Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин

Германиядан Самарқандга тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйилиши мумкин

Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Германия туристик ассоциацияси (DTV – Deutscher Tourismusverband) президенти Норберт Фиебиг бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди. Делегация ташрифи Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва «Silk Road Samarkand» халқаро туристик маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маълумот учун: Германия туристик ассоциацияси (DTV) 1950 йил 10 августда Франкфурт-Майнда Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси сифатида ташкил этилган. DTV – Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ташкилоти бўлиб, туризм соҳасида мамлакатнинг 90 фоизини қамраб олувчи 10 мингдан зиёд аъзоларни ўз ичига олади, жумладан, туристик компаниялар, меҳмонхоналар, авиакомпания ва транспорт компаниялари унинг аъзоси ёки ҳамкори ҳисобланади. 

Вазирликдаги учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Европада кенг тарғиб қилиш ва европалик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида «Destination Forum» («DTV»га аъзо энг йирик ва салоҳиятли туристик ташкилотларнинг туристик форуми) лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини катта тажрибага эга бўлган «DTV» ассоциациясининг маркетинг ресурсларидан фойдаланган ҳолда кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири эканлигини дунёга кўрсатиш, Германиядан Самарқанд шаҳрига тўғридан-тўғри чартер рейсларни йўлга қўйиш, биргаликда «Узбекистан» туристик брендини Европага олиб чиқиш, юртимизга ДТВ таркибига кирувчи энг йирик ва энг салоҳиятли туристик ташкилотлар ҳамда туристик операторлар ташрифини ташкил этиш каби масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Учрашув якунида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда ДТВ ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган барча масалаларни амалга ошириш мақсадида ўзаро медиа режа лойиҳаси ишлаб чиқиш, шунингдек, 2023 йилнинг апрел ойида «Destination Forum» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.

Музокаралардан сўнг хорижий делегация аъзолари юртимизнинг Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий, маданий ва диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, янги барпо этилган туристик объектлар ва туристик инфраструктура билан яқиндан танишишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг