Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳокимларнинг Кенгаш раиси сифатидаги мақоми бекор қилинади. Оз қолди

Ҳокимларнинг Кенгаш раиси сифатидаги мақоми бекор қилинади. Оз қолди

Фото: «parliament.gov.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги Қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 28-бандида ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш масаласи назарда тутилган.

Давлат дастурининг ушбу банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 3 апрелдаги Қўшма қарори билан вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, Олий Мажлис палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилди.

Жорий йилнинг 13 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Йиғилишда вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси кўриб чиқилди.

Хусусан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Корея, Япония, Канада, Грузия, Туркия, Россия ва Қозоғистон каби қатор давлатларнинг маҳаллий вакиллик ва ижро органлари раҳбарлари мақоми ва ваколатлари бўйича тажрибаси ўрганилиб, ушбу мавзуларда олиб борилган фундаментал ва амалий-илмий тадқиқотлар ўрганилди, амалдаги қонун ҳужжатларининг тўлиқ инвентаризацияси ўтказилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиниши муносабати билан келиб чиқиши мумкин бўлган масалалар – Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, штат бирликларига бўлган эҳтиёж ва бошқа масалалар жойларга чиқиб ўрганилди, ушбу масала юзасидан ижтимоий сўровлар ўтказилди ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ўрганишлар ва амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Ишчи гуруҳ томонидан «Ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақоми бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг дастлабки варианти ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида ҳокимларининг маҳаллий вакиллик органлари раҳбарлари сифатидаги ваколатларини бекор қилиш ва алоҳида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини жорий қилиш, Кенгашларда доимий асосда ишловчи депутатлар фаолиятини ташкил этиш, халқ депутатлари Кенгаши раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тартиби каби комплекс масалалар ўз ечимини топган.

Шу билан бир қаторда, қонун лойиҳасида Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари мақоми, Халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятига ташкилий, моддий-техник ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмаклашувчи котибиятлар фаолиятини ташкил қилиш масалалари ҳам ўрин олмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилишда тайёрланган қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди ва маъқулланди. Йиғилиш якунида қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш ва натижаси асосида маромига етказиш, лойиҳани тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашлари муҳокамасига киритиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг