Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳеч ким «бир думалаб» судья бўлиб қолмайди

Ҳеч ким «бир думалаб» судья бўлиб қолмайди

Бошқа касб эгаларига ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтиш керакки, судьялик – ўзгача лавозим. Инсон тақдири билан бевосита боғлиқ лавозимнинг талаби ҳам шунга яраша бўлиши табиий. Зеро, айтадиларки, судья – жамиятнинг юзи. Таъбир жоиз бўлса, суд идоралари жамиятнинг маънавий-ҳуқуқий қиёфасини белгиловчи барометр ҳисобланади. Жамиятда ижтимоий адолатнинг барқарорлиги эса судьяларнинг профессионал салоҳияти ва профессионал лаёқатига боғлиқ экани маълум.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босиқичида судлар мустақиллиги ва дахлсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьялар корпусини шакллантириш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси 10-моддасида судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши шартлиги қайд этилган.

Маълумки, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Айни пайтда мазкур даргоҳда 73 нафар судьяликка номзодлар таҳсил олиш боробарида туман ва туманлараро судларида амалиёт ўтамоқда. Таҳсил – ёш кадрларни назарий билимларини оширишга хизмат қилса, амалиёт уларда касбга кўникмалар шакллантириш ва руҳий тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Куни кеча Судьялар олий кенгаши аъзолари номзодлар билан улар амалиёт ўтказаётган судларда учрашди. Самимий ўтган жонли мулоқотда амалиёт ўташ дастури, унинг самарадорлиги билан яқиндан танишдилар. Зарур тавсиялар бердилар. Шунингдек, номзодларга бириктирилган устоз судьялар билан суҳбатлашилди. Зотан, судьяларни касбий тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, фаолияти самарадорлигини ошириш ва рағбатлантириш Кенгашнинг асосий вазифаси сифатида қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган экан, бу ўз-ўзидан ёш кадрларга ҳам жиддий эътибор қаратишни тақозо қилади.

Бунда «Устоз-шогирд» анъаналари самарадорлигини ошириш ҳам фойдадан холи бўлмаслиги тажрибалардан аён.

Судьяликка номзодлар билан учрашув ниҳоясида жойларга чиқиб, номзодларнинг амалиёт ўташ жараёнларни яқиндан кузатиб бориш, жонли мулоқотларни доимий амалга ошириш ва мониторингини олиб боришга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг