Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаримадан норози «Тез ёрдам» ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди

Жаримадан норози «Тез ёрдам» ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган тез ёрдам ҳайдовчиларининг видеомурожаати билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисми бўйича М. Самиқов (1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси махсуслаштирилган автохўжалиги ҳайдовчиси) ва Д. Касимов (1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси махсуслаштирилган автохўжалиги механиги) га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби.

Суд мажлисида аниқланишича ҳуқуқбузар М. Самиқов 2023 йил 9 январь куни Telegram мессенжери орқали Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг махсуслаштирилган автохўжалигига Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБдан юборилган тез тиббий ёрдам автомашиналари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун тайинланган қарорларда белгиланган жарималарни гўёки тез тиббий ёрдам ҳайдовчиларининг ойлигидан олиниб қолинаётганлиги хақида ёлғон маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаган. М. Самиқов шу сабабли тез тиббий ёрдам хизмати автомашиналари чақирувга ўз вақтида етиб борилмаслигида уларни айбламасликларини рўкач қилиб, ушбу ҳаракатлари билан жамоат тартибига таҳдид солувчи ҳамда кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига ва эътирозига сабабчи бўлган ёлғон ахборот тарқатган.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 2023 йил 11 январдаги қарори билан М. Самиқовнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишнинг шу қисми МЖтКнинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди. М. Самиқов МЖтКнинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, у МЖтКнинг 21-моддаси (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш) га асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилди ва огоҳлантирилди.

Д. Касимовнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддаси ва 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан юритилган маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 9 январь куни йўллардаги қоидабузарликлар учун жарима баённомаларини олаётгани ҳақида 9 нафар тез ёрдам ҳайдовчилари видеомурожаат билан чиққан эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг