Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Коронавирус таҳдиди». Япониядан махсус фоторепортаж

«Коронавирус таҳдиди». Япониядан махсус фоторепортаж

Фото: Достонбек Азимов

Ҳозирги кунда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда коронавирус энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди. Дастлаб ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланган касаллик, бугунга келиб 88 та давлатда қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус Японияда ҳам авж олмоқда. Шу муносабат билан айни пайтда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб турган ҳамюртимиз Достонбек Азимов билан боғланиб, аслида вазият қандай кечаётганлигини сўрадик.

— Достонбек, коронавирус бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар қай даражада тўғри, аслида вазият қандай кечмоқда?

—  Коронавирус бўйича интернет нашрларида берилаётган хабарлар ва ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кузатиб боряпман. Афсуски, касаллик Японияни ҳам четлаб ўтмади. Аммо, бу ердаги вазиятни турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалаётган шов-шувли хабарлардагидек жуда ёмон деб, айтмаган бўлардим. Чунки Япония ҳукумати касалликка қарши ҳаракатни анча эрта бошлади. Касаллик тарқалишидан аввал бу ерга ташриф буюрганлар қаттиқ назоратга олинди. Авиарейслар сони ҳам сезиларли даражада камайтирилди. Ундан ташқари, аҳолига касалликни олдини олишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Албатта, бу ўз самарасини кўрсатмоқда.

— Сўнгги хабарларга кўра, вирус сабаб Япониядаги бир қанча оммавий тадбирлар қолдирилган ва таълим муассасаларида эрта таътил эълон қилинган. Японлар бундан саросимага тушишмаяптими?

—  Тўғри, бир қанча тадбирлар кейинга сурилди. Касаллик сабаб биз ҳам таълим муассасамиз томонидан эрта таътилга чиқарилдик. Юқорида айтиб ўтганимдек, буларнинг барчаси касалликни олдини олиш юзасидан қилинаётган ишлар.

Саволингизга тўхталадиган бўлсам, японлар саросима ёки тушкинликка тушишгани йўқ. Лекин, юз ниқоб (маска)лари танқислиги сезилмоқда. Коронавирус кириб келмасидан олдин ҳам японлар юз ниқобларидан  турли хил чанг ва касалликлардан ҳимояланиш учун кўп фойдаланишарди. Сирасини айтганда, вазият ваҳимали даражада эмас. Ҳамма ўз иши билан оввора. Кўчаларда ҳам одатдагидек ҳолат.

Фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизга айтган бўлардим. Турли миш-мишларга қулоқ солмасдан, ўз соғлиқларингизга эътиборли бўлганингиз ва профилактик чора-тадбирларга қатъий амал қилганингиз яхшироқ.

Қуйида суҳбатдошимиз томонидан Токиодаги айни жараёнлар туширилган фотолавҳалар билан танишишингиз мумкин.

Нурилло Тўхтасинов


Маълумот учун, Достонбек Азимов билан бир неча ой муқаддам «Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали интервью қилгандик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг