Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Касб этикасини этик қилиб кийганлар ёхуд айбсиз айбдор, айбдор айбсизми... 

Касб этикасини этик қилиб кийганлар ёхуд айбсиз айбдор, айбдор айбсизми... 

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахс билан ИИО ходими ўртасидаги оғзаки можаро акс этган видео тарқалди ва турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ қуйидагича маълумот берди: «Жорий йилнинг 18 декабрь куни тахминан соат 14.30 ларда вояга етмаган 2007 йилда туғилган Ю.С. «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Бектемир туманидаги савдо мажмуаларидан бирида қандолат маҳсулотлари ходимлари билан ўзаро жанжал юзага келгани ҳақида хабар берган. Мазкур хабар юзасидан етиб келган туман ИИО ФМБ ППХ ходимлари вояга етмаган Ю.С.га нисбатан қўполлик қилган.

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти фуқароларга нисбатан ходимлар томонидан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларини қоралайди. Видеодаги ҳолат юзасидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан хизмат текширув тайинланди, қисқа муддат ичида хизмат текшируви якунланиб, айбдор ходимларга нисбатан қатъий чора кўрилиши таъминланади».

Ходимлар томонидан нафақат қўпол муомала, агар бефарқлик бўлса-чи? Шикоят қилувчининг аризасига ўз вақтида жавоб берилмаса, жабрланувчининг шикоят аризаси қондирилмаса-чи?

Ижтимоий тармоқларда икки нафар қиз кечаси бир йигитнинг тегажоғлик қилгани, у қизлар ички ишларга ариза ёзишганида «қиз бола нега кўчада бемаҳал юради» деганга ўхшаш беписандларча жавоб айтишгани ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мана шу кейс кўпгина ички ишларнинг бефарқлигидан зада бўлганларнинг «дил яра»сини очган бўлса ажабмас.

200 долларлик 200 машмаша

«Ўтган йилнинг 5 декабрь куни уйимга мебель ясаттириш учун таниш устага қўнғироқ қилдим, деб пост қолдиради ўз саҳифасида ҳамкасбимиз — журналист Гулруҳ Ёрматова. — У ҳозир вақти йўқлигини, агар хоҳласам бошқа мебелчи танишининг рақамини беришини айтди. Хуллас, танишим айтган мебелчи боланинг телефон рақамини олиб, қўнғироқлашдим. У эртаси куни уйимга келиб, мебель ўлчамларини олди ва 15 кун ичида тайёрлаб беришини айтиб, олдиндан 200$ сўради. Шунда сал кўнглимга шубҳа пайдо бўлди-ю, аммо мебелчи боланинг оғзидан Худо хоҳласа, алҳамдилиллоҳ, иншооллоҳ, деган сўзлар тушмагани учун Худони танийдиган бола экан, деган хаёлда айтган пулини бердим. Орадан бир кун ўтгач, менга қўнғироқ қилиб, ўлчамларни хато олганини, яна келиб ўлчам олмоқчилигини айтди. Хўп, дедим.

Ишдан қайтганимдан сўнг кечки пайт бир бола билан уйимга келди. Яна ўлчамларни олди ва кетаётганида қолган пулни ҳам беришимни сўради. Ҳайрон бўлдим. Буюртма битгандан кейин берилади-ю қолган пул, ҳозир беролмайман, дедим. Ёнидаги боланинг авзойи ўзгаргандек бўлди. Назаримда, у ўша боладан қарздору, пулини қайтариш учун мендан пул ундиргани келгандек туюлди. Хуллас, қолган пулни мебель битгач бераман, деганимдан сўнг мебелчи бутунлай йўқолиб кетди. Телефон рақамимни қора рўйхатга киритиб, телеграмидан ёзсам, жавоб ҳам қайтармади. Орадан 2 ой ўтди ҳамки ундан дом-дарак йўқ.

Муштумдек бола мени лақиллатиб кетгани алам қила бошлади. Суриштириб манзилини ҳам топдим. Келесда яшар экан. Уйини топиб боргандим, дарвозани ҳаётдан бир умр норози бўлиб яшаган бир бобой очди. Мебелчини исмини айтиб, шу ерда яшайдими дейишим билан дарвозадан ирғиб чиқиб, мани сал нарига етаклади. Ҳайрон бўлдим. Кейин билсам мебелчи учига чиққан фирибгар экан. Кўпларни чув тушириб, пулини еяверганидан дадаси безор бўлиб ўғлини итдек калтакларкан. Хуллас, чол набираси мендан олган пулни узоғи билан бир ҳафтада қайтаришини, бу ҳақда ўғлига яъни фирибгарнинг дадасига билдирмаслигимни айтиб, жўнатиб юборди. Аммо орадан икки ҳафта ўтса ҳамки на пулдан, на мебелдан дарак бўлмади.

Ахийри Юнусобод туман ИИБ га ариза ёздим. Аризам Рўзимурод деган терговчига тушди. У мендан воқеа тафсилотини ёздириб олгач, сувга тушган тошдек йўқ бўлиб кетди. 15 кундан сўнг қўнғироқ қилсам: «ишингизни кўряпмиз», — деди қўрслик билан. Яна 10 кун ўтди. Телефон қилиб, ишим нима бўляпти деб сўрасам чиябўридек ўкириб, «сизнинг арзимас 200$ долларингиздан ҳам муҳимроқ ишларим тиқилиб ётибди», — деб телефонини ўчириб қўйди.

Қачон вақти бўлса ўзи чақирар, деб бошқа телефон қилмадим. Орадан 2 ой ўтди. Шундай кунларнинг бирида радиода Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан жонли мулоқот ўтказилди. Шунда уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Вазирликка ёзма равишда ариза қилишимни сўрашди. Ёздим ва ўша куниёқ иши кўп Рўзимурод жаноблари манга телефон қилиб, Юнусобод ИИБга боришимни, жавобгар билан юзлаштирув қилмоқчилигини айтди. Авзойидан, думи босилгани сезилиб тургани учун ҳар эҳтимолга қарши овозини ёзиб олишга шайланиб бордим. Кутганимдек бўлди.

Кирсам, терговчининг олдида мебелчи турибди тиржайиб. Иккаласи обдон гаплашиб олганлиги кундек равшан. Киришим билан салом йўқ, алик йўқ, терговчи манга пўписа қила кетди. Вазирликка ёзибсиз, манга деса БМТга ёзмайсизми, қўрқадиган жойим йўқ, журналист бўлсангиз ўзингизга, ёшингиз кичкина бўлса ўзим билардим, бало-баттар, деб валдираб кетди. Жим туриб эшитдим. Вайсашидан касб этикасини этик қилиб кийгани кўриниб турибди.

Обдон вайсагач, «сизга қачон, қайси жойда журналист сифатида мурожаат қилдим ёки бирор марта сизга журналистман, деб писанда қилдимми, аризадаги касби деган жойга иш жойимни кўрсатганман, холос.

Иккинчидан, агар ёшим сиздан кичкина бўлса нима қилардингиз, умуман ёши кичкина мурожаатчиларга ИИБ да қандай муносабатда бўлинади, бу сизнинг йўриқномангизда алоҳида кўрсатилганми», деб савол бердим.

Саволга жавоб бермай шаллақилик қилиб мени қўрқитмоқчи бўлди. Шартта хонасидан чиқиб, бўлим бошлиғининг олдига кирдимда ҳолат ҳақида айтдим. Дарҳол терговчини чақирди. Аммо у кўзини лўқ қилиб айтган гапини тан олмади. Овозини ёзиб олганимни билдирганимдан сўнг гапни айлантиришга тушди.

Бошлиғи менинг кўзимча терговчига хўжакўрсинга дўқ қилди. Билдимки, қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. Бу пайтда соат 22:00 ларга яқинлашиб қолганди. Эртаси куни ИИВга қўнғироқ қилиб, терговчининг қилиғини айтдим, овозини ёзиб олганлигимни ҳам қистириб ўтдим. Хуллас, орадан ярим соат ўтар ўтмас Юнусобод ИИБ дан қўнғироқ қилиб, боришим кераклигини айтишди. Ишдан чиқиб борсам мебелчи билан Рўзимурод терговчи тарвузи қўлтиғидан тушгандек бўзрайиб туришибди. Иш Рўзимуроддан бошқа терговчига ўтибди аллақачон, мебелчи ҳам менга етказилган зарарни қоплашга шай. Бу ёқдан онасининг қорнидан норози бўлиб тушган бобо ҳам тинмай менга қўнғироқ қиляпти. Аввало, терговчига чора кўришларини талаб қилиб туриб олдим. (Бу ҳақда вазирликка ҳам ариза ёзгандим).

Бошлиғи терговчини роса тузлади (бу ҳам ясама дўқдек туюлди менга) ва мендан уни кечиришимни сўради. Мебелчи зарарни қопламоқчилигини айтди. Мен пулимни қайтарса ҳам даъвойимдан ўтмаслигимни, иш судгача чиқиб, фирибгар жазога тортилиши, менга етказилган маънавий зарарни ҳам қоплаши кераклигини айтдим ва шундай ариза ёзиб бердим. Терговчи ҳақидаги аризам очиқ қолди. Пулимни ундирдим, лекин фирибгарнинг иши судгача чиқмади барибир. Ишни қандай ёпишган, бу ёғи менга қоронғу. Шу машмашалардан асабларим азбаройи қақшаб кетгани учун охиригача курашмадим. Энди эса афсусдаман. Фирибгардан ҳам кўра анави манқурт терговчининг ишдан бўшатилишига эришишим керак эди. Шундай қилганимда зўравон, фирибгар, қаллоб бир четда қолиб жабрланувчининг ўзини айбдор қиладиган ИИБлардаги бефаҳм ходимлар биттага камайган бўлармиди....

Бу пост тагига ёзилган шарҳларни ўқисангиз гўёки юртимизда ички ишлар ходимидан азият чекмаган одам қолмагандек туюлади.

«Мени эшитмади», «ишимни ёпиб юборди», «мендан пул сўради»

Дилафруз Мамажонова: Мендан ҳам биров қарздор эди. 4 йил бермади. Прокуратурага ёзсам, ички ишларга чиқарди. У ердан ёшроқ терговчи келишимни сўраб, телефон қилди. Борсам, воқеани ёздирди. Паспорт нусха олди. Кейин коғозларга қўл қўйдирди. Битта делога тикди. Кетаверинг, деди.

Шундан сўнг умуман чақиришмади. Телефон килаверганим учун умуман кўтармай қўйди. Бошқа номердан телефон қилсам  «бандман», деб қўйиб қўйди. Ўшанда дело очганидаёқ ишимни ёпган экан. Ишим шундай якун топди...

Абдинаби Абдиев: Айниқса тергов бўлимидагиларнинг оёғи ердан узилган, йўлини топсангиз айбдорни айбсиз, айбсизни айбдор қилишга устаси фаранг бу тизимдагилар. Буюртма ишларни бажариш учун терговчиларни у ёқдан бу ёққа ротация қилишдан ҳам қайтишмайди. Ротация қилинган ходим буюртмани бажаргач яна бошқа жойга ўтиб кетади. Бунга узим бир неча бор гувоҳ бўлганман. Айнан мисоллар келтираман: 2020 йил ниҳоясида Қарши транспорт милицияси терговчиси Дилноза Аҳророва ўзи ишлайдиган тизимга мутлақо алоқаси бўлмаган ишни, тергов жараёнида ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилиб чиқарган уйдирма айблов хулосаси асосида икки нафар фарзандимнинг қонунда кузда тутилганидан ортиқча камалишига сабабчи бўлди. Бу ҳақда бир неча бор юқори турувчи ташкилотларга мурожаат этсамда ҳақиқат ғалаба қозонишига эришолмадим.

Яна бири ўтган йили Миришкор туманига ёлланиб келтирилган Азамат исмли терговчи туман прокурори ўринбосарининг буюртмаси асосида менга сохта айбловлар қўйиб, судга оширди. Суд жараёнида барча уйдирмалари фош бўлганидан кейин илтимос қилиб ётиб олишди. Мен инсонгарчилик нуқтаи-назаридан уларнинг берган ваъдаларига ишониб, кечирим қилдим.

Хуллас бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Хулоса: Тергов бўлимининг ишини обдон кўриб чиқиб, бу тизимда ишловчиларнинг жавобгарлигини оширадиган қонунлар чиқариш, кадрларини саралаш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Азамат Зиё: Ҳозир постни ўқияпману, мен билан бўлган ишнинг айнан ўзига ўхшаркан деган хаёл ўтяпти! Фарғоналик бир фибиргар устага берган матоҳимнинг пулини ҳазм қилиб, телефониниям ўчирволганди. Устидан ИИБга ёзсам тебса тебранмас терговчига учрадим. Фарғонага қатнайвериб оёғим тўзиди. Бир йил деганда фирибгар билан юзлаштиришди. Соддалик қилиб ярашувга имзо қўйибман. Пулимни ярмини олгандим. Қолганини ярашув бўлган қўлингдан келганини қил деб бермай юрибди! Яна боргани жудаям безилладим!

Гульнара Абдурахманова: Вой бу ноинсофларга ишинг тушмасин, бир ишим тушиб тавба қилганман, қизимнинг ижарада яшаётган уйини тунаб кетишди, тилла тақинчоқлари йўқолди, эшик бузилмаган, калит билан очилган, кимда яна калит борлигини сўрашганда қизим ўзида, эрида ва уй эгасида борлигини айтса, булар уй эгасига, жабрланувчиларнинг гумони сиздан экан, деб ёлғон тўқиб, орага совуқчилик солишди, кейин ҳомиладор қизимни чақириб, эринг олган, сотган ёки ота-онасига бериб юборган, уни жавобгарликка тортамиз, деб қўрқитган, куёвимга эса, хотининг ёки уни қариндошлари олишган, ҳозир ҳаммасини бўлимга олиб бориб, сўроқ қиламиз, деб қўрқитган. Мендан ҳам тушунтириш хати олиб, кейинги куни яна куёвимга дўқ-пўписа қилиб, бизни айбдор қилишди, куёвимнинг дўстлари, қўй шу нарсаларнинг баҳридан ўт, хотининг вақтидан олдин дард тутиб қийналади, деган маслаҳати билан, аризасини қайтариб олди, ҳам жабрланувчи, ҳам айбдор бўлди болаларим, булар ҳар қанақасига айлантириб, қонунни ўзларининг фойдасига (ишламасдан, изламасдан, енгилгина) ҳал қилишади, ҳақиқат йўқ буларда.

Ахмадулло Хожи Баратхожиев: Менда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган. 2016 йил ариза орқали Вилоят ИИБга, Вилоят Прокуратурасига, Республика ИИБ ва прокуратурасига, порталга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотгача ёздим. Қарға қарғани кўзини чўқимайди деганидек (аслида қарға хам булардан яхшироқ) бир-бирининг ишини беркитишиб фирибгарнинг пулини олиб ўзини Россияга кетказиб юборган, аризани эса ташлаб юборган. Бирга ишлайдиган жиноят қидирув бўлимининг ходимлари менга ялиниб ёлвориб ишингизни ҳал қилиб, пулингизни ундириб берамиз деб менга қўл қўйдириб олиб, ишни ёпиб юборишди. Ҳозир ўша ходим ишдан кетиб, туман МИБни бошлиғи бўлиб олган. Мен умуман ишонмайман. Пулларим унмади, мен эса уларни худога солдим. Насиб қилса ҳаётда кўрарман қандай хор бўлишини.

Матлуба Қосимова: Жуда тўғри ёзибсиз. 2018 йили бир фирибгар мени томорқам этагидаги 32 туп тўрт йиллик теракларимни куппа-кундуз куни кесиб кетганда вазирликка шикоят қилсам вилоят ички ишлар бошқармасидан ишида жиноят аломатлари йўқ бўлгани учун жиноят иши қўзғатилмади, деган хат келган. Ундан олдин 62 туп ёш теракларимни отларига едириб юборган орган ходими бўлган қўшнимдан туман ички ишлар бўлимига шикоят қилган эдим, ҳеч қандай чора кўришмаган. 

Фазилат Зарифбаева: Мендаям худди шунақа ҳолат бўлган, фирибгар мебелчи олдиндан пулимни олган, 30 фоиз бермасанг иш бошлолмайман деб, 2 млн 800 сўм бўлади, деб пул олган, шундан кейин бугун, эрта деб 2 ой, кейин 3 ой ҳам ўтиб кетди, телефонни ўчириб ташлаган. Менга ҳам ИИБга ариза ёз деб маслаҳат беришди, бошида роса ўйландим шу пулни олгунча роса сарсон қилишса керак, деб. Кейин таваккалига Олмазор туман ИИБга ариза ёздим. Дарҳол устани топиб беришди, роса хурсанд бўлдим, 10 кун муҳлат беришди устага бўлмаса қамаласан деб. Бу биринчи марта эмас экан, учига чиққан фирибгар терговчиларга ҳам таниш бўлиб қолган экан. 10 кунлардан кейин чақиришди, бордим, мана сиз учун роса ҳаракат қилдик пулни ундиришнинг ўзи бўлмади, яна у-бу гаплар, хуллас ундирилган пулнинг ярмини олиб қолишди, хурсанд бўлишниям, йиғлашниям билмадим.

Одамларнинг ижтимоий тармоқлардаги қолдирган изоҳлари аслида бир неча аризалар, шикоятлар, ҳақиқатлардир. Улар орасида Насимов Баҳодир қолдирган изоҳ эса жуда аччиқ: «Бу бутун бошли бир занжирдек тизим. Уйимни бир йилда 4 маротаба ўғри урди. Ариза, шикоятларни ками қолмади, охири шунга амин бўлдимки, ички ишлар деган тизим коррупцияга ботган. Булар жамият учун жиноятчидан ҳам хавфли. Ўғри моддий бойлигингизни ўғирлайди. Булар инсондаги ишонч, давлатга садоқатни ўғирлайди. Инсонларни маънан эзади. Жамиятда нафратни шакллантиради. Халқни бездиради».

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг