Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Куйишда тез ёрдам берадиган 10 та халқона восита

Куйишда тез ёрдам берадиган 10 та халқона восита

Фото: Siddiquedawakhana.com

Енгил куйганда совуқ сув оғриқни сал бўлса-да камайтириши ҳаммага маълум. Қуйида куйганда биринчи ёрдам кўрсатиш ҳақида гаплашамиз.

«Die Gesunde Wahrheit»нинг ёзишича, ушбу вазифани уддалашда совуқ сувдан қолишмайдиган бошқа воситалар ҳам бор.


Совуқ компресс

Куйган жой шу заҳоти оқиб турган совуқ сувга тутилса, шикастланган соҳа диаметри кичрайиши мумкин. Шунингдек, куйган жойга совуқ компресс қўйса ҳам бўлади. Фақат уни аломатлар енгиллашгунча ҳар икки соатда алмаштириб туриш керак. Зинҳор муздан фойдалана кўрманг: у қон айланишига салбий таъсир кўрсатади. Пировард натижада нозик тўқима зарарланиши мумкин.


Хом картошка

Тинчлантириш хусусияти туфайли хом картошка куйган яраларни даволашда ҳам ишлатилади. Майда қирғичдан чиқарилган картошкани шикастланган жойга суртиб, 15 — 20 дақиқага қолдирамиз. Шу тариқа нафақат оғриқ ҳиссини камайтириш, балки пўрсилдоқларни кичрайтиришга ҳам эришиш мумкин.


Алой вера

Алой вера бириктириш ва шифобахшлик хусусиятига эга. Енгил куйишларни даволашда унга етадигани йўқ. Игнали баргни кўндаланг кесиб, ширасини тўғридан тўғри куйган яра устига сиқинг. Мабодо қўл остингизда бу ўсимлик бўлмаса, алой вера таркибли дорихона малҳамларидан фойдаланса ҳам бўлади.


Кокос ёғи ва лимон шарбати

Бундай қоришма кучли оғриқ тўхтагач куйган ярани тузатишга ёрдам беради. Кокос ёғи Е витамини ва ёғ кислоталари манбаи. Улар замбуруғга қарши, антиоксидант ва антибактериал хусусиятларга эга. Лимон шарбати таркибидаги кислоталар чандиқларни табиий йўл билан очартиради. Кокос ёғига лимон шарбатини яхшилаб аралаштирамиз. Терининг тикланиш жараёнини тезлаштириш учун шикастланган жойга суртамиз.


Асал

Антибактериал ва яллиғланишга қарши курашиш хусусиятига кўра асал яраларни ажойиб тарзда дезинфекциялайди ва куйган жойни тинчлантиради. Шунингдек, гипертрофик чандиқлар пайдо бўлиш эҳтимолини камайтиради. Асални қуруқ докага суртиб, куйган яра устига қўямиз. Боғич кунига уч-тўрт марта алмаштирилади.


Қора чой

Қора чойдаги ошловчи модда куйган жойни совитади ва шу тариқа оғриқни енгиллаштиради. Пакетчали чой хона ҳароратидаги сувга бир неча дақиқага солиниб, кейин хаста жойга қўйилади. Нохуш ҳис тезда ўтиб кетади.


Сирка

Сирканинг антисептик ва бириктириш хусусияти енгил куйган яраларни даволашда ҳамда инфекциялар профилактикасида асқатади. Тенг миқдорда сирка билан сувни аралаштирамиз. Эритмадан куйган жойни ювиш учун фойдаланамиз. Сўнгра шикастланган соҳани сув ва сирка аралашмасига намланган дока билан ёпиб қўямиз.


Лаванда эфир мойи

Лаванда мойи ажойиб антисептик ва анальгетик ҳисобланади. Устига-устак, у чандиқ пайдо бўлиш хавфини камайтиради. Икки стакан сувга 5 томчи лаванда мойи томизамиз. Тўқима салфеткани унга намлаб, компресс сифатида фойдаланамиз. Бошқа йўли: бир неча томчи лаванда мойини 2 чой қошиқ асал билан аралаштириб, кунига бир неча марта жароҳатланган терига суртамиз.


Баргизуб барги

Ҳозирги кунда баргизуб – енгил куйишларни даволовчи халқона восита. Баргизуб барги антимикроб ва яллиғланишга қарши моддаларга бой. Баргни майдалаб, бўтқа ҳолига келтирамиз. Куйган ярага суртиб, устидан ип газлама ёпамиз. Барг қуригач, компрессни янгисига алмаштирамиз.


Пиёз суви

Пиёз суви таркибида олтингугуртли бирикма ва кверцетин флавоноиди бор. Улар тери ҳужайрасининг тикланишига жавоб беради, оғриқсизлантиради ва пўрсилдоқлар пайдо бўлишининг олдини олади. Пиёзни кесиб, шикастланган жойга суви сиқилади. Унутманг, пиёз суви янги сиқилган бўлиши шарт. Чунки сақланганда шифобахшлик хусусияти тез йўқолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг