Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказлардан 10 сотихдан ер, божсиз шикоятлар, ҳукуматдан «озодлик» — Савдо-саноат палатасига жуда катта имкониятлар берилмоқда

Марказлардан 10 сотихдан ер, божсиз шикоятлар, ҳукуматдан «озодлик» — Савдо-саноат палатасига жуда катта имкониятлар берилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Ҳудудларда Савдо-саноат палатаси бўлинмаларини жойлаштириш учун 10 сотихдан ер ажратилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган «Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасида айтилган.

Лойиҳага кўра, Палатага тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, Палата тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ҳимоясида судларига тақдим этадиган ариза, даъволар ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи тўловларидан озод этилади.

Микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари 2023 йилнинг 1 январидан Палатага аъзолик бадали тўлашдан озод этилади.

Яна бир муҳим жиҳати, Палата нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланганлиги сабабли Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилмоқда. Давлат ва бошқарув органларининг Палата тизими кадрларини танлаш ва тайинлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортишга аралашиш, Палата ваколатига кирмайдиган топшириқлар ва кўрсатмалар бериш, қонунчиликда назарда тутилмаган ҳисоботларни талаб этиш, ҳомийликка жалб этишга қатъиян йўл қўйилмайди.

Халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда Палатага миллий ҳамкор мақоми берилмоқда. Шунингдек, Палатанинг хорижда ваколатхоналарини очиш режалаштирилмоқда.

Корея халқаро ривожлантириш агентлигининг (KOICA) 5 миллион 500 минг доллар грант ҳисобига Палата қошида намунавий «Стартапларни қўллаб-қувватлаш маркази» бизнес-инкубатори ташкил этилади.

Ҳокимликларга давлат-хусусий шериклик асосида Палата туман, шаҳар бўлинмаларини жойлаштириш учун бино-иншоотлар қуриш мақсадида марказдан 10 сотих ер ажратиб бериш айтилган.

Президент Шавкат Мирзиёев август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Савдо-саноат палатаси ва унинг худудий бўлинмаларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгаришини айтиб ўтган эди.

Фармон лойиҳаси муҳокамаси 4 ноябрь кунига қадар давом этади.

Мавзу доирасида: «Ёшлар ижод саройи» Савдо-саноат палатасига берилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг