Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Киприкдаги ёшдек омонат сайёра. Германия президенти қонли урушларни тўхтатиш йўлини айтди

Киприкдаги ёшдек омонат сайёра. Германия президенти қонли урушларни тўхтатиш йўлини айтди

Франк Вальтер-Штайнмайер: «Тинчлик шунчаки урушларнинг бартараф этилишини англатмайди...»

Фото: ГФР президенти расмий сайти

Маърифат асри деб аталган XXI юзйилликда ҳам инсоният қирғинбарот урушлар домида қолмоқда. Минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган қонли кураш ва қўпорувчилик ҳаракатлари муқаддас дин номи ила амалга оширилмоқда. Ахир, диний таълимотларнинг барчаси инсонларни тотувликка тарғиб этмайдими? Самовий динларда бир инсонни ўлдириш бутун башариятни қириб ташлаш каби гуноҳи кабира саналмайдими?

Германиянинг Линдау шаҳрида жорий йил 20-23 август кунлари бўлиб ўтган «Динлар тинчлик йўлида» (Religions for Peace) иттифоқининг X умумжаҳон ассамблеясида шу каби инсоният истиқболига дахлдор масалалар муҳокама этилди.

Халқаро машваратни Германия Федератив Республикаси президенти Франк Вальтер-Штайнмайер очиб берди.

Олмон етакчиси муқаддас диний тушунчалар бутун дунёда сиёсий қуролга айланиб бораётганини хатарли ҳол дея баҳолади.

«Диний эътиқод инсоннинг умрига мазмун-моҳият бағишловчи, унга ҳаёт ва ўлим онларида мислсиз ҳаловат ато этувчи кучли, айни чоқда, тилсимли қудратга эга. Таассуфки, эътиқод ҳамда диндан сиёсий мақсадлар ва динга алоқасиз интилишларни хаспўшлаш воситаси сифатида ҳам истифода этиш мумкин», – деди Германия президенти.

Нотиқ ўз маърузасида 1618-1648 йилларда рўй берган ўттиз йиллик урушни ёдга олди. Германиядаги католиклар ва протестантлар ўртасида келиб чиққан қуролли низо бутун Европага ёйилиб, 700 мингга яқин киши ҳалок бўлган эди. Афсуски, динни сиёсий қурол сифатида фойдаланиш бугун ҳам давом этмоқда.

Германия президенти, хусусан, Мьянма, Нигерия, Мали, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатларда виждонсиз кимсалар диндан ёвуз мақсадларга фойдаланаётганини қайд этди. 

Франк Вальтер-Штайнмайерга кўра, тинчлик барча динларнинг тамал тоши, ўзак ғояси саналади ва муқаддас таълимотдан ихтилофу қон тўкишларни оқлаш воситаси сифатида фойдаланиш ғирромликдан ўзга нарса эмас. Дин фақат ва фақат тинчлик воситаси бўлмоғи лозим!

Сиёсатдон ўз чиқишида динлараро муроса бўлмас экан, дунёда тинчлик ўрнатиш хомхаёл бўлиб қолишини урғулади.

Олмон давлати раҳбари тинчлик тушунчаси кенг қамровли эканига ҳам эътибор қаратди.

«Тинчлик шунчаки урушларнинг бартараф этилишини англатмайди. Тинчлик – дунё бойликларини адолатли тақсимлаш демакдир. Тинчлик –  эътиқодга эркин амал қилиш, ўз диний қарашларини тўсқинликсиз изҳор этмоқдир. Тинчлик – жинси, насл-насаби ва ижтимоий мақомидан қатъи назар тенг ҳуқуқларга эга бўлмоқдир», – деди у.

Халқаро машварат муносабати билан Линдау шаҳрида ўрнатилган «Тинчлик ҳалқаси» скульптураси.

Фото: Religions for Peace

Президент Франк Вальтер-Штайнмайер сайёрамиздаги турли зиддият ва низоларни ҳал этишда дин муҳим восита эканини таъкидлаб, сиёсат ва дипломатия аҳли буни яхши англаши лозимлигини уқтирди. 

Қайд этилишича, кейинги йилларда расмий Берлин ўз ташқи сиёсатида ана шу тамойилга содиқ қолмоқда. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги тизимида Дин ва ташқи сиёсат бошқармаси фаолият юритмоқда. Германия дин ва тинчлик мавзусидаги нуфузли халқаро анжуманларга мезбонлик қилмоқда.

Олмон етакчиси ўз маърузасида Ғарбда шуҳрат қозонган санъаткор Жон Ленноннинг «Тасаввур қилинг» (Imagine) номли қўшиғидан парча келтирди. «Аср қўшиғи» деб аталган ушбу таронада «Замонлар ўтиб бутун инсоният оға-инилардек аҳил яшашига ишонаман. Балки сиз мени хаёлпараст деб ўйларсиз. Аммо кун келиб сиз ҳам менга ҳамфикр бўлишингизга умид қиламан» деган мазмундаги некбин ғоялар куйланган.

Германия ташқи ишлар вазирлиги ва Бавария ҳукумати шафелигида Линдау шаҳрида ўтказилган халқаро машваратда 125 га яқин давлатдан 900 дан зиёд вакил қатнашди.

«Динлар тинчлик йўлида» иттифоқининг X умумжаҳон ассамблеясида сайёрамизда барқарорлик ўрнатишда диний жамоаларнинг ўрни муҳокама этилди. Анжуманда ташкилий масала ҳам кўрилди. Сўнгги 27 йил ичида «Динлар тинчлик йўлида» иттифоқи бош котиби лавозимида фаолият юритган доктор Уильям Вендли ўз вазифасини тарк этди. Унинг ўрнига нидерландиялик профессор Азза Карам номзоди тасдиқланди.

Нуфузли иттифоққа эндиликда профессор Азза Карам бошчилик қилади.

Фото: Religions for Peace

«Динлар тинчлик йўлида» турли конфессияларнинг халқаро иттифоқи бўлиб, у юзга яқин миллий ва олти минтақавий диний уюшмани ягона байроқ остида бирлаштирган. Иттифоқ 1973 йилдан БМТ ҳузурида нодавлат ташкилот сифатида рўйхатга олинган. Халқаро бирлашма, шунингдек, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ каби нуфузли ташкилотларда кузатувчи мақомига эга. Ҳар беш йилда халқаро иттифоқнинг умумжаҳон ассамблеяси ўтказилади. Ташкилотнинг халқаро машваратларига 1970 йилдан буён Бельгия, АҚШ, Кения, Австралия, Италия, Иордания, Япония, Австрия, Япония (икки марта) мезбонлик қилган. 

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг