Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қудратилла Рафиқов раислигидаги федерация ихтиёрига янги жамғарма ва катта мулк берилмоқда

Қудратилла Рафиқов раислигидаги федерация ихтиёрига янги жамғарма ва катта мулк берилмоқда

Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига «General Motors Uzbekistan» АЖнинг «Хонобод» санаторияси бино ва иншоотлари, «Назарбек» санатория профилакторияси бино ва иншоотлари мулк ҳуқуқи асосида, «Омонхона» МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши ҳамда республика бўйича 65 та болалар оромгоҳи берилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида сўз боради.

Ҳужжатга мувофиқ касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилмоқда. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга сарфларанади:

  • касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва санаторийларни таъмирлаш ва қуриш;
  • Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда йил давомида фаолият кўрсатадиган ҳалқаро болалар оромгоҳини барпо этиш;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар республикадаги оромгоҳларда касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш ҳаражатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 2 баравари (бироқ йўлланма нархининг 50%дан ошмаган) миқдорда оромгоҳларга компенсация тўлаш;

 Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

  • Давлат бюджетидан ажратиладиган мақсадли трансфертлар;
  • Жамғарманинг маблағларини банк депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;
  • ҳомийлик хайриялари, халқаро грантлар;
  • тақиқланмаган бошқа манбалар.

 2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • ҳар чоракда маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 % Жамғармага йўналтирилади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари жамоа шартномаларига мувофик, ўз ходимлари томонидан фарзандлари учун сотиб олинган оромгоҳлар йўлланмалари нархининг 50 %гача бўлган (аммо ҳар бир йўлланма учун БҲМнинг 1 бараваридан ошмаган) қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ходимларга компенсация қилиб берилиши мумкин;
  • касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда касаба уюшмалари аъзоси бўлган ходимларни соғломлаштириш ҳаражатларининг бир қисмини қоплаш учун касаба уюшмалари Федерациясига белгиланган тартибда тақсимланадиган ижтимоий солиқ тушумлари ҳисобидан ҳар бир йўлланма нархининг 55% миқдорида санаторийларга компенсация қилинади.

Касаба уюшмалари федерацияси тизимида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилмоқда. Унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча оромгоҳларда болаларнинг хавфсиз дам олишларини таъминлашга оид қоидаларига (жумладан санитария қоидаларига) риоя этилиши бўйича мониторинг ўрнатиш;
  • аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чораси қўллаш ҳақида тақдимномалар киритиш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.11.2022 йилдан кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, Қудратилла Рафиқов 2016 йилнинг декабридан буён Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг раҳбари ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг