Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳавасдан хиёнатгача...

Ҳавасдан хиёнатгача...

Тонгни қандай қарши оламиз? Кўпчилик ҳали уйқу ҳазмидан халос бўлмаёқ, ярим тунгача ҳамроҳи бўлган ёнидаги телефонга илҳақ қўл чўзади. Кун шу ҳолда қарши олинади.

Ёшга, дунёқарашга қараб ҳаммамиз ўша телефондаги виртуал оламнинг қайсидир тармоғига асирмиз. Тўғри, интернетсиз улғайганлар эҳтимол ўзини «биз беғубор олам вакилларимиз» дер, лекин улар ҳам бугун чексиз «ўргимчак тўри»нинг бир учига боғланган.

Ҳар хил тармоқ, ҳар кимни эҳтиёжига, дунёқарашига, майлига қараб чекланмаган тарзда мулоқотга чорлайди. Ушбу тармоқларнинг фойдали жиҳати чексиз бўлгани ҳолда, уларнинг ёмон, ҳатто даҳшатли томонлари ҳам бисёр.

Асли синфдошларнинг виртуал дийдори учун очилган баъзи тармоқлар, бугун шу қадар кенг қамровлики, бунда синфдош қолиб, ўзгаларга дийдор ғаниматдек. Минг таассуфки, шу тармоқлар сабаб бугун кўплаб оилалар дарз кетмоқда, норасида гўдаклар тирик етим бўлиб қолмоқда, оталарларнинг, эрларнинг мағрур боши эгилмоқда. У ерда кимдир ўзини шоҳ атаса, кимдир буюк шахс дейиши, истаган пайтда ўша машҳур фильмдагидек доктор Жекилдан Хайдга айланиши, Золушкадан зумда Маргога айланиши мумкин. Тармоқнинг оҳанраболиги ҳам шундаки, бунда ўзга ном остида мислсиз ва бетизгин майлларга эрк бериши, зоҳирий мудроқ ҳисларини, орзуларини бевош Хайд кўринишида руёбга чиқариши мумкин.

Аксарият профилларда сохта исмлар, манзиллар, фото ўрнида эса ўзига қаҳрамон деб билгувчи Пўлат Аламдардан тортиб Бойка ёки қайсидир машҳур образларнинг расми. Бу мавҳумлик эса хоҳлаган разолатли хатти-ҳаракатга паноҳ. Бу манзилларда қўрқоқлар ботир, хасислар сахийдек, энг ёмони, аксарият гуруҳлардаги эълонлар «маняк» ошиқ йигитларнинг қўрқинчли изҳорларию, даъватлари билан тўла.

Азалдан миллатимизда эркак улуғ зот деб эҳтиром қилинган, эр кишидан ҳатто шайтон ҳам ҳайиқади дердилар. Аммо ўша тармоқларда баъзи йигитлар шу қадар пасткашликка шайки, улар томонидан аёлларга таклиф этилаётган, хиёнатга чорловчи хитоблару, тубан хизматларни ўқиб «дод» дегингиз келади.

Бу манзилларда бир-бирини кўрмаган виртуал эр-хотинлар қанча, «клики» борлар учун сирли суҳбат ваъда қиладиганлару, аёлларга расм жўнатишини сўраб, кейин тарқатаман деб, шантаж қилувчи товламачилар, садақа сўровчи виртуал гадойлар, хуллас, тубанликни касб қилиб олганлар қанча... Ўша тармоқларда биз англамаган яна қанчадан-қанча разолатларга тўла жиҳатлар бордир. Аммо энг ёмони, ёшларимиз жуда кўп вақтини шу ерда ўтказмоқда, бошқача қилиб айтганда, ичида яшамоқда ва ҳар хил маълумотларни қабул қилиб олмоқда. Ўз ўрнида, дунёқараши ҳам шу тармоқлар сайқалида шаклланмоқда.

Баъзи тармоқларда «лайкомания» шу қадар авжки, оний лаҳзалик интернет «юлдузи» бўлиш учун баъзи ёшларимиз темир йўл рельсига ётиб, ёки вагонлар устига чиқиб, жонини хатарга қўяётган бўлса, бошқалари ўз туққан онасига ёки ўқитувчисига бетамиз қилиқларини тасвирга олиб тарқатишдан тоймаяпти.

«Лайк» илинжидаги расмлар ҳам хилма-хил, халат ва бошда чамбарак сочиқли бека ҳозиргина ҳаммомдан чиққанини изоҳлаб жойласа, бошқаси шундоқ ётоқхонада селфи қилишдан ҳам тоймайди. Авваллари аёлларимиз латофати узун сочлару, сурмали кўзларда намоён бўлган бўлса, энди барча гўзаллик гўёки лабларда жам бўлгандек, селфиларда қизларимизнинг лаблари чўччайган...

Афсуски, ижтимоий тармоқларнинг биз санаган зарарли жиҳатлари фақатгина инсоннинг маънавий ёки тарбиявий жиҳатига эмас, балки энг катта зарба — унинг руҳиятига, саломатлигигадир.

Катта шаҳарларнинг бирида ишловчи уролог танишимнинг надомат билан айтишича, ҳозир 30-40 фоиз куёвлар никоҳ оқшомида «вазифани вақтида адо этолмай» юзи шувит бўлиб қолмоқда. Ачинарлиси, эркакларнинг 50 ёшдан кейин учрайдиган нозик дарди тобора ёшармоқда. Афсуски, бу борада ўша тармоқлардаги мислсиз сирли суҳбатларнинг, вақт бевақт майлга эрк берилишию, «томошабоп» расмлар ва видеоларнинг «ҳисса»си беқиёс экан. Ундан ташқари, интернетда ўтириш ёшларнинг кўзига, миясига, нерв тизимига, хотирасига, уйқусига ва бошқа кўплаб салбий таъсири борлиги ҳам аниқланган. Қолаверса, камҳаракатлик оқибатида юрак-қон томирларидаги касалликлар ҳам авж олмоқда.

Яқин тарихгача бир қизнинг муҳаббатини қозониш бир олам, у билан кўришиш бир олам бўлгани ҳолда, омади келган ошиқнинг эришгани бир бўса бўлар эди... Энди-чи, қанчадан-қанча дил изҳорлари бор бисоти билан шундоқ телефон экранидан янграмоқда. Сарсон туйғулару, сирли суҳбатлар телефондаёқ адо этилиб, маҳтал қилгувчи ҳиссиётлар ўз қадрини йўқотмоқда. Ахир, сохта висолдан жунбушга келаверадиган инсон организмида чин васл қадри ҳам сусайиши аниқку.

Нима қилмоқ керак?

Маънавият бизга нега керак, у нима беради дейдиганлар энди жавоб беринг, маънавиятсизлик бизга нима беради? Технологиялар даври давом этар экан, биз ёшлармиз учун фойдали, уларни интелектуал ривожлантирадиган платформаларни янада кўпайтиришимиз ва уларни қулай, қизиқарли, муҳими текин қилиб қўйишимиз керак.

Ҳозир кўплаб қизиқарли ва фойдали тармоқлар пуллик. Тил ўрганиш дейсизми, қизиқарли китоб ўқийман дейсизми, аксариятига онлайн тўлов мавжуд.

Маънавиятга деб, номига ўтказиладиган тадбирларга қанчалаб маблағлар ажратилмоқда. Ўша маблағлар ҳисобидан ёшлар учун қизиқарли, фойдали, бепул ва асосийси мукаммал ресурслар яратилса. Ота-оналар ҳам фарзандларининг билим олишига биринчи синфлариданоқ жиддий эътибор беришса. Билимли авлоддан бўлар-бўлмас маънавиятсизлар чиқмайди. Ана шунда бизнинг келажагимиз, тақдиримиз бўлган ёшлар қайсидир унсурлардан, бемаъни одатлардан холи бўлармиди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг