Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кремль мулозими Қорақалпоғистон ҳодисалари бўйича кутилмаган тахминни илгари сурди

Кремль мулозими Қорақалпоғистон ҳодисалари бўйича кутилмаган тахминни илгари сурди

Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев жорий йил июль ойида Қорақалпоғистонда рўй берган ҳодисаларни рангли инқилоб қилишга уриниш деб атади.

Бу ҳақда у Тошкентда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгаши котибларининг 17-учрашувида гапирган.

«Американча демократияни тарғиб-ташвиқ этишнинг асосий воситаси ҳамон ғарбликлар томонидан мамлакатларимизда мунтазам равишда рангли инқилоб қилишга уриниш бўлиб қолмоқда. Биз 2020 йили Беларусда, 2022 йил январь ойида Қозоғистонда ва жорий йил июль ойида Ўзбекистонда – Қорақалпоғистонда рўй берган ҳодисаларни айнан шундай деб баҳолаймиз», – деган Кремль мулозими.  

Таъкидланишича, ҳозирги вазиятда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаши ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Н.Патрушев анжуман доирасида Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан учрашган. Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига кўра, Н.Патрушев ушбу учрашувда ҳам Ғарб, хусусан, АҚШ Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида беқарорлик ўчоқларини яратишга уринаётганидан хавотир изҳор қилган.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, Телеграмдаги «Серия пенальти» канали муаллифи Юрий Саруханян Москва томонидан илгари сурилган рангли инқилобга уриниш борасидаги айбловни шубҳа остига олган.

«Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда, АҚШнинг МДҲ маконида беқарорлик ўчоқларини яратишга уриниши» деган жумлани қандай изоҳлаш мумкин? Постсовет ҳудудидаги беқарорлик ўчоқларини ёдга олиб ўтамиз. Днестрбўйи (Молдова) – Кремль юзага келтирган. Қорабоғ (Озарбайжон) – Кремль қўли билан яратилмаган, лекин Кремль фаол равишда «музлатиб», «эритиб» туради. Абхазия ва Жанубий Осетия (Грузия) – Кремль вужудга келтирган. ЛДНР (Украина) – Кремль сиёсати маҳсули. Ниҳоят, Украинада давом этаётган кенг кўламли уруш Путин ва шерикларининг асоссиз жиноий қарори оқибатидир. Қолаверса, постсовет мамлакатларда Россия ҳукумати томонидан мунтазам равишда бериладиган ушбу мамлакатларнинг легитимлиги ва давлатчилиги савол остига олинган баёнотлар сабаб ҳам таранглик юзага келиши сир эмас», – деб ёзади эксперт Ю.Саруханян.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг