Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Карим Мирҳодиев: «Ролларимда қандай бўлсам, ўзим худди шундайман...»

Карим Мирҳодиев: «Ролларимда қандай бўлсам, ўзим худди шундайман...»

Фото:«Kino-teatr.ru»

Таниқли актёр Карим Мирходиев «Кино санъати» журналига интервью берди. Ушбу суҳбатда актёр ўзининг кинодаги роллари, кино борасидаги қарашлари, қаҳрамонлар қиёфаси ҳақида сўзлаган. 

– Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини битирганимда дипломимга «Театр ва кино актёри» деб ёзилган. Лекин ўқиб юрган кезларимизда кино тўғрисида деярли маълумот берилмаган. Кўпроқ саҳна санъати ўргатилар эди. Устозим Анатолий Қобулов чиғириқлардан ўтказиб, мени кинога тасдиқлагач, янги оламнинг кўп сирларини ўргатди. Ҳамиша илиқ фикрлар билан хотирлайман. Хоҳ Москва бўлсин, хоҳ бошқа жой, ўз ишига профессионал ёндашган одам учун фарқи йўқ. У ердаги яхши режиссёрлар ўзимизда ҳам топилади. Уларда ҳам ҳаминқадарлари анча-мунча.

Айрим ролларимга нисбатан турли қарашлар, эътирозлар бўлган. Мен актёрман. Фильмнинг эгаси эса режиссёр. Яратаётган образим менинг киноасарга муносабатимни билдирмайди. Қайси давлат фильмида суратга тушишимдан, қанақа роль ўйнашимдан қатъи назар, мен учун миллий ғурур тушунчаси ҳамиша юқори туради. Шу юртда туғилдим, шу ерда яшаяпман ва... ўламан ҳам.

Сценарий саралашда, аввало, ғояга эътибор қаратаман. Масалан, «Сабот» бир инсон тақдиридан ҳикоя қилади. Афғон уруши мавзуси мен учун ҳамиша долзарб. Қанча йўқотишлар бўлди. Театрда Анвар деган ўртоғим овоз оператори эди, бир йил жанг-жадалларда қатнашиб қайтди. Ўзгариб кетган, асаблари таранг... Сабабини сўрасам, «Кўз олдингга келтириб кўргин-а, қувнаб-ўйнаб юрган ёш болалар кутилмаганда парчаланиб, лахта-лахта этга айланса… Қаерга отаётганингни, кимга отаётганингни билмай ўқ узиш, қулоқ эшитмай, карахт ҳолатга тушиш...» дея надомат чеккан. Қўчқор Норқобилнинг ҳам Афғон мавзусидаги асарлари таъсирли чиққан. Яхши фильмлар яратса бўлади, деб ўйлайман. Хуллас, сценарийда инсон тақдири турсин. Қаҳрамоним қисматини ўрганиш асносида ўзига хосликларни қидираман. Масалан, у жим турганида нима қилади? Биографияси, шахсий ҳаётини тузамиз, оилада қанақа эди, қайтиб келгач қайси томонга ўзгарди, ичкиликка ружу қўйиб, таркидунё қилдими... Шу каби саволлар исканжасида персонаж қиёфасини чизаман.

Ролларимда қандай бўлсам, худди шундайман. «Юлдузингни бер, осмон»дан то энг охирги ролларимгача – ўзим. Ҳаммасида Карим Мирҳодиев бўлиб ўйнадим. «Юлдузингни бер, осмон» фильмини томоша қилиб, Бернора Қориева «Мен ҳақиқий эркакни кўрдим!» дея юксак баҳо берган. Буткул эмас-у, менга яқини – шу образ. Албатта, ҳеч ким мени такрорламайди, мен ҳам ҳеч кимга тақлид қилмайман.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг