъзо бўлиб кирди. Бу аъзоликка Каримов ҳам, Назарбоев ҳам йўқ дея олишмаган. Лекин 2006 йилда Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти фаолиятини тугатди. Тўғрироғи, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотини Евросиё иқтисодий иттифоқи билан бирлаштирилди. Яъни, Россияга йўқ деёлмаслигимиз сабабидан ўзимизнинг минтақавий ташкилотимиз қурбон бўлди. Мана бу бир тарихий мисол.

Тўқаев Санкт-Петербургда Путиннинг олдида ДХР ва ЛХРнинг мустақиллигини тан олмади. Лекин Чўлпонотада Россияни кейинги йиғилишга таклиф қилди. Бу бир мантиқсизлик эмасми?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: – Қайсидир маънода шундай бўлди. Санкт-Петербургда бошқа баёнот, Чўлпонотада бошқа. Лекин Санкт-Петербургда Қозоғистон ёки Марказий Осиёга ҳақида суҳбат бўлмади. У ерда кўпроқ Украина тўғрисида гап бўлди. Негадир Марказий Осиё ҳақида сўз очилса, қозоғистонликларда ҳам, ўзимизда ҳам «Россиянинг жиғига тегиш керак эмас», деган кайфият мавжуд. Балки шу кайфият Марказий Осиёнинг бирлашувига бироз халақит бераётган бўлса керак.

— Шуҳрат ака, сиз қандай фикрдасиз?

Шуҳрат Расул, иқтисодчи: – Тўқаевнинг баёнотини ўқишга ҳаракат қилдим. Менга ҳам бироз ғалати кўринди. Лекин бу ерда қандайдир мантиқ бор. Сабаби нима учун фақат Россияни чақирайлик демади-да, Хитойни ҳам қўшиб қўйди. Агар шу ташкилотга Россия билан Хитой бирга қўшиладиган бўлса, лидерлик учун курашда баланс юз беради. Хитой сўзсиз ташкилотдаги Россиянинг гегемонлигини йўққа чиқаради. Бугунги кунда Марказий Осиёдаги интеграцион жараён кундан-кунга Хитой фойдасига ҳал бўляпти. Агар 2023 йилдан бошлаб Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўл қуриладиган бўлса ва «Трансека» лойиҳаси амалга ошса, бундан Марказий Осиёдаги барча давлатлар манфаатдор бўлади. Энг катта манфаат Ўзбекистонда. Чунки биз ғарб билан шарқни ўзимизда боғлаяпмиз.

Қозоғистон ва Россия ўртасидаги геосиёсий кураш Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос: – Шуни айтиш керакки, ўзбекистонлик расмийлар Қозоғистон ва Россия ўртасидаги зиддиятни синчиклаб кузатишмоқда. Расмий ва таҳлилий доиралар бунга бефарқ эмас. Шу сабабли биз бу вазиятни юмшатиш мақсадида имкон қадар Россияга ҳам, Қозоғистонга ҳам тегишли хабарларни йўллаяпмиз. Улардан бири, ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Президенти Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширди. Тузилган шартномалар қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқдошлик тўғрисидаги шартнома имзоланади. Бу ўзга хос махсус ҳужжат. 2013 йилдан бери Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шерик деб ҳисоблаб келинган бўлса, декабрь ойидан бошлаб иттифоқдош бўлди. Энди икки давлат фақатгина оддий ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар эмас, иттифоқдош ҳисобланади. Бунинг ўзига яраша маъно-моҳияти бор. Иттифоқдошлик дегани минтақавий масалалар бўйича бир ёқадан бош чиқариб, битта позицияда туришни англатади. Қандайдир таҳдидлар содир бўлса, ўзаро кўмак беришни билдиради. Чўпонотадаги саммитда давлатлар ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлик қилишини билдирди. Яъни кўриниб турибдики, ҳар хил томондан таҳдидлар бор. Мана шу таҳдидларга бардош бериш учун, уларга жавоб қайтариш учун ҳамкорлик ҳарбий соҳага ҳам ёйилмоқда. Ўзбекистон билан Қозоғистон иттифоқдош экан, шу ердаги геосиёсий вазият ўзгарса, бу фақат Қозоғистоннинг иши демаслик керак. Иттифоқдошлик муносабатлари Ўзбекистонга ҳам масъулиятни юклатади. Умуман Қозоғистонда геосиёсий вазият ўзгарса, Қирғизистонда геосиёсий вазият Ўзбекистонга қандай таъсир қилади, дейиш бироз тор ёндашув. Марказий Осиёни яхлит организм деб қарашимиз лозим. Бу геосиёсий вазият Марказий Осиёдаги бешта мамлакат учун бир хил таъсир қилади.

Шуҳрат Расул, иқтисодчи: – Фарҳод аканинг фикрларига қисман қўшиламан. Марказий Осиёдаги интеграция муаммоси фақатгина Марказий Осиё давлатларининг иши бўлмай қолди. Куч марказлари мавжуд, уларнинг ўзига яраша лойиҳалари бор. Украинадаги урушгача учта лойиҳа бўлган.

Биринчи лойиҳа – «Евразийство». Бу Россиянинг лойиҳаси ҳисобланади. Унга кўра, Россия атрофида СССР қайта тикланиши керак. Лекин бу лойиҳанинг ҳаётийлиги Украинадаги уруш оқибатида «0» тенг бўлиб қолди.

Иккинчи лойиҳа – «Катта Марказий Осиё». Бу Ғарб давлатлари ва АҚШ таклиф қилаётган лойиҳа ҳисобланади. Унга кўра, Марказий Осиёдаги бешта давлатдан ташқари Афғонистон ва Покистон ҳам шу лойиҳага қамраб олиниши керак.

Учинчи лойиҳа – «Пантуркизм». Бу минтақанинг ўзида пишиб, пишмай ётган интеграцион лойиҳа ҳисобланади. Буни ҳозир Туркия қўллаб-қувватламоқда. Мени назаримда бу лойиҳа ҳаётийроқ. Агар «Зангизўр» коридори очиладиган бўлса, ягона логистик йўл пайдо бўлади. Бу Ғарб давлатларига ҳам маъқул лойиҳа.

Интервьюнинг видео шаклини Xabar.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилинг.

Нурматов Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг