Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Коронавирус пандемияси ҳали тугагани йўқ» – ЕИ Ўзбекистонга болалар учун вакцина туҳфа қилди

«Коронавирус пандемияси ҳали тугагани йўқ» – ЕИ Ўзбекистонга болалар учун вакцина туҳфа қилди

СOVAX дастури доирасида Ўзбекистонга илк бор болалар учун COVID-19га қарши 201 600 дона Pfizer вакцинаси келтирилди.

Европа Иттифоқи ва Швеция ҳукумати томонидан беғараз тақдим этилган вакциналар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг 5-11 ёшли болаларни эмлаш ва мамлакатда коранавируснинг янги штаммлари тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«Пандемия ҳали ҳам тугагани йўқ, у глобал характерга эга. Ҳамма хавфсиз бўлмагунча, биз хавфсиз бўлмаймиз. Эмлаш эса хавфсизликни таъминлашнинг энг самарали усулларидан бири бўлиб қолмоқда. Швециядан етказилган мазкур юк инновацион ҳисобланади, чунки Ўзбекистонда илк бор 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун эмланиш имконияти яратилмоқда. Бу – глобал вакциналар бирдамлиги дастури доирасидаги Европа Иттифоқи қўшган ҳиссасидир. Team Europe жаҳон бўйлаб COVID-19га қарши вакциналар билан барчани адолатли ва тенг таъминлашга қаратилган COVAX дастурининг етакчи иштирокчиларидан бири бўлиб қолмоқда», – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Коронавируснинг янги кўринишлари пайдо бўлиши ва унинг болаларда ўзига хос тарзда кечишини инобатга олган ҳолда, мутахассислар болаларни ушбу инфекцияга қарши эмлашни тавсия этмоқдалар. АҚШ, Канада, Хитой, Исроил ҳамда Европа ва Лотин Америкаси давлатларида болаларни коронавирус инфекциясига қарши эмлаш фаол равишда амалга оширилмоқда.

Бугунга қадар Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX (COVID-19 вакцинасидан дунё миқёсида тенг фойдаланишга қаратилган халқаро ташаббус) дастури доирасида жами 21,2 миллион доза (AstraZeneca  – 2,15 миллион, Moderna – 10,68 миллион, Pfizer – 6,62 миллион, Sinovac –   1,77 миллион) вакцина қабул қилди.

Вакцина етказиш дастурида ЕИ мамлакатлари фаол қатнашмоқда. Жумладан, ўтган йил август ойида COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга Франциядан 276 480 доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинган эди.

Германия ҳукумати эса Ўзбекистонга коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида 2 миллион евро кўмак ва юз минглаб вакцина тақдим этган.

Аввал хабар берганимиздек, расмий Берлин дунё давлатларини «вакцина миллатчилиги»дан воз кечиб, бағрикенглик ва саховат йўлини тутишга даъват этмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг