Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лазизжон Мухторов: «Германияда ўқувчини фандан бездирмайдиган метод қўлланилади»

Лазизжон Мухторов: «Германияда ўқувчини фандан бездирмайдиган метод қўлланилади»

Лазизжон Мухторов.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси орқали Европа давлатлари бўйлаб саёҳатни давом эттиради. Лойиҳамизнинг бу галги қаҳрамони Германия пойтахти Берлин шаҳридаги IUBH International University of Applied Sciences университетида таҳсил олаётган ҳамюртимиз Лазизжон Мухторов бўлди.

— Суҳбатимиз аввалида Сиз билан яқиндан танишиб олсак?

— Жиззах шаҳрида зиёлилар оиласида туғилганман. Ота-онам бизнинг таълим ва тарбиямизга алоҳида эътибор қаратишган. Бошланғич синфларни шаҳримиздаги Фурқат Юсупов номли 25-ўрта мактабда, юқори синфларни «Умид» мактаб-интернатида ўқидим. Болалигимдан математика ва инглиз тили фанларига қизиқишим юқори бўлган. Ўша пайтдаёқ математика зукколикка етаклаши, инглиз тили эса дунёга калит бўлишини сезган бўлсам керак. Шу сабабли ҳам ота-онам қўллаб-қувватловида ушбу фанлардан қўшимча ўқув курслари ва фан тўгаракларига қатнашганман. Умуман, болаликдан молия ва ҳисоблаш бўйича матахассис бўлиш мақсадим эди.

Бакалавр босқичини Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментликни ривожлантириш институтининг «Банк иши ва молия» факультетида ўтадим. Талабалик даврида энг керакли ҳисобланган – соҳам бўйича билим ва тажрибага эга бўлдим. Бунинг учун ота-онам ва институтдаги устозларимдан миннатдорман. 

— Нима учун хорижга йўл олдингиз ва Германия бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ қандай таълим имкониятларини беради?

— Бакалаврни тамомлаб, бир муддат Ўзбекистон Миллий банкининг Ташқи иқтисодий алоқалар бўлими, сўнгра Жиззах шаҳридаги «JIZZAKH TEXTILE» LLC корхонаси Бизнес режалаштириш ва мониторинг бўлимида ишладим. Очиғи, мен танлаган мутахассислик ўз устингизда тинимсиз изланиш ва доимий тажриба оширишни тақозо этади. Шунинг учун етакчи хорижий мамлакатларнинг бой тажрибасини ўрганиш ва магистратурада таҳсил олишга эҳтиёж сездим. Айнан Германия соҳам бўйича бой тажрибага эга. Шу боисдан, Берлин шаҳридаги нуфузли IUBH International University of Applied Sciences университетининг «Халқаро молия ва бухгалтерия» факультетини танладим. Бугунги кунда, таҳсил олаётган йўналишим – Халқаро бухгалтерия (IFRS) ва аудит (ISA) стандартларини чуқур ўзлаштирган ва тажрибали кадрларга нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда талаб катта.

Қолаверса, Германия жаҳоннинг йирик иқтисодий марказларидан бири ва хорижий талабаларга қулай шароит ярата олган саноқли давлатлардан. Шунингдек, Германияда таҳсил давомида халқаро молиявий ташкилотларда амалиёт ўташ имконияти ҳам бўлади.

— Йўналишингизнинг дунёдаги аҳамияти, шунингдек Ўзбекистон учун ушбу йўналиш қай даражада муҳим деб ўйлайсиз?

— Халқаро савдонинг жадал ўсиши, турли корхона ва фирмаларнинг халқаро миқёсда ривожланиши, янги коммуникация технологияларнинг жорий этилаётгани, шу билан бирга, халқаро рақобат масаласи молиявий муҳитни максимал даражада уйғунлаштиришга ундамоқда. Ушбу глобал бизнес муҳитига кўра, инвестициялар ва савдони эркинлаштиришда халқаро бухгалтерия ва аудит стандартларига мос ҳисобот қилиш ҳозирги вақтда энг муҳим омиллар сирасидан. Умумжаҳон стандартидаги ҳисобот тизими ва миллий бухгалтерия ҳисоби стандартларини уйғунлаштириш юртимизга инвесторларни жалб қилишда асосий фактордан бири, деб биламан.

Лазизжон Мухторов. Фото: «Xabar.uz»

— Кузатишларингиз натижасида германияликларнинг қандай ўзига хос характерларига гувоҳ бўлдингиз?

— Германия халқининг ҳаётга бўлган қизиқиши юқори.  Эртанги кун учун қайғуришади ва ҳар бир кунидан унумли фойдаланишга интилишади. Айнан шу хислатларини ўзимизникиларга ўхшатаман. Аммо германияликлар вақтни ҳаддан ортиқ қадрлашганликлари боис яқинлари билан кам мулоқотда бўлишади. Бу бизнинг халқимизга ўхшамайдиган жиҳатларидан. Улар ҳафта давомида имкон қадар режалаштирилган ишларини тугатишга ҳаракат қилади. Эътиборлиси, германияликлар айтилган вақтда белгиланган жойга кечикмасдан келишга одатланишган.

— Сизнингча, Германиядаги қандай янгиликларни мамлакатимизда жорий қилиш мумкин?

— Германия дунёнинг ҳар томонлама ривожланган мамлакати. Бу ердаги жуда кўп тажрибаларни Ўзбекистонда жорий қилиш яхши самара беради.  Мисол учун, Германия мактабларида асосан ҳафталик ўқув дастур бўйича ишланади. Бу, ўз навбатида, ўқувчининг ҳар бир мавзуни айнан бир кунда ўзлаштириш туфайли қийналиб қолиш ёки фандан безиб қолиш ҳолатларини келтириб чиқармайди.  Бу метод Ўзбекистонда ҳам кенг жорий қилинса, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсатгичига ижобий таъсир кўрсатади.

— Келгусидаги мақсадларингиз қандай?

— Ҳар бир инсон каби ўз олдимга қўйган мақсад ва режаларим кўп. Уларнинг энг асосийларидан бири – орттирган билим ва тажрибаларимни Ўзбекистон ривожига сарфлаш. Умид қиламанки, келажакда Ватанимга фойдам тегадиган ва ёшларга ўрнак бўладиган мутахассис бўламан.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг