Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мисрда намойишлар: халқ нега президентдан норози?

Мисрда намойишлар: халқ нега президентдан норози?

Фото: «Reuters»

Мисрнинг бир қатор шаҳарларида президент Абдулфаттоҳ ас-Сисийга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар давлат раҳбари суратларини йиртиб, унинг истеъфосини талаб қилган. Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳукумат кучлари ўнлаб намойишчиларни ҳибсга олган. Полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. 

Намойишлар нимадан бошланди?

Аввалроқ муҳожиротдаги тадбиркор Муҳаммад Али интернет орқали мурожаатида президент ас-Сисий ҳамда миллий армия раҳбариятини коррупция ва халқ мулкини талон-торож этишда айблади. 43 ёшли бизнесмен ҳашаматли меҳмонхоналар, президент саройи қурилишида жуда катта миқдорда давлат маблағи ўмарилаётганини иддао қилди.

Мисрлик ишбилармоннинг фош этувчи мурожаати ортидан Қоҳира, Искандария, Сувайш, Ал-Мансур каби шаҳарларда норозилик акциялари бошланиб кетди. Хусусан, мамлакатнинг бош майдони – «Таҳрир»да 2011 йилги «Араб баҳори» воқеаларини ёдга солувчи ҳолат кузатилди: намойишчилар президентни коррупция ва яккаҳукмронликда айблаб, лавозимидан кетишини талаб қилди.

Фото: «AFP»

Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий тадбиркор Муҳаммад Алининг айбловига жавоб қайтарар экан, уни «ёлғончи» деб атади. Айни чоқда, у президент саройи қурилиши давом эттирилишини маълум қилди.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Миср раҳбариятини фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирди. «Президент хавфсизлик хизмати тинч намойишларни бостириш учун бир неча марта куч ишлатди. Ҳукумат бутун дунё Мисрдаги вазиятни кузатиб бораётганини англаши ва ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик учун зарур чораларни кўриши лозим», – деди HRWнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори ўринбосари Майкл Пейж.

Генерал ас-Сисий ҳокимиятга қандай келган эди?

2011 йилдаги оммавий норозилик намойишларидан кейин Мисрни 30 йил идора қилган Ҳусни Муборак истеъфо беришга мажбур бўлди. 2012 йилда бўлиб ўтган сайловда Эркинлик ва адолат партияси етакчиси Муҳаммад Мурсий президентликка сайланди. Аммо унинг раҳбарлиги узоқ чўзилмади, 2013 йил 3 июль куни рўй берган ҳарбий тўнтаришдан кейин қамоққа олинди (ўлим жазосига ҳукм қилинган Муҳаммад Мурсий жорий йил 17 июнь куни маҳкама жараёнида юрак хуружидан вафот этди). Бунга қадар мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган генерал Абдулфаттоҳ ас-Сисий 2014 йил март ойида президентликка сайланди. 2018 йилги сайловдан кейин у яна бир муддатга лавозимда қолди.

Халқаро кузатувчиларга кўра, давлат раҳбарияти катта ваъдалар берганига қарамай, кейинги уч-тўрт йилда оддий халқ ҳаёти хийла мураккаблашган. Сувайш каналини кенгайтириш, янги пойтахт барпо қилиш каби йирик лойиҳалар туфайли давлат ғазнасининг таги кўриниб қолди. Ҳукумат эса Халқаро валюта жамғармасидан катта қарз олишга мажбур бўлди. Бюджет танглигини енгиллаштириш, ташқи қарзларни камайтириш учун аҳолига сув ва табиий газ бўйича белгиланган давлат дотацияси қисқартирилди. Шу билан бирга, қўшимча қиймат солиғи оширилди. Буларнинг бари ўзи шундоқ ҳам мураккаб бўлган иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириб, халқ орасида норозилик кайфиятини кучайтирди.

Фото: «AFP»

Президент ас-Сисий «Мусулмон биродарлари» ташкилотига қарши беаёв курашгани сабаб Форс кўрфазидаги подшоҳликлардан жуда катта молиявий ёрдам олгани маълум. Қўшниларнинг саховатпешалигига жавобан Мисрнинг Қизил денгиздаги икки ороли Саудия Арабистонига тортиқ қилинди. Мамлакат ерларининг бошқа давлатга бериб юборилиши ҳам аҳоли орасида жиддий эътироз уйғотди.

Қолаверса, мамлакатда барқарорлик таъмин этилмагани, террорчилик актлари тез-тез рўй бериб тургани ҳам амалдаги маъмуриятнинг обрўсига соя солмоқда.

Мисрда жорий йил апрелда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Бунга кўра, давлат раҳбарининг ваколат муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилди. Қонунчиликдаги нозик ўзгартиришлар амалдаги давлат раҳбарига 2030 йилга қадар ушбу лавозимда қолиш имконини туҳфа этди. Шу боис ҳам аксар таҳлилчилар ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга зўр бераётган ас-Сисий салафи Ҳусни Муборак изидан кетаётганидан хавотир билдирмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг