Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

MKBANK томонидан туризмни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда

MKBANK томонидан туризмни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда

Туризм соҳаси бугунги кунда қўшимча иш ўринлари яратишнинг асосий омилларидан бирига айланиб бормоқда. Шунингдек, йўл ва меҳмонхона қурилишини жадал ривожлантириш, барча турдаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва мамлакат миллий маданиятини сақлашда ҳам туризмнинг аҳамияти катта.

Нима учун туризм жуда муҳим?

Туризм саноати йўллар, боғлар, касалхоналар, мактаблар ва жамоат жойлари каби инфратузилмани яратишга йўл очади. Туризм, шунингдек, инсонларга ўз маданий анъаналарини намойиш этиш ва муқаддас қадамжоларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.

Қайд этиб ўтиш жоизки, туризм кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. Туризм хизматлари экспорти иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида муҳим рол ўйнайди.

Шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 19 сентябр куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган «Мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги видеоселектор йиғилишида туризм соҳасини ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун, тижорат банклари томонидан бу турдаги имтиёзли кредитлар хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субектларига, айниқса, маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш (молия ва савдо соҳаларидаги тадбиркорлик субектлари бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун 14 фоиз ставкада 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.

Микрокредитбанк акциядорлик-тижорат банки томонидан ҳам «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4752-сонли қарор ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 455 та лойиҳага 145 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, бунинг натижасида 2 880 та ишчи ўрни яратилди. Жорий йил давомида эса қайтган ресурслар ҳисобидан 99 та тадбиркорлик субектларига 75,5 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиб берилиб, натижада қўшимча 647 та ишчи ўрни яратилди.

Бундан ташқари, Давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 217 млрд. сўмлик 85 та лойиҳага 48,8 млрд.сўм кредит ажратилиши ҳисобига 7 та дам олиш маскани, 65 та меҳмонхона, 4 та йўловчи транспорт (автобуслар) хизмати, 4 та туристик ошхона, 5 та спорт ва экотуризм обектлари ишга туширилди. Бунинг натижасида 767 та иш ўрни яратилди.

Улардан бири – Навоий вилояти Учқудуқ туманида очилган «Шодлик Учқудуқ» оилавий корхонасидир. Мазкур лойиҳага меҳмонхона хизматини ташкил этиш учун жорий йил июн ойида 400 млн. сўм кредит ажратилди ҳамда бунинг натижасида 3 та янги ишчи ўрни яратилди.

– Айни дамда мазкур меҳмонхона уйларимизда туристлар гавжум. Ички туризмни ривожлантиришга бироз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз, – дейди лойиҳа ташаббускори Ф.Р.Шарипов.

Ўзбек халқининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини сақлаш, оммалаштириш ва давлатимизнинг туристик салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳар, Учтепа туманида 4 қаватли «ТУРОН МEРОС» МЧЖга қарашли Ҳунармандлар савдо-маиший комплекси бино-иншоотлари қурилиш ишлари учун ҳам 36 ой муддатга, асосий қарз тўловига 18 ой имтиёзли давр билан 7 фоиз устама тўлаш шарти билан 10 млн. доллар кредит ажратилди.

– Ушбу лойиҳамиз ишга туширилиши натижасида 50 дан зиёд ҳунармандлар қулай иш ўрни ва муҳташам савдо-комплексига эга бўлди, – дейди лойиҳа ташаббускори, тадбиркор Т.Т.Равшанов. – Юртимизда туризм ривожи учун амалга оширилаётган ишлар ва бу борада тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан миннатдормиз.

Хулоса ўрнида қайд этиб ўтиш жоизки, туризм – ижтимоий-маданий фаолият тури ва хизматларни ишлаб чиқарадиган саноат сифатида иқтисодиётнинг энг муҳим тармоғи бўлиб, давлат даромадларининг ошишига ҳамда мамлакатнинг янада ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг