Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Карантин оилавий муносабатларга қандай таъсир қилди?

Карантин оилавий муносабатларга қандай таъсир қилди?

Фото: «Xabar.uz»

Мана бир неча ойдирки, олам ва одам ўзи кутмаган, тайёр бўлмаган оғир синовни енгиш учун суронли кураш олиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон ҳам. Март ойида жорий этилган карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирилаётган бўлишига қарамай ҳамон ўз кучида.

Пандемия нафақат давлатлар иқтисодиёти, ички ва ташқи сиёсатига, балки оилавий муносабатларга ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, Хитойда карантин сабаб оилавий ажримлар анча кўпайди. Жумладан, март ойида марказда жойлашган Сиан шаҳри ҳамда Сичуан вилоятидаги Дажоу шаҳарларида рекорд даражадаги ажрашишлар қайд этилган. Туркияда эса март ойининг ўзида ажрашиш учун даъво аризалари сони январь ойидагига таққослаганда 4 маротаба кўп келиб тушган. Хўш, нега? Бизда вазият қандай?

Ота-она, фарзандлар қайтадан топишишди!

Феруза Азимова, Республика «Маънавият ва марифат» маркази бўлим бошлиғи:

— Оила – бир кунлик, бир йиллик эмас, балки бир умрлидирки, бу маконда ҳар кун, ҳар соат ёки ҳар ой, ҳар йилда қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар, янгидан-янги ташвишу қувончлар содир бўлиб туради. Кузатувларимиздан аёнлашдики, бизда карантинда уйда ўтириш туфайли аксарият оилалар «қайтадан топишди»! Ота-она, фарзандлар бир-бирини қайтадан «кашф этишди». Масофавий таълим, онлайн дарсларнинг асосий масъулияти ота-она зиммасига тушди. Фарзандларининг сифатли билим олиши, дарсларни пухта ўзлаштиришини истаганлар улар билан бирга машғулотлар олиб боришди, топшириқларни ўз вақтида бажаришди. Ушбу жараёнларда, айниқса, оталар иштироки юқори бўлди. Бу ўз-ўзидан фарзандлар таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатди, дейишимиз мумкин.

Одатий ҳаёт тарзида баъзан ҳафталаб бир дастурхон атрофига йиғилолмаган оила аъзолари кунлаб, ҳафталаб, ойлаб жамулжам таомланишди. Ўзаро дилдан суҳбатлашиб, бир-бирларини яқиндан ўрганишди, қўллаб-қувватлашди. Бироқ бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган ушбу эпидемик ҳолатни эътиқод имтиҳони, иймонни мустаҳкамлаш, ўзликка қайтиш, яқинларга яқинлашиш имкони дея баҳолаб турган бир вазиятда бунга мутлақо қарама-қарши жараёнлар ҳам кузатилди. Уларни бартараф этиш ва олдини олиш учун ҳар бир тизим, ҳар бир соҳа ўз вазифасига янада чуқурроқ ёндашиб, мана шундай хато ва камчиликлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, қийинчиликларни енгиб ўтиш борасида жиддий изланишлар олиб бормоқда. Зеро, оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани диққатга сазовордир.

Хитойни Ўзбекистон билан солиштириб бўлмайди!

Шоира Исакова, психолог:

— Биласизми, қайсидир маънода Хитойни Ўзбекистон билан солиштириб бўлмайди. Чунки уларнинг оилавий қарашлари, қадриятлари, урф-одатлари, ота-она ва фарзандига бўлган муносабати бизникидан анча фарқ қилади. Юртимизда азалдан оила муқаддас даргоҳ сифатида қадрланади. Уни асраш бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Оилаларимиздаги сабр-қаноат, вафою садоқат, шукуроналик каби ижобий сифатлар билан бирга ўзаро ҳурмат, самимият, катталарни эъзозлаш, аҳил-иноқлик ота-боболаримиздан мерос бўлиб келган. Менимча, карантин даври кўп оилаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди. Негаки, ишдан кейин чойхоналарда қолиб кетадиган оталаримиз бўш вақтларини уйда ўтказиб, томорқа, рўзғор ишларида аёлларига, оналарига елкадош бўлишди; бекаларимиз яна бир бор пазандачилик маҳоратини кўрсатиб, таомлари номдор ресторанларникидан қолишмаслигини исботлашди.

Мана шу қисқа муддат ичида оилавий муносабатлар янада яхшиланди. Фарзандлар билан тарбиявий алоқалар ўрнатилди, уларга эътибор кучайди, доимий таъкидлаб келинадиган муаммолардан бири – ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар изига тушди. Чунки охирги пайтларда ота-оналарнинг доимий бандлиги туфайли фарзандлар билан мулоқотга деярли вақт ажратилмаётган ва болалар руҳиятида норозилик кайфияти юзага келиб, муносабатлар бироз салбий тус олаётган эди.

Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, айримларнинг руҳиятида ўзгаришлар ҳам кузатилди. Уларда стресс, тушкунлик, ваҳима ва қўрқув кучайиб, асаб тизими билан боғлиқ касалликлар келиб чиққанига гувоҳ бўлдик.

Тўғри, баъзи оилаларда турли кўринишдаги зиддиятлар, қаршиликлар, уруш-жанжаллар, тазйиқ ва зўравонликлар учраб турганини ҳам инкор этолмаймиз. Бунда олдиндан оила ёки болалар тарбияси юзага келган бузилишлар айнан карантин даврида намоён бўлди.

Ажримларнинг олдини олишимиз шарт!

Феруза Муҳиддинова, ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори, Маърифат тарғиботчилари аъзоси:

— Синовли даврда оилаларда ҳамжиҳатлик, аҳиллик ҳукм сургани таҳсинга сазовор. Аммо оилавий низоларнинг озми-кўпми учраши барибир дилни хира қилади. Халқимизда «Эр-хотин уриши – дока рўмол қуриши», деган нақл бор. Буни кўпчилик билади, лекин айни кунда ушбу мақол бироз ҳақиқатдан узоқлашгандек.

Маълумки, иқтисодий танглик оилавий муносабатларни чигаллаштиради. Жорий йил 19 март куни давлат раҳбари бошчилигидаги маҳалла ва оила муаммоларига бағишланган йиғилишда президент Ш.Мирзиёев ажрим сабабларидан бири сифатида ишсизликни кўрсатиб: «Мени энг қийнайдиган масалалардан бири бу – ажрим. Тасаввур қилинг: мамлакатимизда бир йилда 30 мингдан ортиқ ажрим кузатилган. Агар бу оилаларнинг ўртача икки нафардан фарзанди бўлса, бу олтмиш минг бола оила бахтидан мосуво эканлигини билдиради», – деб таъкидлагандилар.

Карантинда ҳамманинг уйда қолиши оқибатида ишсизлик, етишмовчиликлар кузатилди. Бу ҳам ўз ўрнида низоларга сабаб бўлиши мумкин. Шу ўринда савол туғилади: карантин сабаб бизда ҳам ажрим кўпайдими? Йўқ, албатта. Қувонарли томони шундаки, ҳатто пандемияга қарши кураш, карантин даврида ҳам ҳеч бир оила давлат эътиборидан четда қолмаяпти. Аввалдан оиласида низо борлар муносабати карантин даврида авжига чиқди холос. Жанжаллар – ўзаро тушунмовчилик, тез асабийлашиш, кўп кишили хонадонларда холи қолиш учун алоҳида жойнинг етишмаслиги, доимий телефонга боғланганлик, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш, айрим эркакларнинг уй ишлари ҳамда фарзанд тарбиясига ёрдамлашишни хоҳламаслигидан келиб чиқаётгани ойдинлашяпти. Шунингдек, карантин даврида олдиндан уй ишларига уқуви йўқларнинг айби фош бўляпти: рўзғор тутиш, овқат тайёрлаш, кийим-кечакка эътибор, тозалик ва ҳоказолар.

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, никоҳдан ажратиш масалалари юзасидан электрон тартибдаги даъво аризалари бугунги кунда ҳам қабул қилинмоқда. Лекин уларни кўриб чиқиш ва суд жараёни карантиндан кейин амалга оширилади. Бироқ биз оила муқаддас қўрғон эканини унутмаслигимиз, уни сақлаб қолиш учун барча имкониятларимизни ишга солишимиз шарт!

Барчаси исботланган ҳақиқат

Дилдора Каримова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг илм-фан бўйича директор ўринбосари, иқтисодиёт фанлари доктори:

— Биламизки, ҳар бир инсон эзгу ниятлар билан оила қуради. Лекин бу қўрғон фақат яхши ниятлар билангина мустаҳкам бўлиб қолмайди, бунда одамдан ўзига хос пойдевор, тайёргарлик, билим ва кўникма талаб этилади.

Хориж маълумотларини кузатадиган бўлсак, карантин даврида оилавий низолар бўйича шикоят аризалари нисбатан уч маротаба кўпайган. Ҳатто, эпидемияга айланган ажралишларни таърифлаш учун «Covidivorces», яъни «Ковидажралиш» ва болаларнинг қонуний манфаатларини ифодаловчи «Coronababies» — «Короначақалоқлар» норасмий атамалар ҳам келиб чиқди. Демак, масала жиддий!! Бизда ҳам ўзаро оилавий муносабатларда муаммо ва камчиликлар учраб туради... Бироқ айнан карантин сабаб улар сони кун сайин ортиб боряпти, деган нуқтаи назар нотўғри. Аксинча, ушбу синовли кунлар оилалар, маҳаллаларда ноёблашиб қолган меҳр-оқибатни қайтарди. Ҳамжиҳатлик, ўзаро дахлдорлик ҳисси ортди. Қувонарлиси, оилаларимизни турли салбий ҳолатлар, ўзаро келишмовчиликлар тарк этиб, ажрим ёқасида турган оилалар ҳам ярашиб, ҳатто маҳаллаларда ҳамжиҳатлик, ҳаловат муҳити қарор топди.

2020 йилнинг апрель ойида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан «Карантин даврида оилалардаги муносабатлар ва эҳтиёжларни баҳолаш» мавзусида тезкор онлайн сўровнома ўтказилди. Унда республиканинг барча ҳудудларидан жами 468 нафар респондент қатнашди. Тезкор-сўров натижаларидан маълум бўлдики, бир неча ҳафта мобайнида барча оила аъзоларининг бир жойда вақт ўтказгани ўзаро муносабатларга акс таъсир кўрсатмай, ижобийликка хизмат қилган. Хусусан, респондентларнинг 42 фоизи оилавий муносабатлардаги ўзгаришларга тўхталар экан, аксарияти ўзаро муносабатлари янада мустаҳкамлангани, оила аъзолари кўпроқ мулоқотда бўлиш имконияти туфайли бир-бирига нисбатан эътибор ва ғамхўрлиги ошганини, фарзанд тарбияси ва уй юмушларини бажаришда ҳамжиҳатлик кучайганини таъкидлашди.

Психологлар таъкидлашича, энг севимли ва энг яқин кишилари билан бир неча ҳафта ёки ой бирга қолиш турли стресс ҳолатларини келтириб чиқармай қолмайди. Бу барча учун одатий ҳолдир. Сўровномада қатнашган респондентларнинг 33 фоизи баъзида можаролар келиб чиқиб турди, дейишса, 2 фоизи оилада тез-тез келиб чиқадиган жанжаллардан хавотирга тушишган.

Оилавий можаролар сабаби ўрганилганида эса одатдаги турмуш тарзининг ўзгариши ва ўзаро тушунмовчилик (37%), моддий етишмовчилик (30%), маиший муаммолар (10%), спиртли ичимликлар қабули (3%)дан иборат бўлгани аниқланди.

Можароларни ҳал этиш мақсадида ўтказилган сўров натижалари эса оилаларнинг 30 фоизи молиявий ёрдамга, 9 фоизи психологик ва 7 фоизи ҳуқуқий маслаҳатга муҳтожлигини кўрсатди. Умуман олганда, шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда оилаларнинг карантин давридаги ҳиссий (эмоционал) ҳолати яхши ва барқарор, деган хулосага келиш мумкин.

Камола Аҳмедова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг