Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи» – бу норма конституцияга албатта киритилиши керак

«Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи» – бу норма конституцияга албатта киритилиши керак

Фото: «Xabar.uz»

Амалдаги конституциямизнинг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги белгиланган.

Бу ўринда амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснолиги ҳам қайд этилган. Кўриниб турибдики, Асосий қомусимизда ахборот олиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилган.

Лекин ўттиз йил олдин қабул қилинган бу норма жамият ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришларни, ахборот технологияларининг ижтимоий-иқтисодий муносабатларга таъсирини ҳар жиҳатдан қамраб ололмаслиги кўриниб турибди.

Бугун, яъни 21-асрда, инсонларнинг, айниқса ёшларнинг фикр ва сўз эркинлиги, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш сингари ҳуқуқларини қандай амалга оширилиши уларнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан эркин фойдаланишларига бевосита боғлиқ.

Шундай экан, ҳаёт тарзимизнинг, касбий фаолиятимизнинг салмоқли бир бўлаги, комил инсон шаклланишининг асосий омилларидан бири бўлаётган интернет жаҳон тармоғидан эркин фойдаланиш ҳуқуқининг асосий қомусимиз – Конституцияга киритилмаслиги мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бу норма албатта киритилиши керак. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларида, етук давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган ва ўзининг самарасини кўрсатаяпти.

Масалан, БМТнинг 2016 йил 5 июлдаги резолюцияларида Интернетдан фойдаланиш имконияти асосий инсон ҳуқуқларидан бири экани таъкидланган.

Жорий йилнинг апрель ойида АҚШ, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа 32 мамлакатлар томонидан «Интернет келажаги Декларацияси»да қабул қилинди. Унда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, Интернетнинг «очиқ, ишончли ва хавфсиз»лигини таъминлаш масалаларга катта эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Бу, энг аввало, Интернетнинг жамиятлар ва инсоният тараққиётидаги ўрни ва роли нақадар юксалаётганидан далолатдир.

Финландия, Эстония, Испания сингари давлатларда замонавий ахборот технологиялардан эркин фойдаланиш давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Франция Конституциявий кенгаши 2009 йили интернет ва ахборотдан фойдаланишни инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида эътироф этган.

Бугун жадал суръатлар билан ривожланаётган, ўз жамияти, иқтисодиёти, умуман барча соҳаларни рақамлаштиришга киришган Янги Ўзбекистон бу сиёсий жараёнлардан четда қололмайди. Бу – ҳозирги давр талаби. Буни унутмаслигимиз керак.

Масаланинг яна бир диққатга сазовор жиҳати бор. Ахборот ва алоқа технологияларининг доимий, узлуксиз ривожланишиб бориши, улардан фойдаланишнинг янги шакл ва воситаларининг доимо пайдо бўлиши кибермаконда ҳуқуқбузарликлар, жиноятлар сонини кўпайтириши мумкин ва бу вазият уларга қарши курашнинг янги, замонавий, ниҳоятда такомиллашган усулларини яратишни, тартибга солишнинг янги механизмларини ишлаб чиқишни талаб қилиши табиий. Яъни миллий қонунчилигимизда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик масалаларига оид нормаларни тизимли равишда ахборот технологиялари ривожига параллель равишда такомиллаштиришиб боришимиз керак бўлади. Бунинг учун ҳуқуқий асос керак. Янги конституцияда интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши миллий қонунчилигимиздаги шу соҳадаги муносабатларни тартибга  солиш, яъни  барча муносабатлар қонун доирасида бўлишини таъминлаш учун зарур платформа бўлади.

Бундан ташқари Интернет тармоғидан ахбророт олиш ва уни тарқатишдаги суистеъмолликларни, инсон ҳуқуқларининг поймол бўлиши, ёшларимизнинг ноанъанавий таҳдидлар таъсирига тушиш ҳолларининг олдини олиш, бошқа шахсларнинг барча конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, шахсий сир, давлат сири ёки бошқа соҳаларга тааллуқли сир деб эътироф этилган ахборотларни олиш ва тарқатишни қонунга мувофиқ чеклаш лозим.

Бошқа барча холатларда ҳар бир фуқаро ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, интернетдан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бу норманинг конституцияда мустаҳкамланиши мақсадга мувофиқлигига шахсан менинг шубҳам йўқ.

Музаффар Жалолов,
Тошкентдаги ИНҲА универститети ректори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг