Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Humo банкоматлари орқали Mastercard карталаридан нақд пул ечиш йўлга қўйилди

Humo банкоматлари орқали Mastercard карталаридан нақд пул ечиш йўлга қўйилди

Ўзбекистон аҳолиси ва хорижий меҳмонларга Mastercard халқаро карталаридан маблағларни миллий валютада ечиб олиш жорий этилди. Ўзбекистон шаҳарларида ўрнатилган Humo банкоматлари фуқаролар ва сайёҳларга хизмат кўрсатади.

Тошкент – Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) Mastercardкарталари эгаларига маблағларини Humo банкоматларида миллий валютада ечиб олиш жорий этди. Маблағлар Mastercard халқаро тўлов тизими томонидан белгиланган курс бўйича ечиб олинади.

«Халқаро карталардан миллий валютадаги маблағларни бемалол нақд пул шаклида ечиб олиш – мамлакат қанчалик «tourist-friendly» эканлигининг муҳим кўрсаткичларидан бири. Кейинчалик биз Visa ва Mastercard карталарининг эгалари учун тўловларни Humo терминал тармоғида қабул қилишни жорий қилиш ниятидамиз», – дейди МБПМ директори Шуҳратбек Қурбонов.

«Бизнинг мижозларимиз учун бундай имкониятнинг берилиши, сўзсиз, бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизда олдинга ташланган муҳим қадам ҳисобланади. Нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш нафақат мамлакатдаги туризм соҳасини яхшилашга ёрдам беради, балки Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қулайлик яратади. Биз МБПМ билан шундай самарали ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз», – қўшимча қилди Mastercard нинг Грузия ва Марказий Осиёдаги Бош директори Игорь Степанов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 августидан HUMO банкоматлари Visa халқаро карталарини қабул қила бошлади. 500 дан ортиқ Humo банкоматлари Humo, Visa ва Mastercard карталари эгаларига хизмат кўрсатиши мумкин.Банкоматдан миллий валютада нақд маблағларни бериш учун комиссия банкнинг ўзи томонидан белгиланади, курс эса бевосита карта эгасининг тўлов тизими билан белгиланади. Humo банкоматлари сайёҳлар кўп бўладиган шаҳарлардаги йирик диққатга сазовор жойлар, меҳмонхоналар, бозорлар яқинидаги 24/7 пунктларида жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг