Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Камситишлар ўлкаси — АҚШ Хитойга қарши қандай курашмоқчи?

Камситишлар ўлкаси — АҚШ Хитойга қарши қандай курашмоқчи?

Фото: Getty Images

Меҳнат лагерлари, «қайта тарбиялаш», репрессия ва мутлақ назорат остидаги ҳаёт — кўплаб ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, Хитойдаги мусулмон-уйғурлар ҳаёти айнан шундай кўриниш касб этган. Айнан жабрдийда уйғурлар тақдири АҚШ ва Хитой ўртасидаги «совуқ уруш»нинг янги раундига сабаб бўлди. Ҳозирча Оқ уй санкциялар билан таҳдид солмоқда. Бир вақтлар собиқ иттифоқ ҳам шу таҳлит таназзул сари юзланган эди. АҚШ яна шундай ҳаракатни амалга оширмоқчими? Келинг, шу саволга жавоб қидириб кўрамиз.

Қоралаган Ғарб ва оқлаган Шарқ
«Бутун ҳудуд улкан концлагерга ўхшайди ва унда миллионлаб уйғурлар тутқунда сақланмоқда. Улар ўз динидан воз кечишга, хитой тилини ўрганишга ва хитойча дунёқарашни ўзлаштиришга мажбурланмоқда. Пекин 11 миллион аҳолининг диний эътиқоди ва тарбиясини ўзгартиришга интиляпти. Бу билан ўзлигини унутган ва коммунистик партияга садоқатли одамларни етиштиришни мақсад қилган», — дейилади ғарб матбуоти томонидан тарқатилаётган хабарларда. Агар илгари жаҳон ҳамжамияти шунчаки норозилик билдирган бўлса, охир-оқибат БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашида Хитой масаласи овоз қўйишга қадар борилди.

Аммо Ғарб Хитойни қоралаб чиқди, Шарқ эса оқлади. БМТ кенгашида 36 мамлакат Хитойнинг тарафини олди. Улар орасида Россия, Саудия Арабистони ва КХДР қатори Тожикистон ва Беларусь ҳам бор эди. Бу давлатлар берган баёнотга кўра Хитой Уйғуристонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақидаги айбловларни инкор этиш имконига эга. Натижада Хитой Ғарбнинг айбловларига осон чап беришнинг уддасидан чиқди, чунки уни қўллаётган давлатлар сони кўпроқ эди. Агар 22 мамлакат Хитойни айблаб чиққан бўлса, 36 давлат қўллаб-қувватлади. Аммо бу билан мамлакат ташқи ишлар вазирлиги жиддий ютуққа эга бўлгани йўқ. АҚШ аллақачон янги санкциялар урушига тайёргарлик кўришни бошлаб юборган эди.

Бу уруш аломатлари аллақачон кўзга ташланиб қолганди — 27 июнда АҚШнинг 7 сенатор-демократи Хитойга қарши санкцияларни кечиктирмаслик ҳақида Доналд Трампга хат йўллади. Хатда шундай ёзилган эди: «Бу санкциялар Шинжондаги уйғурлар учун қурилган «меҳнат лагерлари»га муносиб жавоб бўлиши лозим». Эътиборли томони, хатни имзолаганлар орасида Элизабет Уоррен, Берни Сардерс ва Кирстен Жиллибранд ҳам бор. Бу сенаторлар АҚШ президентлигига даъвогарлик қилиши кутилмоқда. Улар Америка қадриятларига содиқ қолган ҳолда Хитойдаги ҳуқуқбузарликлар Американинг маънавий етакчилигига таҳдид солишига ишонади. Демак, Хитой билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар яқин орада яхшиланишини кутишга ҳожат ҳам йўқ.

Ўхшамаган жавоб
Шубҳасиз сенатор-демократлар ушбу хатни ёзишда АҚШ давлат департаменти томонидан чоп этилган «Дунёдаги эътиқод эркинлиги тўғрисида доклад»га асосланган. Ушбу докладда Хитой ҳукумати инсон ҳуқуқларини поймол қилишда ва Шинжонда мусулмон-уйғурларга нисбатан репрессиялар ташкил этишда айбланади. Боз устига давлат департаменти раҳбари Помпеонинг гаплари ёниб турган оловга мой сепгандек бўлди. У Уйғуристондаги ҳолатни «аср шармандалиги», Хитойни эса «инсон ҳуқуқлари инқирози ҳудуди», деб атаган.

Хитой дарҳол бунга жавоб қайтарди, бироқ у қадар муваффақиятли эмас. Эртаси куни Шинжонда истиқомат қиладиган юзлаб олимлар ва дин ходимлари Помпеонинг гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақидаги мурожаатга имзо қўйишди. Эътиборли томони, ушбу хатнинг фақат охирги абзаци хитойча имзолар билан эълон қилинган. Унда Хитойнинг ички ишларига аралашмаслик ва Шинжон масаласига «холис ёндошиш» талаби қўйилган. Шу сабабдан имзо қўйганларга хат тўлиғича эмас, балки фақат шу абзац ўқитилгани тўғрисида шубҳа пайдо бўлади.

Кўчириш ва сармоя
Шинжондаги вазият дарҳақиқат анча қалтис бўлиб турибди. Гарчи ушбу ҳудуд аҳолиси тарихан мусулмонлар бўлиб келган бўлса ҳам, ҳукумат у ерга борган сари кўпроқ хан-хитойларини кўчиришга ҳаракат қилмоқда. Бу борада Пекин анча катта муваффақиятга эришган — провинция пойтахти Урумчида уйғур миллатига мансублар аллақачон камчиликни ташкил этади.

Шу билан бирга Хитой Шинжон Уйғур Автоном туманига анча катта сармоя киритаётганини тан олиш керак. Пекин асосан қишлоқ хўжалиги ва фойдали қазилма бойликларини ўзлаштиришга пул тикаётгани эса бошқа масала. Масалан, нефт-газ соҳаси охирги йилларда анча ўсишга эришди.

Эски услуб — керак бўлса тарих ҳам ўзгаради
Хитой 20 июлда Уйғуристон тарихига оид китоб тақдимотини амалга оширди. «Оқ китоб» деб аталувчи ғоялар жамланмасига кўра бу ерлар қадимдан Хитой тамаддунига тегишли бўлган. Ислом дини ва туркий халқлар эса четдан кириб келгани таъкидланади. Хитой қадимги анъаналар ва коммунизм ғояларини тараннум этган ҳолда яна бир бор тарихга ўз ғояларини тасдиқлаб олиш воситаси ўлароқ мурожаат этган.

Оқ китобнинг асосий тезислари:

1. Шинжон Хитойнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

2. Шинжон ҳеч қачон Шарқий Туркистон бўлмаган.

3. Шинжон халқи ва маданияти — хитой миллатининг таркибий қисми.

4. Ислом уйғурларнинг ягона ва дастлабки дини эмас.

5. Ислом Шинжонга Араб халифатининг экспансияси ўлароқ кириб келган. Уйғурлар исломни ихтиёран қабул қилмаган, балки «ҳукмрон синф» томонидан куч билан, диний урушлар орқали мажбуран сингдирилган.

Ушбу китоб орқали Хитой яна бир бор тарғибот машинасининг амалиётини кўрсатиб берди.

Ҳарбий милиция, бронетранспортерлар ва айғоқчи-смартфонлар
Чин ўлкаси учун ШУАТ ҳамон муаммоли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Чунки ўлкада сепаратист кайфиятдаги шахслар кўплаб топилади. Маҳаллий аҳоли охирги марта 2013 йилда норозилик билдирган ва 200 дан ортиқ уйғурлар ўлдирилган эди. Шундан буён Пекин назоратни тобора кучайтириб келмоқда. Масалан, Урумчи шаҳридаги ҳар бир катта кўчада ҳарбий милиция ва бронетранспортерлар бўлиши одатий ҳолга айланган.

Шунингдек маҳаллий аҳолининг смартфонларини текшириш ҳам. Ҳар бир уйғур ўз телефонига махсус иловани ўрнатиши шарт. Ушбу илова «хавфли» файлни топгани ҳамоно полицияга телефон эгаси ҳақида хабар жўнатади.

Шинжондаги «меҳнат лагерлари» ҳақида илк бор 2017 йилнинг апрелида хабарлар пайдо бўлган эди. Айни вақтда бу лагерларда 800 мингдан 2 миллионгача одамлар ушлаб турилибди. Расмий Пекин кичик ҳуқуқбузарликлар содир этган одамлар бу лагерларда «қайта тарбияланиши» шарт деб ҳисоблайди. Америка эса бу лагерлар ҳақида мутлақо бошқача фикрда.

Икки қутб
Аслида АҚШ 70-йилларда собиқ иттифоққа қарши олиб борган курашида ҳам айнан инсон ҳуқуқлари масаласини биринчи ўринга қўйган эди. Президент Жимми Картер маъмурияти СССРда инсон ҳуқуқлари қай тариқа бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқатган ва қизил империянинг обрўйини тўкиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширганди. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзага келмоқда.

Хитой ҳукумати санкциялар ҳақидаги хабарларни яхши қабул қилмаслиги турган гап. Умуман, Пекин Уйғуристон ҳақидаги хабарларни жуда оғриқли қабул қилади. АҚШ эса айнан шундай хабарлар орқали уни обрўсизлантиришга уринади. Бундай вақтда Хитой кўпроқ Россия билан яқинлашишга ҳаракат қилиши кутилмоқда. Агарда воқеалар жараёни шу таҳлит давом этса, яна бир вақтлардагидек дунё сиёсий оламида икки қутб юзага келиши турган гап. Агар аллақачон юзага келган бўлмаса...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг