Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳолвани ҳаким, калтакни етим ейди»ми? Ёхуд «ҳаммасига СЭС айбдор» дейдиганлар диққатига!

«Ҳолвани ҳаким, калтакни етим ейди»ми? Ёхуд «ҳаммасига СЭС айбдор» дейдиганлар диққатига!

Фото: «Sfera.fm»

Ҳурматли блогерлар ва видеолавҳалар ҳамда қизиқарли маълумотларни ҳар хил сайтларга жойлаштириш орқали жамоатчилик эътиборини тортиш имкониятига эга дўсту биродарлар!

2020 йил 8 январда «UZBEK VIDEO» ижтимоий тармоғи сайтининг саҳифаларида «Фаст-Фуд»ларни севиб истеъмол қиладиганлар огоҳ бўлинг!» рукни остида «фаст-фуд»ларни ишлаб чиқариш шохобчаси манзилида санитария-гигиена қоида талаблари бузилган ҳолда таомлар тайёрланиши кўрсатилган. Албатта, бу ачинарли ҳолат. Лекин намойиш этилган лавҳаларга муносабат билдирган биродаримиз сўзи бошида «СЭС келадими ўзи, СЭС...?» деган савол билан шу ерда ишлаётган ходимларга мурожаат қилгани бизни бироз таажжублантирди.

Лавҳани сайтга жойлаштирган биродаримиз ҳозирги кунда хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти санитария-эпидемиология хизмати томонидан назорат қилинмаслигини билмайдими? Лавҳаларни тайёрлаб эфирга узатиш ёки сайтларга жойлаштиришдан аввал бу каби ҳолатларга ким масъул, нега шу даражага келиб қолди, қайси инсофсиз бундай қонун бузилишларига жавоб бериши ва ким назорат қилиши керак, деган саволларни ўзига бериб кўрса яхши бўларди. Нега биз яна «Ҳолвани ҳаким, калтакни етим ейди» қабилида иш тутяпмиз?! Мазкур ҳаракат атайлаб, биров айбини бошқанинг бўйнига қўйиш орқали одамларни чалғитиш ёки муаммодан қочишми?

2020 йилнинг 13 январь куни эса «UZBEK VIDEO» ижтимоий тармоғи сайти орқали Андижон вилоятида деб тасвирга олинган, санитария талабларига зид равишда колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлиги намойиш этилди. Иккита ҳолатда ҳам санитария талабларини қўпол даражада бузиб фаолият кўрсатаётган объектлар номи ва манзили сир сақланмоқда, бундай йўл тутишдан мақсад нима?

Табиий, бу каби лавҳаларни биринчи марта кўрган одам албатта «СЭС айбдор экан» деган хулосага келиши тайин. Шундай қилишга уриниш ҳам лавҳалардан сезилиб турибди... Лекин нима учун солиқлар ўз вақтида тўланмаса — солиқ инспекцияси, ёнғинга қарши талаблар бузилса – ёнғинга қарши кураш хизмати, меҳнат қонунчилиги бузилса – меҳнат инспекцияси ва санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар бузилса, муаллиф таъбири билан айтганда, «СЭС» жавоб бериши керак.

Намойиш этилганидек, агар тадбиркор аянчли шароитда маҳсулотларни тайёрлаётган, аҳолига сотаётган, улар саломатлигини хавф остига қўяётган ва бу каби инсофсизларча муттаҳамлик орқасида фарзандларини боқаётган бўлса, унда СЭСнинг айби нима?!

Лавҳа ортида фикр билдирган биродаримиз, тадбиркорга қарата эй инсофсиз, бу нима қилганинг, Аллоҳдан қўрқмайсанми, шарт-шароитларни тўғрилаб қўйсанг бўлмайдими, пулингни ҳалоллаб олмайсанми, қачонгача тепангда «СЭС» туриши керак, демайдими?

2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5884-сонли Фармонига мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармалари ва туман (шаҳар) филиаллари томонидан ваколатли органни хабардор этиш орқали озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳар чоракда бир маротаба текширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг қуйи тизими муассасалари ўз фаолиятини тўлиқ бошлаганидан сўнг юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектлар ҳақидаги маълумотлар ва видеолавҳаларни айнан ташкилотимиз ташаббуси билан нуфузли сайтларга жойлаштириш режалаштирилганини маълум қилмоқчимиз.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаётган маълумотлар ҳаққоний ва аниқ манзилли бўлиши керак, токи одамлар ким инсофсиз ва ношуд эканини билишсин. Фақат шундай қилинсагина, самара юқори бўлиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

Р.Касимов,
ЎзР Вазирлар 
Маҳкамаси ҳузуридаги
санитария-эпидемиология назорати
давлат инспекциясининг
бош мутахассиси,

С.Рахматов,
етакчи мутахассис

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг