Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кичик оролдаги катта ҳаёт: ёш дастурчи Муроджон Соатмуродов ҳикояси

Кичик оролдаги катта ҳаёт: ёш дастурчи Муроджон Соатмуродов ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг бу галги суҳбатдоши – Шимолий Кипрдаги Final International University талабаси Муроджон Соатмуродов.

Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилоятида туғилган. У билан суҳбатимиз нега дастурлаш соҳасини танлагани, Кипр оролидаги ижтимоий ҳаёт ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

Математик бўлишни орзу қилганман

Сурхондарёнинг чекка бир қишлоғида туғилганман. Очиғи, оиламизда олий маълумотлилар йўқ. Ўйлашимча, бунга ўша вақтда шароит бўлмаган бўлса керак. Шу боисданми оила аъзоларим менинг олий таълим олишимни жуда хоҳлашган ва барча керакли шароитларни яратиб беришди.

6-синфгача маҳалламиздаги ўрта таълим мактабида ва 7-синфдан бошлаб шаҳардаги 4-сонли информатика ва инглиз тилига ихтисослаштирилган мактабда таълим олдим. Мактаб даврларида математикага бўлган қизиқишим юқори эди ва доимий равишда фан олимпиадаларига қатнашиб келганман. Улғайиб эса албатта математик бўлишни орзу қилганман.

Мактабни тамомлаб коллежга ўқишга кирдим. У ерда устозим Иномжон Эгамов билан танишдим ва шундан бошлаб менинг ҳаётим ва мақсадларим тубдан ўзгарди. IT (Full Stack Web Developer) соҳасига қизиқа бошладим. Ўшанда компьютерим йўқ эди, смартфоним эса оддий NOKIA бўлган. Яъни у билан интернетга боғланиб бўлмасди. Ҳозирги кунда эса барчада интернетга уланиш учун смартфон ва компьютерлар бор.

Дарсдан кейин устозим ёрдамида компьютерни ўргана бошладим. Натижда «ақлли қурилма» борасидаги билимларим ошди.

80% грант ютдим

Ўзбекистонда IT соҳасининг ривожланиб бораётгани, шу билан бирга, болаликдан дунё кўриш истаги сабаб чет элда ўқишга қарор қилдим. Аввалига ота-онам қаршилик қилди. Улар Ўзбекистондаги университетларга топширишимни, агар кира олсам, кейин хорижга рухсат бериши ҳақида айтишди. Натижада ТАТУнинг Самарқанд филиалига ўқиш учун ҳужжат топширдим ва тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилиндим. Ота-онам хурсанд бўлишди. Аммо менда ҳали ҳам чет элда ўқиш иштиёқи сўнмаган эди.

Кунларнинг бирида ижтимоий тармоқларда Шимолий Кипрдаги Final International University ҳақида ўқиб қолдим ва бу менга чет элда ўқишим учун қулай имкониятдек туйилди. Шундай қилиб унверситетнинг «Software Engineering» йўналишига керакли ҳужжатларимни топширдим ва 80% грант ютишга муваффақ бўлдим. Университетда таълим олишга барча имкониятлар яратилган.

Орол «sorry»лар мамлакати

Орол 1974 йил икки давлатга Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Жанубий Кипр Республикасига бўлинган. Асосан Шимолий Кипрда турк-мусулмонлар, Жанубий Кипрда эса юнонлар яшашади. Оролда 800 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Оролда 17 мингдан ортиқ инглизлар ҳам яшайди.

Орол сокин ва яшаш учун анчагина қулай. Оролни «sorry»лар мамлакати деб аташ мумкин. Чунки оролда инсонлар жуда кўп узр сўрашади ва бир-бирига бўлган ҳурмат-эътибор юқори. Ҳатто оролда автомобиль йўлаклари тор ва тирбандликлар кўп бўлишига қарамай, машина сигналларини эшитмайсиз. Боиси ҳар бир инсон йўловчини ва, энг аввало, ўзини ҳурмат қилади. Оролда яшаш ва ўқиш бошқа Европа давлатларига қараганда арзонроқ.

Шунингдек, оролдаги аҳолининг кўп қисми мусулмонлар бўлгани учун бу ерда ҳалол таомларни топиш ҳам муаммо эмас. Қолаверса, оролдаги аҳолининг кўп қисми турклар бўлгани учун ҳам Ўзбекистон ҳақида билишади.

Умуман, бу ерда таълим яхши ривожланган инглиз, турк ва рус тилларидаги боғча мактаб ва университетлар бор. Оролда ўртача иш ҳақи 1500 евро атрофида. Малакали инсонлар 2000-2500 евродан кўпроқ маош олиши, талабалар эса ўртача 500 евродан 1500 еврогача топишлари мумкин. Талабалар яшашига қараб ўртача ойига 300-400 евро атрофида харажат қилишади.

«Coding» билан шуғулланаман

Бўш вақтим деярли бўлмайди, чунки, юқорида айтганимдек, ўқиш бирмунча қийинроқ, шунинг учун ҳам ҳар куни дарс ва кутубхонада бўламан. Бўш вақтим бўлиши билан ёқтирган ишим – «Coding» билан шуғулланаман. Шахсий ривожланиш учун бадиий китоблар ҳам ўқийман. Мисол учун, Жордан Б. Петерсон ва Робин Шарма каби чет эл ёзувчиларининг китоблари ёқади. Фикримча, нафақат дастурчи, балки ҳамма соҳа вакиллари ҳам албатта китоб мутолаа қилиб туриши зарур. Бу фикрлаш ва дунёқарашингиз ривожланишига ёрдам беради.

Журнал ёзиш ва форма масалалари билан ўтиб кетарди

Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, чет элда университетга кириш осон, битириш қийин. Ўзбекистонда эса бунинг тескариси, деб ўйлайман. Яъни бизда абитуриент минг машаққат билан олийгоҳга киради. Лекин абитуриентлигидаги билимлари билан ўқишни тугатади.

Яна бир ачинарли ҳолатлардан бири таълим муассасаларида «давомад»нинг биринчи ўринга қўйилишидир. Иккинчи ўринда эса «форма» масаласи. Мактаб ва коллеж даврлари эсимда бор, дарсларнинг ярмидан кўпи давомад текшириш, журнал ёзиш ва форма масалалари билан ўтиб кетар эди. Сўнгги вақтлар тизимни ўзгартиришга ҳаракатлар бўляпти. Лекин бу жараён жуда секин кечмоқда.IT Академия очмоқчиман

Келажакдаги режаларим кўп. Улардан бири сифатида университетни битиргач Скандинавия давлатларидан бирида магистратурани давом эттириш ва мамлакатимизда IT Академия ва «Massachusetts Institute of Technology»нинг Ўзбекистондаги филлиалини биринчи бўлиб очишни айтишим мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб шуни айтмоқчиманки, мана шунақа лойиҳаларни ташкиллаштириб бораётган Xabar.uz жамосига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг