Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Корея билан ҳамкорликда онкология тиббиёт маркази бунёд этилади

Корея билан ҳамкорликда онкология тиббиёт маркази бунёд этилади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчиси, Корё университети профессори Цой Чже Ук билан учрашув ўтказди, дея хабар берди ССВ.

Мулоқот давомида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни самарали даволаш ва уларнинг хасталикдан тезроқ фориғ бўлишлари учун юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Коронавирусга қарши кураш бўйича Корея Республикаси тажрибаси дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур мамлакатда апрель ва июль ойлари давомида коронавируснинг тарқалиши деярли жиловланиб, ўртача касаллик 2 – 70 нафаргача қайд этилганини кўриш мумкин. 50 миллион нуфусга эга бўлган Кореяда пандемия бошлангандан бери касаллик аниқланганлар сони 22 504 нафарга етиб, улардан 19 310 нафари тузалиб, соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Цой Чже Укнинг айтишича, Кореяда бир ҳафтадан сўнг умумтаълим мактаблари очилиши режалаштирилмоқда. Дастлаб мактаб ўқувчиларининг учдан бир қисми уч кун давомида анънавий, қолган икки қисми онлайн тарзда ўқитилади. Уч кундан сўнг биринчи гуруҳга топшириқлар берилиб, уйда онлайн таълимга ўтказилади ва кейинги уч кунликда эса навбатдаги гуруҳ чақирилади ва жараён шу тарзда давом этади. Агар бу тажриба яхши самара берса, барча ўқувчилар учун анънавий таълим йўлга кўйилиши мумкин. Олий таълим муассасалари эса, асосан, онлайн режимда фаолият юрита бошлайди. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятига ҳозирча рухсат берилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган мулоқот давомида Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази бунёд этилиши ҳам маълум қилинди.

Шу йилнинг 20 май куни Президентимиз пойтахтимизда Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт марказига ташриф буюрганида, унинг ёнида катталар учун ҳам замонавий клиника ҳамда олий ўқув юрти ташкил этилиши ҳақида айтган эди. Бугунги учрашувда Корея билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тиббиёт олий ўқув юрти ва онкология маркази ҳам шу ҳудудда жойлашиб, йирик тиббиёт коплекси ташкил этилиши маълум қилинди. Шу орқали тиббиёт тизимининг ҳам илмини, ҳам амалиётини энг илғор стандартлар даражасига кўтариш кўзланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг