Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мексиканинг энергетика ислоҳотларидан қандай сабоқ олиш мумкин?

Мексиканинг энергетика ислоҳотларидан қандай сабоқ олиш мумкин?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) тадқиқотчилари электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг Мексика тажрибасини ўрганишди.

Мексиканинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари

Ўрганилаётган йилларда Мексиканинг макроиқтисодий кўрсаткичлари нисбатан ижобий кўринишга эга бўлса ҳам мамлакатдаги аҳолининг даромадлар тенгсизлиги ва камбағаллик даражасининг юқорилиги асосий оғриқли нуқаталардан бири бўлган. Чунки ўша даврларда Мексиканинг пул-кредит ва бюджет-солиқ сиёсати аниқ белгиланган фискал қоидалар ҳамда инфляцияни жиловлаш (таргетлаш) мақсадларига қаратилганлиги билан тавсифланади.

*Манба: Халқаро энергетика агентлиги; Жаҳон банки ва ХВЖ маълумотлари

Аҳолининг даромадлар тенгсизлигини ифодаловчи асосий кўрсаткичлардан бири ҳисобланган Жини коэффициенти 2000 йилда 0,48 ни ташкил этган. Шу даврда Мексика умумий аҳолисининг 46 фоизга яқини камбағаллик даражасида, шундан 10 фоизга яқини эса қашшоқлик даражасида ҳаёт кечирар эди.

Электр энергетикаси соҳасидаги давлат ташкилотларининг ҳукмронлиги

Электр энергетикаси соҳаси давлатга тегишли Comision Federal de Electricidad — CFA (Электр энергетикаси бўйича федерал комиссия) ташкилоти томонидан бошқарилар эди. Мазкур ташкилот жами ишлаб чиқариладиган элект энергиясининг тўртдан уч қисмини ишлаб чиқариш билан бирга, етказиб бериш ва тақсимлаш бўйича ҳам назоратни тўлиқ ўз қўлига олган эди. 1992 йилда амалга оширилган ислоҳотлар сабабли соҳага хусусий сектор вакиллари кириб келишни бошлади, бироқ хусусийлаштириш ислоҳотларидаги муваффақиясизликлар сабабли, хусусий секторнинг улуши бор-йўғи тўртдан бир қисмга етди. 

Электр энергияси учун ўрнатилган тарифларнинг иқтисодий жиҳатдан самарасизлиги

Электр энегетикаси учун тарифлар харажатларни қоплаш даражасидан паст белгиланган эди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ўша даврларда Мексикада электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланган харажат, унга нисбатан истеъмолчилар тўловининг пастлиги сабабли, қопланмас эди. Масалан, аҳоли учун тарифлар харажатлардан 40 фоизгача, қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчилари учун 30 фоизгача паст белгиланган эди. Бошқа соҳаларда берилган субсидиялар нисбатан камроқ бўлса-да, электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатларини қоплашга етмас эди.

Субсидияларнинг турлари ва асосий хусусиятлари

Мексикада Молия вазирлиги тарифларни белгиловчи асосий ваколатли орган бўлиб, тарифлар ҳар ойда бўладиган ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб беришнинг бозор харажатлари бўйича эмас, балки ишлаб чиқариш учун сарфланадиган хом ашё нархига мослаб белгиланар эди. Умумий тариф тизими ҳам анча мураккаб шаклда тузилган бўлиб, бунда уй хўжаликлари учун юзлаб турли тўлов тарифлари амал қилар эди. Асосий тарифлар блок тарифлари сирасига кирганлиги учун кам истеъмол қилувчиларга кўпроқ субсидиялар берилишига сабаб бўлар эди. Шунингдек, «ёзги субсидиялар» деб номланган алоҳида имтиёзли тариф тизими бўлиб, улар иссиқ ҳудудларда яшайдиган аҳолига, совитиш ускуналаридан фойдаланганлиги учун сарфлаган электр энергияси учун бериларди.

Субсидиялар фискал юки (бюджет харажатлари)нинг ошишига олиб келди

2011 йилда электр энергияси учун берилган субсидиялар мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг 0,5 фоизини ташкил қилди ҳамда ушбу кўрсаткич кейинги ўн йилликда ҳам ўзгармади. Шу билан бирга, давлатнинг субсидия сиёсати очиқ ва шаффоф юритилмас эди. Ўша вақтларда Мексикада «Aprovechamiento» деб номланган тизим амал қилар, унга кўра, электр энергияси устидан назорат қилувчи ташкилот (CFA) давлатга асосий воситалардан олинган даромад шаклида 9 фоизлик тўловни амалга ошириши лозим эди. Бироқ субсидия сиёсати сабабли давлат ушбу тўловни қайтадан CFAга ўтказиб берарди.

Электр энергетикаси тизимидаги иқтисодий самарсизлик оқибатида 2002 йилдан бошлаб давлат субсидиялар ўрнини қоплаш бўйича жиддий молиявий қийинчиликларга дуч кела бошлади.

Ўтказилган ислоҳотлар ва олинган тажрибалар

Мексикада электр энергетикаси соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир неча босқичли ислоҳотлар кўзланган натижа бермай, муваффақиятсизликка учраган. 

Дастлабки кенг қамровли ислоҳотлар 1999 йилда бошланиб, асосий эътибор электр энергияси бозорини хусусийлаштиришга қаратилди. Президент Седильо бошчилигида соҳани ҳар томонлама ислоҳ қилишга қаратилган ислоҳотлар дастури эълон қилинди. Ушбу дастурда электр энергияси ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва етказиб бериш соҳаларини алоҳида йўналишларга ажратиш, жадал хусусийлаштириш, янги улгуржи энергия бозорини тузиш ва бозорни тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш мақсад қилинди.

Бироқ, бир қанча сабабларга кўра, мазкур ислоҳотларнинг натижадорлиги кутилганидек бўлмади ва соҳада жиддий ўзгаришлар амалга ошмади. Бунга қуйидагиларни асосий сабаблар сифатида келтириш мумкин:

1. Ҳуқуқий тўсиқлар ва камчиликлар:

  • Амалдаги қонунчилик хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун етарли эмаслиги;
  • Қонунчилик ҳужжатларида, жумладан, конституция даражасида энергетика соҳасида хусусий сектор иштирокини кафолатлаш механизмининг йўқлиги.

2. Соҳадаги манфаатдор гуруҳлар томонидан бўлган қаршиликлар:

  • Электр энергияси истеъмолчиларининг турли кўринишдаги норозиликлари;
  • Соҳадаги давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг касаба уюшмалари орқали хусусийлаширишга нисбатан қаршилик кўрсатишга уринишлари.

3. Жамоатчилик иштирокининг сустлиги:

  • Электр энергетикасида юзага келган муаммолар ҳақида жамоатчилик орасида етарли билим ва тушунчаларнинг чекланганлиги;
  • Хусусийлаштиришга нисбатан истеъмолчилар орасида салбий фикрларнинг сақланиб қолганлиги.

4. Сиёсий сабаблар:

  • Давлат ташкилотлари томонидан сиёсий уюшқоқликнинг таъминланмаганлиги;
  • Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш ва охирига етказишда етарли сиёсий ирода кўрсатилмагани (бунга 2000 йилдаги сайлов асосий сабаб сифатида кўрилади. Седильо 2000 йил ноябрида Мексика президентлигидан кетган — таҳр.).

Кейинги ислоҳотлар ва олинган натижалар

2002 йилда субсидияларни қисқартириш бўйича янги тариф ислоҳотлари ўтказилди. Электр энергиясини кўп истеъмол қиладиган истеъмолчилар учун узоқ муддатда маржинал харажатларни (қўшимча истеъмол учун харажат) қоплашга қаратилган янги тариф тизими ишлаб чиқилди. Бироқ, мазкур тарифнинг жорий қилиниши мақсад қилинганидек субсидияларнинг умумий ҳажми қисқаришига олиб келмади, сабаби, кўп истеъмол қилувчи субъектларнинг «ёзги субсидиялар» ҳисобига қайта таснифланишига олиб келди. Юқорида таъкидланганидек, «ёзги субсидиялар» иссиқ ҳудудларда яшовчилар учун тақдим қилинади ва жами субсидияларга нисбатан катта улушни ташкил қилади.

Ислоҳотлар даврида салбий таъсирларни юмшатиш учун кўрилган чора-тадбирлар

«Ёзги субсидия» ажратиш тизимида мамлакатнинг иссиқ ҳудудларида яшовчи истеъмолчилар, ҳаво ҳароратига мувофиқ, олтита гуруҳга ажратилди: 25ºC, 28ºC, 30ºC, 31ºC, 32ºC ва 33ºC иссиқлик гуруҳларига.

Биринчи гуруҳдан олтинчи гуруҳга қараб субсидия ҳажми ошиб боради. Мазкур тизимнинг салбий жиҳати шундаки, кўплаб истеъмолчилар энг юқори ҳарорат гуруҳига ўтишга интилиб келади ва кўпроқ субсидия олиши ҳисобига давлатга субсидия юкининг ортишига сабаб бўлади.

Мексикада макроиқтисодий ривожланиш ва электр энергетикаси учун субсидиялар, 1998–2011 йиллар

Ижтимоий ҳимояга қаратилган «Oportunidades» дастури

Мазкур даврда Мексикада мақсадли ижтимоий кўмак беришнинг янги самарали дастури (дастурнинг расмий номи «Oportunidades») жорий қилинган бўлиб, дастур анча муваффақият қозонганди. Мазкур дастур ўта қашшоқ оилаларга молиявий ёрдам кўрсатишга қаратилган бўлиб, асосан бу оилалар фарзандларининг таълим олиши ва оила аъзоларининг тиббий хизматлардан фойдаланишини қўллаб-қувватлашни мақсад қилади. 2008 йилда бу дастурдан 5 миллионта оила доимий ижтимоий кўмак олган.

Дастур нафақат таълим ва тиббий хизматлар учун, шунингдек, энергия истеъмоли учун ҳам имтиёзлар тақдим қилади. Мазкур ислоҳот, бошқа электр энергияси ва ёқилғи саноатида қилинган ислоҳотларга нисбатан, анча самарали амалга оширилди. Ушбу дастурга сарфланган маблағлар давлатнинг жами электр ва ёқилғига сарфлайдиган субсидия ҳажмининг фақатгина 20 фоизга тенг миқдорни ташкил қилди.

Йўл қўйилган камчиликлар

  • Электр энергетикаси ислоҳотларида «Oportunidades» дастури ютуқларидан етарлича фойдаланилмаганини йўл қўйилган асосий камчиликлардан бири дейиш мумкин;
  • Субсидияларни ажратишда ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларга устунлик бериш, ижтимоий-иқтисодий шароити яхши қатламларнинг субсидиялардан бирдек фойдаланиши билан боғлиқ нотенглик ҳолатларига эътиборни қаратиш экспертлар томонидан доимий муҳокамадаги мавзу дейиш мумкин;
  • Шунингдек, «ёзги субсидиялар» ажратиш тизимидаги, энг кўп субсидия оладиган гуруҳга ноқонуний йўллар билан қўшилиб олаётган истеъмолчилар юзасидан шаффоф ва адолатли назоратни йўлга қўйиш масаласи долзарб ҳисобланади.

Олинган асосий сабоқлар

  • Мексикада тажрибаси ислоҳотларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги сабабларни таҳлил қилиш ва тушуниш имконини беради:
  • Юқоридан пастга қараб бошқарилувчи давлат ташкилотлари ислоҳотларнинг секин ва самарасиз бўлишига олиб келиши мумкин;
  • Сиёсий жиҳатдан давлат ташкилотлари орасида ҳамфикрликнинг етишмаслиги, энергетика соҳасини бошқаришда давлат ҳукмронлигини таъминловчи қонунларнинг ўзгармаслиги, ўз ўрнида, ислоҳотларни ўтказишни қийинлаштиради;
  • Соҳани хусусийлаштириш ҳақида жамоатчиликка етарли ва тўғри маълумотлар берилмаслиги, ислоҳотларга қаршиликни кучайтиради;
  • Субсидия ажратишда истеъмолчиларни кўп сонли гуруҳларига ажратиш умумий субсидия ҳажмининг камайишига олиб келмайди, балки ошириши мумкин. Бунда истеъмолчилар юқори субсидия гуруҳига ўтишга интилади;
  • Ижобий макроиқтисодий кўрсаткичлар ислоҳотларни муваффақиятли ўтказиш учун етарли ҳисобланмайди;
  • Ислоҳотларнинг фойдаси ва зарурлиги ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган ижтимоий лойиҳалар ҳамда субсидия ажратишда шаффоф тизимни йўлга қўйиш ислоҳотларнинг муаффақиятли ўтишида муҳим ҳисобланади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг