Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Германия собиқ канцлери мамлакат парламентини судга берди

Германия собиқ канцлери мамлакат парламентини судга берди

Фото: AP

Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер мамлакат парламенти – бундестагни судга берди. Бир неча ой аввал собиқ ҳукумат бошлиғи Россия президенти Владимир Путин билан дўстона муносабатлари сабаб имтиёзлардан маҳрум қилинган эди.  

Шрёдернинг адвокати Микаэль Нагель собиқ канцлернинг имтиёзлар, жумладан, бундестагдаги ёрдамчилар ҳамда хизмат хонасидан маҳрум этилишини қонунга зид деб ҳисоблайди. Адвокатнинг қайд этишича, парламент комиссияси Шрёдерга бу борада ўз фикрини айтиш имконини ҳам бермаган. Шунга кўра собиқ канцлер бундестаг қароридан норози бўлиб Берлин маъмурий судига даъво аризаси берган.

Бундестаг вакили даъво аризаси ҳақида хабарнома олинмагани сабабли ҳолатни изоҳлай олмаслигини билдирган.

Социал-демократлар партияси вакили бўлган Г.Шрёдер 1998-2005 йилларда канцлер вазифасида фаолият юритган. Ҳукумат бошлиғи курсисини топширгач, Россиянинг энергетика ширкатларида мўмай маошли лавозимларда фаолият юритган. Хусусан, Россия Украинага бостириб кирганидан кейин ҳам бир неча ой давомида «Роснефть» директорлар кенгаши раҳбари лавозимида ишлашда давом этган. Бу эса олмон жамоатчилигининг кучли эътирозига сабаб бўлган.  

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида собиқ канцлер президент Путин билан дўстона муносабатлари ҳамда Россия ширкатлари билан ҳамкорликдан воз кечмаётгани сабабли имтиёзлардан айрилди. «Путиннинг Германиядаги энг яқин дўсти» жазо тариқасида бундестагдаги ходимлар бюроси ҳамда офисдан маҳрум этилди. Айни чоқда, унинг пенсияси ҳамда қўриқчилари сақлаб қолинган.

Жамоатчилик босими остида Шрёдер жорий йил май ойида «Роснефть» директорлар кенгаши раҳбарлигидан кетди. Аммо у Кремль билан ҳамон яқин алоқада экани Ғарбга хуш келмаяпти.

2014 йилда Шрёдер Санкт-Петербургда 70 йиллик юбилейини нишонлаган ва тантанада шахсан Путин қатнашган эди. Россия–Украина зиддияти авжига чиққан кунлар собиқ канцлернинг Ғарб рақиб ўлароқ кўрадиган давлатда юбилей ўтказиши Германияда кескин эътирозга сабаб бўлган эди.

2018 йили В.Путиннинг навбатдаги инаугурация лавозимида Шрёдер иштирок этган ва Россия президентининг хос аъёнлари қаторида – патриарх Кирилл ва Дмитрий Медведев билан ёнма-ён турган эди. Ўшанда ҳам олмон матбуоти ўзини хорижий давлат раҳбарининг мулозими каби тутаётган собиқ канцлерни танқид қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг